«Қувончимга на отам, на онам шерик»

93

ёхуд тирик етимлар нега кўпаймоқда?

Факт. Шу йилнинг ўтган етти ­ойида Хоразм вилоятида ажрим ёқасига келиб қолган 1179 та оиланинг 543 таси яраштирилган.
Мулоҳаза. Рақамлардан кўриниб турибдики, бугун кўп­лаб ­оилалар пароканда бўлиб, фарзанд­ларига тирик етим тамғаси босилмоқда.
Воқеа. Қосим билан Дилфуза оила қурганига 22 йил бўлганида, турмуши бузилди. Икки бўй етган ўғил – навқирон йигитларнинг ­ҳасратидан чанг чиқади.
– Энди менга ҳеч ким қизини бермайди, – дейди йигирма бир ёшли фарзанд.
– Отам «виждонсиз онангникига бор!» деб уйидан қувади, онам «отангга ўхшайсан», деб ҳайдайди, мен қаёққа борай? – дей­ди ўн беш ёшли ўғил.
Ҳозир йигитлар кекса бувиси билан бирга яшаяпти.
– Қариган чоғимда менга шу дард каммиди? – дейди онаизор.
Афсуски, кейинги пайтларда бу каби ҳолатлар кўп учраяпти. Ёшлар тугул, ёши катталар ҳам муроса йўли қолиб, ажримни маъқул кўраётир. Бунинг жабрини эса фарзандлар чекмоқда.
Ўн етти яшар Гулзор ҳам ота-­онасининг ажрашишини «ҳазм» қилолмаётган ёшлардан. У бу йил мактабни тамомлади. Олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, энг юқори балл тўплашга муваффақ бўлди.
– Қувончимга на отам, на онам шерик, – дейди у. – Бувимникида яшаяпман. Янгамнинг минғир-минғирларидан чарчадим. Ошхонага ишга кирдим. Ўзимни ўзим эплай оламан. Сентябрдан ­бошлаб репититорлик қилмоқчиман.
Глобаллашув, интеграциялашув натижасида инсонларнинг дунёқараши ўзгарди. Ҳамма ўзини ҳақ деб билади. Аммо «ўзим бахт­­ли бўлсам бас!» деган тушунча айримларни йўлдан оздирмоқда. Аслида инсон ҳеч қачон ёлғиз бахтли бўлолмайди. Оиласи, яқинлари, дўстлари билангина тўлақонли бахтга эришади.
Фаровон турмуш кечириш ҳамманинг орзусига айланган. Бироқ фаровонликка ўз-ўзидан эришилмайди-да… Пири бадавлат инсонларнинг ҳаёт йўлларини таҳлил қилсангиз, қанчадан-қанча машаққатли довонларни босиб ўтганини кўрасиз.
– Ажримларга баъзан қайнона-қайноталар ҳам сабаб бўлиб қолмоқда, – дея ўз мулоҳазаларини ўртоқлашади Шукуржон Жумамуродова. – Биз ёшлигимизда ундай эдик, бундай эдик қабилидаги тана-ю дашномлар ёшларга оғир ботяпти. Аслида ҳам кимдир ҳаётда қийналган бўлса, бошқаларнинг ҳам қийналишини исташ нотўғри. Бугунги ҳаёт кечаги эмас. Жамият ҳам, дунё ҳам ўзгаряпти.
Аслида ёшларни қийинчилик­ларга дош беролмайдиган қилиб қўяётган ўзимиз эмасми? Мен кўрган азобни болам кўрмасин, деб уларни ортиқча аяймиз, касб-ҳунар ўргатиш ўрнига назоратни бўш қўйиб, вақтни исроф қилишга ўргатамиз. Оқибатда на куёвнинг, на келиннинг қўлидан бир иш келмайди. Бундай оила узоққа бормаслиги кундек равшан.
Умуман, оилавий ажримлар, уларнинг оқибатлари ҳақида мулоҳазалар кўп. Мақсад эса битта. Ажримларни камайтириш, норасида фарзандларни етимлик азобидан асраб қолиш.
Тўғри, оила қуриш ва ажрашиш ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи. Аммо ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам бўлишини унутмайлик. Қолаверса, оилаларни фақат панд-насиҳат билан мустаҳкамлаб бўлмайди. Шу билан бирга, бандлик, таълим, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ қатор ижтимоий-иқтисодий масалалар тўлиқ ечим топмасдан, оила муқаддас қад­рият экани ҳақида жар солганимиз бефойда. Акс ҳолда, оила бахт мас­кани эмас, икки инсон иложсизликдан бир-бирига чидаб яшайдиган қафасга айланиб қолиши мумкин.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»