Сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда «судьянинг нотўғри қарор ёки ҳукм чиқаргани аниқланса, уни ишдан олиш ёки жазолаш керак» деган постларга дуч келяпман. Албатта, мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Негаки, ҳар бир ҳукм ортида инсон тақдири турибди!
Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор-да: қарор ёки ҳукм нотўғри чиқарилган, дейиш учун қайси мезонларга таянишимиз керак? Жиноят кодекси ёки Маъмурий кодекснинг қайсидир банди, қайсидир қисмига мос келмасами? Судья қонунлардан бироз оғишган ёки инсонпарварлик қилган бўлса-чи?
Яқинда бир танишим «Facebook» саҳифасига бир пост қўйибди. Унинг ёзишича, жияни «пахтани суғоришим керак, ҳозир йиғилишга боролмайман» деб йиғилишга қатнашмагани учун судья «милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаганлик»да, аниқроғи, «майда безорилик»да айблаб, 10 сутка қамоқ жазоси белгилабди. Тўғри-да, қонунда шундай кўрсатилган. Милиция ходими сиздан қонуний нарса талаб қилса, масалан, тартибни сақлашни сўраса-ю, сиз унга бўйсунмай, тартибни бузсангиз, шу модда қўлланилади. Лекин моддаларда «милиция ходими айтганда, пахта сувсиз қолиб кетсаям, йиғилишга бормаган ҳолатда» деган қисм йўқ-да!
Агар судья виждон қонунига бўйсуниб, «Ҳоким дегани халқнинг хизматкори» дейди Президент. Бу ўзи мироб бўлса, уни нега зўрлаб йиғилишга олиб борасан? Бунинг учун сенга ва ҳокимга жарима, десин-чи! Дарров «судья қонунга зид иш қилди, уни бўшатиш керак» дейдиганлар кўпаяди. Ҳеч ким судья «инсонийлик нуқтаи назаридан ёндашди-ку!» демайди. Мана, гап қаерда! Шунинг учун «судья нотўғри қарор чиқаргани учун» эмас, «судья қарор чиқаришда инсонпарварлик ғояларига амал қилмагани учун» дейилса, тўғрироқ бўларди.
Менимча, судьялар аввало жамиятни ҳис қилишлари, жамият фақат моддалару, қоғоздаги қонунлардан иборат эмаслигини англашлари керак! Инсон энг олий қадрият эканини, у ҳар қандай қонун ва қоғозлардан устун туришини ҳис қилишлари керак.
Бугун ижтимоий тармоқларда «номутахассислар учун ижтимоий-гуманитар фанлар керакмас» деб бонг ураётганлар ҳам топилади. Аммо судья мантиқий фикрлаши учун фалсафий фанларни чуқур ўрганиши, жамиятшунослик, диншунослик, миллий ғоядан тортиб, маънавият асослари, хуллас, тарбия билан боғлиқ барча фанлардан мукаммал сабоқ олиши керак эмасми?
Яқинда Расул Кушербаевнинг бир интервьюсини эшитиб қолдим. Унинг сўзларига кўра, кадастри бўлмагани учун, ҳатто оила совуқда қотиб, болаларининг пешоби (узр сўрайман) музлаб қолаётган бўлса ҳам, мутахассислар бир хонадонга газ ўтказиб бермаган. Бунга уларнинг асоси бор: кадастри йўқ уйга газ тушириш мумкин эмас. Хўш, нима қилиш керак? Фараз қилинг, аёл газ тушириб бермади, деб судга мурожаат қилди. Судья қандай қарор чиқаради? Албатта, газ идораси фойдасига-да! Чунки қоғозларда шундай. Бу аёл музлаб қолса ҳам ҳеч ким жавобгар бўлмайди. Чунки қоғозда шундай! Аксинча, кадастрсиз уйга киргани учун аёлнинг ўзини айблаб, керак бўлса, жарима ёзади. Чунки қоғозда шундай! Қани, уни нотўғри қарор чиқарганликда айблаб кўринг-чи! Аксинча, агар у аёлнинг уйига газ тушириб беришга ҳукм чиқарса, қарори нотўғри, деб топилади.
Мен бу билан ҳамма судьяларни ёмонотлиқ қилмоқчи эмасман. Лекин бир нарсага аминман. Сиз нотўғри ҳукм чиқарганликда айблаётган судья ўз қарорини, албатта, қайсидир модда билан асослаб бера олади. Қонун ўзи шундай. Устамонроқ бўлсангиз, хоҳлаган мақсадга буриш мумкин. Демак, «нотўғри ҳукм» дегани ҳам нисбий тушунча. Бугун судлов тизимида баъзан виждон қонунларига ҳам қулоқ тутишимиз керакдир, балки? Бу борада судьяларга ваколат бериш фурсати етгандир? Нима бўлганда ҳам, ҳар бир ҳукм ортида инсон, унинг оиласи, яқинлари тақдири бор экани унутилмаса бўлди!
Шаҳло АҲРОРОВА,
фалсафа доктори(PhD), Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги ижтимоий маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими
