Қош қўяман деб кўз чиқараяпсизларми?

104

Адлия ва Халқ таълими вазирликлари диққатига!

    Шу кунларда мактабда энди иш бошлаган педагоглар, малака ошираётган устозлар, директор ўринбосари лавозимида иш бошлаганларнинг жиғибийрони чиққан. Сабаби, сентябрдан буён мактабда ишлаётганига қарамай, ҳалигача уларни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ йўқ. Улар маош олувчилар рўйхатига ҳам киритилмаган, яқин кунларда сентябрь учун тўланадиган маошни ҳам олмайдилар.

Гап шундаки, 2022 йил 1 августдан бошлаб Адлия вазирлигига қарашли Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактабларига ҳам хизмат кўрсатилмоқда. Таълим муассасаларидан чиқаётган барча буйруқлар «E-huquqshunos» электрон тизими орқали Юридик хизмат кўрсатиш марказига юборилиб, у ердан ижобий хулоса олингандан сўнггина мактаб директори ва туман халқ таълими бўлими раҳбари томонидан имзоланмоқда.

Муаммо ана шу ижобий хулосаларни олишда. Кадрлар бўйича менежер (инспектор)ларга «E-huquqshunos» электрон тизими билан ишлаш бўйича етарли тушунтириш берилмаган. Мисол учун, янги ишга кирган ходимларга буйруқ чиқариш, айниқса, малака ошираётган ходимларнинг иш ҳақини сақлаш ҳақидаги буйруқлар кечикмоқда. Табиийки, бундай ҳолатларда бухгалтерлар ҳам уларга иш ҳақини ҳисоблаб бера олмайдилар.

Маълум бўлишича, туман халқ таълими бўлимларининг ҳар бир шартнома ҳужжатлари ҳам Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ўрганиб чиқилаётган экан. Бунга қаршилигимиз йўқ. Коррупцион, ишга олишдаги таниш-билишчилик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун шундай қилинаётганини қўллаб-қувватлаймиз. Аммо туманда биттагина шундай марказ бўлса, камида 30 та мактаб ва 30 та боғча, яна қанчадир тиббиёт муассасалари ва бошқа давлат ташкилотлари борлигини наҳотки Адлия вазирлиги инобатга олмаган? Битта ташкилотнинг ҳужжатларни ўрганиб чиқишига кўп вақт керак бўлаётгани билан бирга, жараёнлар электрон тизимда амалга оширилмоқда. Баъзида ана шу электрон тизим яъни дастур ҳам ишламай қолаётган экан. Бу ҳам  муаммоли вазиятнинг юзага келишига ҳисса қўшмоқда.

Қизиқ, бирор янгилик жорий этилишидан олдин юзага келадиган иш ҳажми, босими ўрганилиши, шароит шунга тайёрланиши керак эмасми? Адлия вазирлиги ўз тизимидаги марказларни  зарур ходимлар билан таъминлаганида, бу каби муаммолар келиб чиқмасмиди балки?

Маош олмаётган педагоглар масаласи алоҳида мавзу. Норасмий бўлса-да, мактаб маъмурияти билан келишилган ҳолда ишланган соатлар нима бўлади? Ахир уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор-ку?

Зебо НАМОЗОВА,

«ISHONCH»