Аммо… жавобдан кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши
«Ishonch» газетасининг шу йил 8 сентябрдаги сонида журналист Ҳалим Сайиднинг «Президент қарори нега бажарилмаяпти?» сарлавҳали мақоласи чоп этилганди. Унда Президентнинг 2022 йил 27 июнда имзолаган «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бюджет ташкилотларига улардаги «кутубхона фонди» харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилиши белгилаб қўйилгани, аммо бу борада сезиларли ўзгариш кўзга ташланмаётгани ҳақида сўз юритилган эди.
Таҳририят «Сарлавҳадаги саволга қайси ҳоким биринчи бўлиб жавоб бера олади? Шундай ҳоким борми ўзи?» дея якунланган мақола чоп этилган газетани илова қилиб, муносабат билдириш учун Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига жўнатди.
Кечагина биринчи бўлиб Самарқанд вилояти ҳокимлигидан жавоб хати олдик. Вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очилов имзо чеккан жавоб хатида шундай дейилади:
«Ушбу орқали Сизга вилоят Молия бош бошқармасининг умумтаълим мактаблари кутубхона фондини халқ таълимига оид газета-журналлар билан таъминлаш бўйича йўллаган мурожаатингиз хулосаси иловага мувофиқ юборилмоқда».
Шу, холос. Мактубга Самарқанд вилояти Молия бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари О.Оқбўтаев имзоси билан Самарқанд вилояти ҳокимлигига йўллаган «тушунтириш» хати илова қилинган. Ҳеч бўлмаса, ана шу иловадан бирон мантиқ излашга тушамиз.
«…Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 20-бандига мувофиқ бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси, шунингдек, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларининг жамланма харажатлар сметаси ташкилот раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади, тасдиқланган куни кўрсатилган ҳолда уларнинг имзолари ҳамда мазкур сметанинг барча нусхалари ташкилот муҳри изини акс эттириш билан расмийлаштирилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур низомнинг 10-бандига асосан молия бўлимлари томонидан харажатлар сметасини тузиш тартиби ва муддатлари тўғрисида йўл-йўриқлар, бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметаси ҳисоб-китобларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ келиши мажбурийлиги, харажат қилишда смета-штат интизомига ва тежамкорлик режимига риоя қилиш ҳақида кўрсатмалар берилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-294 сонли қарорининг в) бандида бюджет ташкилотларига улардаги «кутубхона фонди» харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилиши кўрсатилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан халқ таълими йўналишидаги босма нашрларга талаб қилинадиган маблағларни аниқ ҳисоб-китоб қилган ҳолда туман (шаҳар) маҳаллий бюджети даврий обуна нашрлари учун шартномалар тузишингиз мақсадга мувофиқлигини маълум қиламиз».
тўғриси, ўзбек молиячиларига ўзбекчадан таржимон излаб қолмасайдик, деган хавотирга тушяпмиз. Ахир мақолани ўқиган ўрта маълумотли одам ҳам гап нимадалиги, қайси муаммога жавоб сўралаётганини англайди-ку! Қолаверса, Президент имзолаган қарорнинг ижросига нисбатан тушунча, муносабат шундай бўлса…
Биз сўнгги пайтларда молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликларидан долзарб саволларимизга тушунарли, асосли жавоблар ололмаётганимиз сабабларини ҳам энди англагандай бўляпмиз.
Вазирлик Президент қарорига ўз розилигини берган чиқар… Ёки йўқми? Умуман соҳада миллат маърифати ва келажаги деган сўзларнинг маъносини англайдиган мутасадди қолганми ўзи? Саволлар кўп. Жавоблар эса…
Дарвоқе, вилоят ҳокимининг ўринбосари ўзи имзолаган хатнинг аҳволига бир қараб қўйганмикан?
Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, ҳурматли масъуллар, ўн минглаб ўқувчига эга бўлган газеталарда чоп этилган мақолага муносабат билдираётганда газетани варақлаб, ўқиб, уқиб олишга ва бунга ақл етсагина жавоб беришга ўрганайлик. Илтимос!
«Ishonch» газетаси
таҳририяти Хатлар бўлими
