Бири талаба, қолганлари ишсиз бўлган саккиз нафар аъзодан иборат жиноий гуруҳ Урганч ва Хива шаҳарлари, Гурлан ва Урганч туманларида тунги пайтда кўчада қолдирилган автомобилларни очиб, машина салонидан пул, қимматбаҳо буюмлар, паспорт ва ҳужжатларни ўғирлаб келишган. Тергов жараёнида 17 нафар фуқарога моддий зарар етказилгани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд давлат айбловчисининг хулосаси, адвокатларнинг фикри, жабрланувчи, судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчиларнинг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлиги, оилавий аҳволи, ёшлиги каби ҳолатларни инобатга олиб, жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига жазо тайинлади. Хусусан, М.С. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Р.Р. ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди, 28-,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ушбу жиноий гуруҳ аъзоларининг энг каттаси 1998 йилда туғилган. Аксарияти 2003, 2002, 2000 йилда туғилган ёшлар. Улар орасида илгари судланганлар ҳам бор.
М. ТЎРАБОЕВА,
ISHONCN.UZ
