Спорт журналистикасида ўз сўзи бор

102

80 йиллик умрининг қарийб 60 йилини спорт журналис­тикасига бахш этган Азим Алимов дарёдил инсон.

Унинг болалиги Тошкентнинг «Қўшбозор» маҳалласида ўтган. Спортга, айниқса, футболга бўлган иштиёқнинг кучлилиги боис болалигида таниқли мураббий Маъруф Акбаров ташкил этган футбол машғулотларига қатнайди. Бир неча йилдан сўнг ўша пайтдаги «Сокол» жамоасига қабул қилинади. Жамоа таркибида Валерий Любушин, Игорь Малиновский каби таниқли футболчилар бор эди. Кейинчалик олинган жароҳат сабабли футбол билан хайрлашишга тўғри келади ва 2-полиграфия билим юртида ҳарф терувчи бўлиб ишлайди.
Азим Алимов Тошкент давлат университети филология факультети қошидаги журналистика бўлимида таҳсил олгач, «Сирдарё ҳақиқати» газетасида фаолият бошлайди. Бу орада ҳарбий хизматни ҳам ўтайди.
1968 йилда Ўзбекистон радиосида иш бошлаган Азим аканинг меҳнат фаолиятида янги саҳифа очилди. У дастлаб «Ахборот» бош таҳририятида ишлади, спорт бўлимини ташкил этишда фаол иштирок этди. 1970 йилдан 2012 йилгача Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг спорт бош таҳририятида мухбирликдан бош муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтди. У нафақат футбол, балки спортнинг бошқа турларини ҳам шарҳлашда ҳамкасбларига ўрнак бўлди. Устознинг «Спорт» телерадиоканалининг тетапоя бўлишида муносиб ҳиссаси бор. Бу ерда шарҳловчилик мактабининг янги вакиллари вояга етди. Комил Жумаев, Мурод Ризаев, Сапармат Сафаев, Малика Муродова, Мусурмон Элмуродов сингари иқтидор эгалари ўз меҳнати, устознинг ўгит ва маслаҳатлари туфайли элга танилди.
– Касб сирларини устозим Нўъмон Насимовдан, ­журналист­и­­­­канинг назарий асос­ларини эса Анвар Шомаҳсудовдан ўрганганман ва улардан бир умр миннатдорман, – дейди Азим Алимов. – Қадрдон дўстларим Шоабдулла Муҳаммаджонов, Роман Турпишев, Тўлқин Илҳомов, Талъат Солиев, Азим Пўлатов ва бошқалар билан ёнма-ён ишладик, «Пахтакор»нинг ўйинларини нафақат шарҳладик агар ютса, миллионлаб мухлислар қатори суюндик, ютқазса, куюндик.
– Азим ака Алимов ўрнак олса арзийдиган фидойи устозлардан, – дейди таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев. – У киши билан суҳбатлашган инсон дилдан яйрайди. Самимий, ютуқларимизни кўриб қувонади, баъзи масалаларда холисона фикр билдиради. Меҳнаткаш, вақт билан ҳисоблашмасдан ишлашни ёқтиради. Юртимизнинг турли ҳудудларида сафарда бўлиб, ёшларга хос азм-у шижоат кўрсатганига бир неча бор гувоҳ бўлганман.
Азим ака турмуш ўртоғи Машҳура ая билан фарзандлари – Зиёдулла, Фарида, Зафар ва Диёр ҳамда ўн нафардан ошиқ набира ва эварани тарбиялаб, элга қўшишди. Гарчи у киши ҳозирги кунда пенсияда бўлса-да, маҳалла ташвишлари билан бирга, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг фаол аъзоси, республика футбол фахрийлари кенгашининг эзгу ишларида доим елкадош.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
журналист