Марказнинг тантанали очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Мазкур марказни бунёд этиш ғояси 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ва буни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижлик мутахассислар жалб этилган ҳолда лойиҳа ишлаб чиқилди. Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда барпо этилган мажмуа лойиҳаси бир неча бор муҳокама этилиб, такомиллаштирилди.
Қурилиш ишларига киришилганидан кейин ҳам давлатимиз раҳбари ҳар гал Самарқандга ташриф буюрганда мазкур объектда бўлиб, жараённи кузатди. Бино ва иншоотларни бунёд этишда миллий меъморчилик анъаналаримиздан самарали фойдаланиш, бу ерга келадиган меҳмонлар, сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш бўйича ўз тавсияларини берди.
Мажмуадаги қурилиш ишлари йилнинг тўрт фаслида, тун-у кун, ҳатто, пандемия даврида ҳам давом этди. Натижада том маънода халқимизнинг бунёдкорлик ишлари тимсоли сифатида кўп тармоқли туристик марказ яратилди.
8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотларни ўз ичига олган, йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга мажмуа нафақат Самарқанд, балки бутун Марказий Осиёдаги қиёси йўқ сайёҳлик марказига айланди. Бу ерда маданий, гастрономик, тиббий, ишбилармонлик туризми объектлари бирлаштирилди.
Комплекс бир нечта бўлимдан ташкил топган бўлиб, Эшкак эшиш каналининг шимолида конгресс маркази ва ландшафтлар билан безатилган тўртта ҳашаматли меҳмонхонани ўз ичига олган бизнес кластер жойлашган. Жанубий кластерга ҳар бирининг ўзига хос даволаш-санаторий йўналишига эга бўлган тўртта бутик меҳмонхона, шунингдек, экоқишлоқ, «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуаси, савдо майдончалари киради.
Эшкак эшиш каналининг шимолий ва жанубий қисмида тўрттадан меҳмонхона қурилди. Мазкур комплексдаги меҳмонхоналар жами 1200 хонадан иборат. Мажмуадаги 22 қаватли иккита меҳмонхона беш юлдузли, қолган 6 та меҳмонхона эса тўрт юлдузли ҳисобланади.
Конгресс марказининг чап томонида 22 қаватли беш юлдузли «Samarkand Regency Amir Temur» меҳмонхонаси 233 хонадан иборат бўлиб, жумладан, мазкур меҳмонхонада президент номерлари ташкил этилди. Бу жаҳоннинг етакчи меҳмонхоналари ассоциациясига киритилган Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона меҳмонхона бўлади. Бошқа юқори даражадаги меҳмонхоналар – 241 хонали 22 қаватли «Silk Road by Minyoun» ва Темурийлар даврининг буюк астрономи ва математиги номи билан аталган «Lia by Minyoun Stars of Ulugbek» меҳмонхонаси 170 хонадан иборат. Иккала бино ҳам Осиёдаги етакчи меҳмонхона бренди остидаги «Minyoun Hospitality» компанияси томонидан бошқарилади.
Мазкур мажмуада бунёд этилаётган барча меҳмонхоналар конференция заллари, мажлислар заллари, ресторанлар, барлар, фитнес заллари ва бассейнлар билан жиҳозланади.
Мажмуа ҳудудида бунёд этилаётган «Конгресс маркази» лойиҳаси ҳам алоҳида аҳамиятлидир. Конгресс марказ бир пайтнинг ўзида 3 500 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, унинг асосий банкет зали «Grand Ballroom» 3 300 м.кв. майдонни эгаллайди, шундан, «Боқий шаҳар» ҳудудида Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди амалий санъат усталари ва рассомлари ижоди, ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилади. Ҳунармандлар учун барча шарт-шароитга эга 40 га яқин хона зарурий ҳунармандчилик ускуналари билан жиҳозланган. Бундан ташқари, санъатшунослар галереялари, рассомлар ва фотосуратчилар учун алоҳида жойлар ажратилган.
Мажмуа ҳудудида тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга 3 та кулолчилик цехи, 2 та темирчилик устахонаси, 1 та Самарқанд қоғози тайёрлаш устахонаси, 3 та дастгоҳлар билан жиҳозланган гилам тўқиш цехи, 3 та тўқув дастгоҳлари билан жиҳозланган ипакчилик цехи, 3 та заргарлик устахонаси фаолият кўрсатади. Ёғоч ўймакорлиги устахоналари ва бошқалар ўз ишини бошлайди. Шунингдек, ширинликлар, зираворлар, мевалар, сувенирлар, кўча мусиқачилари, чиқишлар ва бошқа кўп нарсаларнинг шарқона бозори бўлади. Миллий таомлар тайёрлайдиган иккита йирик ресторан фаолияти йўлга қўйилади.
– Уч йил олдин бу жойлар Самарқанд эшкак эшиш канали ва спорт мактаби биноларини ҳисобга олмаганда, очиқ майдон эди, – дейди жомбойлик меҳнат фахрийси Гулнора Аҳмедова. – Янги Ўзбекистон бунёдкори, ҳурматли Президентимиз ташаббуси ва ғояси билан бу ерда Самарқанд халқаро сайёҳлик марказини қуришга киришилганда кўпчилик бу лойиҳа қисқа фурсатда амалга оширилишига унчалик ишонмаганди. Ўзимиз ҳам Чўпонота тепаликларидан Самарқанд шаҳрига бориб келишда узоқдан бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўриб «икки-уч йилда бу ерда марказ битармикан, обод бўлармикан», деб ўтардик. Қаранг, 200 гектардан ортиқ жой уч-тўрт йил ичида кўркам масканга айланди, очиқ майдонда янги бир шаҳарча пайдо бўлди. Одамлар бу жойни «Самарқанд сити» ҳам деб аташяпти. Ҳақиқатан «сити» деганларича бор – замонавий, кўркам, киши баҳри-дили очилади.
Бу мамлакатимизда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш борасидаги улкан ишларнинг бир қисми. Давлатимиз раҳбари бундай марказлар келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бунёд этилишини таъкидлади. Бу эса кейинги беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказишга хизмат қилади. Энг муҳими, туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар 500 минг нафардан ошади.
Тантанали маросим «Боқий шаҳар достони» мусиқали композицияси билан давом этди. Мирзо Улуғбек расадхонасидан андаза олиб яратилган амфитеатр саҳнасининг ўзига хос декорацияси ва замонавий техник имкониятлари бадиий дастурнинг нафақат куй-қўшиқ ва рақслар, балки, ранг ва тасвир, турли чироқлар ёғдуси орқали тўлақонли ифода этилишига хизмат қилди.
Мазкур мусиқали композиция кичик бир усталар қишлоғида дунёга келган йигитнинг ҳикоясига асосланган. Қизиқарли саёҳатлар ҳақидаги китоблардан илҳомланган йигит узоқ сафарга отланиб, йўл давомида билимларини бойитиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга турли синовларни енгиб ўтади. Узоқ йўлни босиб ўтган йигит ажойиб масканга қадам қўяди ва бу ерда қачонлардир тушида қиёфаси пайдо бўлган қизни учратади. У билан турмуш қуради ва яна ўз юртига қайтиб, ижод қадр-қиммати ҳақиқатини англайди. Қум, юлдузлар, шамол ва сувдан орзулар шаҳри, яъни Боқий шаҳарни бунёд этади.
Халқимиз ва дунё санъати уйғунлашган мазкур мусиқий ҳикояни яратишда юртимизнинг таниқли санъаткорлари ва бадиий жамоалари билан бирга хорижлик ижодкорлар ҳам иштирок этди.
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами арафасида Самарқанднинг «Буюк ипак йўли» мажмуасидан таралган наволар ва ёғдулар олис-олисларга етиб, мамлакатимизда катта байрам тантаналари бошланаётганидан садо берди.
Сентябрь ойида мазкур янги мажмуа ШҲТ саммитига мезбонлик қилади. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг бу галги учрашуви ҳам «Буюк ипак йўли» мажмуасида ўтказилади. Келгуси йилда эса Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ўтказилади.
Бу ва бошқа тадбирлар Самарқанд дунёнинг асосий сиёсий мулоқотлар майдонига айланиб бораётганидан далолат беради.
Ғолиб ҲАСАНОВ
(«Ishonch»
учун махсус тайёрланди)
