Истеъдодли адиб Абдусаид Кўчимовни бадиий адабиёт ихлосмандлари яхши танишади. У ижод оламига ўтган асрнинг 70-йилларида кириб келди. Ҳозиргача ўнлаб шеърий ҳамда насрий асарлари билан ўқувчилар қалбидан жой эгаллади ва адабиётимизнинг таниқли вакилларидан бирига айланди.
Яқинда «Академнашр» нашриёти «Ижод ва эътиқод» номли китобни чоп этди. Филология фанлари доктори Қурдош Қаҳрамонов ва адабиётшунос олима Феруза Бурҳонова қаламига мансуб адабий-танқидий жанрдаги ушбу рисолада Абдусаид Кўчимовнинг ижоди ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган.
Китоб «Кўнгил мулкига саёҳат», «Насрнавислик маҳорати» ва «Адибнинг эссенавислик маҳорати» деб аталган боблардан иборат. Уни мутолаа қилсангиз, аввало, Абдусаид Кўчимовнинг қалби, дунёқараши, асарлари ва ўзига хос услуби ҳақида кенг маълумотларга эга бўласиз. Жумладан, Қурдош Қаҳрамоновнинг қуйидаги битигини ўқийсиз:
«Абдусаид ака Кўчимов билан талабалик йилларидан бери танишмиз. Ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида Низомий номидаги педагогика институтида (ҳозирги университет) олдинма-кейин таҳсил олганмиз. Абдусаид ака талабалик йилларидаёқ ўзининг ташкилотчилик қобилиятини намоён эта олган, мунтазам ўтказиладиган турли адабий тадбирларда фаол иштироки, институтнинг ўша кезлардаги нашри ҳисобланмиш «Совет педагоги» (ҳозирги «Педагог») газетасида шеър ва мақолалари билан мунтазам қатнашиши орқали биз – қуйи курсда ўқийдиган талабаларга ҳам танилган эди».
Абдусаид Кўчимов ортда қолган давр мобайнида назмда ҳам, насрда ҳам бирдай қалам тебратди, катталардан ташқари болалар учун ҳам талай китоблар ёзди. Унинг асарларида муштарак жиҳатлар кўп. Масалан, болаларга бағишланган «Ўрталик», «Мишмишвой», «Мен ғийбатчи эмасман», «Ҳийла» каби шеърларида умумадабиётга хос хусусиятлар яққол намоён бўлган, жажжи болажонлар феъл-атворидаги нуқсонлар реал тасвирланган. Айни чоғда, миш-миш, ғийбат, алдов, порахўрлик фақат болалар табиатига эмас, умуман, одамзодга хос иллатлар эканлиги ҳажв орқали фош этилган.
Абдусаид Кўчимов қайси мавзуда қалам тебратмасин, аввало, ватанпарварлик ғояларини илгари суради. Бу, таъбир жоиз бўлса, адиб ижодининг лейтмотивини ташкил этади. Шу жиҳатдан ёндашганда, унинг «Демократия», «Армон», «Ёлланган мухбирга», «Абдулҳамид Чўлпон фарёди», «Ўзбекистон қайда бор?» каби туркум шеърлари муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, шоир демократия ҳақида киноявий оҳангларда бошлаган баҳс-мунозарадан миллийлик либосига бурканган, негизи минг йиллик қадриятларимиз ва урф-одатларимизга бориб тақаладиган ҳақиқий демократияни ноанъанавий тасвирлар орқали ифодалайди.
Ўзи билан баҳслашаётган «меҳмон»ни наҳорги ошга олиб боради. Ошни еб, тўйхонадаги хуштавозе муомаланинг гувоҳи бўлган меҳмон эса ҳайратга тушади:
Ҳавасданми ёхуд ҳасаддан
Қизиқ экан жуда, деб қўйди.
Солиштириб бўлмайди ростдан
Сизлар билан бизларнинг тўйни.
Йиллар ўтиб ака-укани
Учратсаю кўришса дийдор,
Дастурхонда ярим чақани
Бир-бирига ўтказмас зинҳор.
Мана шу ҳолат, яъни узоқ вақтдан кейин халқимизнинг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлган хорижлик «демократчи» ака-укалар бир-бирига ярим чақани ҳам раво кўрмасликлари ҳақидаги контраст тасвир бизнинг асрлар оша шаклланган ҳақиқий миллий демократик тамойилларимиз ҳақида муайян фикр-мулоҳазаларни пайдо қилади.
Китобнинг «Кўнгил мулкига саёҳат» номли бобида адиб шеърларида ўз ифодасини топган дунё, ҳаёт, умрга оид тушунчалар, халқ, миллат, виждон тўғрисидаги туйғулар яхлит композиция асосида таҳлил этилган. Бу шеърлар жозибадорлиги ва теранлиги билан ўқувчини бефарқ қолдирмайди, уни фалсафий мушоҳадаларга чорлайди.
Тўпламнинг «Насрнавислик маҳорати» номли бобида адиб насрий асарларининг фарқли жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган. Чунончи, қисса ва ҳикояларининг ўзига хос жиҳатлари хусусида сўз юритилган. Уларнинг умумий ғояси ёшларни илм олишга, табиатни ва ҳар бир гиёҳни асрашга, ҳаётда ҳалол яшаш ва тўғрисўз бўлишга ундаши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланган. Масалан, «Ўғил» ҳикоясини олайлик. Унда ўтган асрнинг саксонинчи йилларида авж олган «Ўзбек иши», «Пахта иши» сингари қатағон сиёсатининг колхозда бригадир бўлиб ишлаган ота ва унинг фарзанди қисматидаги машъум оқибати характерли эпизодлар орқали ёритиб берилган:
– Кўп пахта сотволганмиди отам?
– Ҳалиги, унчамас.
– Ростини айтинг, ростини.
– Ростими, рости… шу, икки тоннача… Сен кўпам хафа бўлаверма, ўғлим, Аҳмад жўрам ҳадемай мўйловини бураб қайтиб келади.
– Ўша икки тоннани териб берсам, отамни қўйворишадими?
– А… лаббай… Қўйворади, нимага қўйвормасакан, қўймаса, ўзим бориб опкеламан. Сен ғайрат қилиб теравер».
Тўплам муаллифлари ушбу бобда адибнинг яна бир неча қисса ва ҳикояларидаги образларни таҳлил қилиш орқали бошқаларни ҳам инсон тақдири билан боғлиқ зиддиятли жараёнлар ҳақида холис хулосалар чиқаришга ундайди.
Китобнинг сўнгги боби Абдусаид Кўчимовнинг эссенавислик маҳорати тадқиқига бағишланган. Адибнинг ушбу жанрдаги асарлари асосан ижодкор ва олимлар ҳақида бўлиб, уларда замонамизнинг Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Шукрулло, Пирмат Шермуҳаммедов, Маъруф Жалил, Азим Суюн, Барот Бойқобилов, Шамси Одил, Маҳмуд Саъдий, Қозоқбой Йўлдошев сингари атоқли истеъдод соҳиблари сиймоси мукаммал гавдалантирилган. Муаллифлар тўғри эътироф этишганидек, Абдусаид Кўчимов ҳар бир қаҳрамонининг ижодий лабораториясига чуқурроқ кириш, ижод психологиясини теранроқ тушуниш, асарларидаги фалсафий, ижтимоий ва эстетик тамойилларни мукаммал талқин этиш пайида бўлганини кўриш мумкин.
Умуман олганда, мазкур тўплам тилининг соддалиги ҳамда эзгулик, ҳалоллик, тўғрисўзлик ва адолатпарварлик каби сифатлар аниқ мисоллар орқали очиб берилгани билан китобхон эътиборини ўзига жалб этади. Уни ўқиган киши адиб асарлари қаҳрамонларининг қайғу-изтироблари ва шодликларини қалбан ҳис этади. Шу асно «Ижод ва эътиқоднинг чегараси қаерда?» деган саволнинг жавоби юрагида акс-садо бера бошлайди…
Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ,
журналист
