Жиноят. Шу йил 20 август куни Сирдарё вилоятида мудҳиш қотиллик содир бўлди. Бош прoкуратуранинг тасдиқлашича, номаълум шахс Ховос туманининг Минор кўчасидаги уйларнинг бирига ўғрилик қилиш мақсадида яширинча кириб, 14 ёшли қизни (юзини кўриб қолгани сабабли) пичоқлаган. Сўнг 78 ёшли аёлга пичоқ билан таҳдид қилиб, ундан пул талаб қилган. Аёлдан «пул йўқ», деган жавобни олгач, ҳодиса жойидан яширинган.
Суриштирув натижасида жиноятни 1997 йили Наманган вилоятида туғилган, муқаддам бир неча бор судланган, хусусан, охирги марта 2018 йилда босқинчилик жинояти билан айбланиб, ҳозир манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган шахс содир этгани аниқланган.
Мулоҳаза. 25 ёшли йигит жиноят содир этгани учун уч марта жазоланган, аммо бундан сабоқ чиқармаган. Майда безориликлари эса охир-оқибат қасддан одам ўлдириш билан якунланди.
Хўш, қилмишига пушаймон бўлиш, тўғри йўлга қайтиш ўрнига оғир жиноятга қўл урган бу шахс қайси мезонлар асосида манзил колонияга ўтказилган?
Муносабат. Ҳолатни ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби қуйидагича изоҳлади:
– Ушбу шахс, ҳақиқатан ҳам, 40-манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган вақтда ишлаб чиқариш объектидан қочиб чиқиб, жиноят содир этган. Бундан аввал ҳам у бир неча марта судланган, – дейди Зойир Йўлдошов. – Тегишли қонун-қоидаларга биноан, маҳкумлар манзил колонияга ўтказилганда бир қанча енгилликларга эга бўлади. Хусусан, истаганча уяли алоқа воситасидан фойдаланиши, хоҳлаган нарсасини (қонун билан тақиқланган, шунингдек, спиртли ичимликлардан ташқари) тановул қилиши мумкин. Улар қўриқланмасдан, фақат назорат тартибида жазо ўташади.
Манзил колонияларга ижтимоий хавфи катта бўлмаган, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган, шунингдек, қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, меҳнатга лаёқатли шахслар маълум қоидаларга биноан ўтказилади.
Масалан, оғир турдаги жиноятни содир этган шахс жазо муддатининг тўртдан бир қисмини, енгил турдаги жиноят содир этган маҳкум эса жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлгач, суднинг тегишли қарори билан манзил колонияга ўтказилади. Бундан кўзланган мақсад уларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришдир.
Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар орасида шундайлари ҳам борки, улар билан мулоқот қилиш, тўғри йўлга қайтариш бирмунча қийин. Фикримча, бундай жиноятчиларни манзил колонияга ўтказиш керак эмас, аммо қонун доирасида бунга мажбурсиз. Ушбу маҳкум ҳам, гарчи тузалиш йўлига буткул ўтмаган бўлса-да, хулоса чиқаргани ва пушаймонлигини билдиргани учун инсонпарварлик далолатномасига биноан манзил колонияга ўтказилган.
Таҳлил. Маълумотларга кўра, манзил колонияда жазо муддатини ўтаётганлар орасида шу йилнинг ҳисобида бу бешинчи жиноят. Демак, маҳбусларни тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи мезонлар талабга жавоб бермаяпти. Балки уларни қайта кўриб чиқиш зарурдир.
Бу масала 2 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишида кўриб чиқилди.
Ушбу қонунга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, маҳкумларни рағбатлантириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғига алмаштириш (манзил колонияларга ўтказиш) чораларини кўриш учун асос бўладиган мезонлар белгиланмоқда.
Йиғилишда маҳкумларга оид қонун лойиҳаси депутатлар ва ИИВ вакиллари ўртасида баҳсга сабаб бўлган. Хусусан, депутатлар маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи мезонларга эътироз билдиришган.
«Маҳкумларни тузалиш йўлига ўтди деб топиш мезонлари шунчалик қийинки, бунга идеал одам бўлиш керак», деган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов.
Таъкидланишича, меҳнатга, таълимга виждонан ёндашиш бўйича киритилган мезонда маҳкумнинг белгиланган иш нормаларини бажариши, унда онгли равишда мустақил меҳнат қилиш кўникмалари шакллангани, ўқишга ва касб эгаллашга бўлган қизиқиши инобатга олинади.
Навбатдаги мезон сифатида эса маҳкумнинг қамоқхонада ташкил этиладиган тарбиявий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилишидаги фаол иштироки, шахсий ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлиши эътиборга олиниши қайд этилган.
Спикер лойиҳа ташаббускорларига «Борди-ю, маҳкумлар мазкур мезонларни бажара олмай қолса-чи?» деган савол билан юзланган.
«Иш нормалари қанча бўлишини қаердан биламиз? Унинг қобилияти пастроқ бўлиши мумкин. Онгли равишда дегани нима? Уни онгли ҳам, онгли эмас ҳам дейиш мумкин. Ким буни баҳолайди? Умуман, маҳкумлар маданий-маърифий тадбирларда иштирок этишни хоҳламаса-чи?» деган Н.Исмоилов.
Ўз навбатида, ИИВ ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов депутатлар норозилик билдираётган мезонлар юзасидан тушунтириш берган. Хусусан, унинг қайд этишича, амалдаги талаб ижроси юзасидан бир йилда ўртача 10-11 минг нафар маҳкум озод қилинади ва янги таклиф этилаётган мезонлар ҳам аввалгисидан деярли фарқ қилмайди.
«Маҳкумлар орасида шундайлари ҳам борки, ўзи соғлом, жинояти оқибатида етказилган зарари бор, лекин ишлашни, зарарни тўлашни хоҳламайди. Тадбирларга жалб қиладиган бўлсак, шахсий вақтим, дам олишим керак, деган важ билан чиқмайди» дея ҳолатни изоҳлаган Жамшид Султонов.
Нурдинжон Исмоилов эса бу изоҳни қабул қилмаган. «Эртага маъмуриятнинг фойдасига ўйнайдиган ҳужжат бўлмаслиги керак, агар маҳкумнинг фойдасига ўйнаса, майли, рози бўламиз», деган у.
Хуллас, депутатлар ўша йиғилишда ИИВ масъулларидан маҳбусларга қўйилаётган талабларни осонлаштиришни сўрашган.
Савол. ИИВ мутасаддиси айтаётганидек, шу вақтгача амалдаги мезонлар бўйича 10-11 минг нафар маҳкум озод этилаётган ёки жазоси енгилроғига алмаштирилаётган экан, нима учун депутатлар аввалроқ эътироз билдиришмаган? Аслида уларга таълим-тарбияни, касб-ҳунарни мажбурлаб ўргатиш керак эмасми? Умуман, юқоридаги мезонлар депутатлар ваҳима қилаётганидек оғир эмас-ку!?.
Инсон ҳуқуқлари… инсон ҳуқуқлари дея маҳкумларни бошимизга кўтармаяпмизми? Алалоқибат, бу ҳотамтойлигимиз жиноятлар сони янада ортиб кетишига хизмат қилмасмикан? Депутатлар маҳбусларга енгиллик талаб қилаётган вақтда масаланинг шу тарафларини ҳам инобатга олишганмикан?
Фикримизча, жиноятчига қулайлик яратилган сайин, у тўғри йўлга қайтмайди. Чунки унда пушаймонлик ҳисси бўлмайди. Бу ҳиссиёт қатъий тартиб-интизом натижасида юзага келади.
Мисол. Яқинда ҳаёти давомида бир неча бор жиноятга қўл урган бир маҳкумнинг интервьюсини кўрдим. «Нима учун қайта-қайта жиноятга қўл урдингиз?» деган саволга «Агар биринчи марта жиноят содир этган вақтимдаёқ оғир жазо тайинланганда эди, мен ҳозир бу ерда бўлмас эдим», деб жавоб берди. Бу маҳкумнинг хулосаси.
Мулоҳаза. Журналистик фаолиятимиз давомида бир неча маротаба вояга етмаганлар колониясида бўлиб, маҳкумларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишганмиз. Улар билан суҳбатлашганмиз.
Ишонинг, у ерда маҳкумларга яратилган шарт-шароит унча-мунча ижтимоий объектларда йўқ. Маҳбуслар тоза, қишда иссиқ, ёзда салқин хоналарда жазо муддатини ўтамоқда. Айниқса, тарбия колонияларида маҳкумларга бутунлай бошқача муносабатда бўлишади. Ҳеч бири оғир юмушга ёки қонун билан тақиқланган ишга мажбурланмайди. Ҳақ-ҳуқуқини ҳеч ким поймол этмайди. Ваҳоланки, гап жамиятда одоб-ахлоқ, юриш-туриш қоидаларини бузган, суднинг тегишли қарори билан жазога тортилган шахслар ҳақида кетмоқда. Улар кимнингдир молига, жонига тажовуз қилиб шу ерга тушган. Ҳеч ким уларни бу йўлга киришга мажбур қилмаган.
Аслида ҳеч ким бировнинг эркинлигига, шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳақли эмас. Ҳамма тенг ҳуқуқли. Бу қонунларда ўз аксини топган. Лекин гап жиноятчилар ҳақида кетар экан, уларга енгиллик туғдиришдан ҳеч қандай наф йўқ. Аксинча, унинг бу иши учун рағбатлантираётгандек бўламиз.
Хулоса. Биз жиноятчиларга енгиллик яратиш ҳақида эмас, уларни тўғри йўлга қайтариш ҳақида кўпроқ қайғуришимиз ва бунинг учун нимаки зарур бўлса, шуни қилиш жоиз. Шундай бир мезон ишлаб чиқилсинки, биринчи бор жиноятга қўл урган шахс дастлабки жазоланишининг ўзидаёқ тўғри хулоса чиқарсин ва бошқа бу йўлга кирмасин. Зотан, жазони ижро этиш муассасаларининг бирламчи мақсади ҳам шу бўлса керак?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
