Ишончим комилки, «яна» дейишимнинг сабабини кўпчилик англаб турибди. Сўнгги 3 ойда 5 та МТТда турли сабаблар билан болалар ўлими қайд этилди: Фарғонада 4 ёшли болакай сувга чўкиб, Шаҳрисабзда 8 ёшли қизалоқ баданига шиша синиқлари кириши туфайли кўп қон йўқотиб, Наманганда 5 ёшли бола тилини чайнаб вафот этди…
Бу қайғули хабарларнинг ҳар бирини ўқиганимда бир қатор қариндошлар, қўшнилар, қадрдон бувижонлар, онажонлар «лоп» этиб кўз ўнгимга келди, онажонимнинг гап-сўзлари, ўгитлари, талаблари, жонкуярликлари кўнглимдан ўтди. Онам ёш болани тўйга, кўпчилик тўпланадиган маросимларга, бозорга олиб боришга асло рухсат бермасдилар. «Бу гўдак ҳали тўйни биладими? Унинг қорнини вақтида тўйдириб, вақтида ухлатиш керак. Бозорда болани қийнаб нима қиласан?» дердилар ёш оналарга.
Қўшнимиз Зебихон буви доим невараларини қўриқлаб юрганини кўриб, баъзилар кулишарди: «Бошқа ишингиз йўқми?». «Боламдан ҳам зарилроқ иш борми?» ўрнида жавоб қайтарарди буви. Ён қўшнимиз, бир этак фарзанднинг онаси Муаззамхон кеннойи эса фақат эри уйда бўлган куни онасини бирров кўриб келарди. Меҳмондорчиликка, турли йиғинларга таклиф қилганларга: «Раҳмат. Болалар ёш, ташлаб кетишим қийинроқ-да», деб узрини айтарди.
Бу аёлларнинг барчасидан ота-онасига раҳмат келтирган ўғил-қизлар қолди. Эслаганим бу муҳтарама зотлар боласевар, болапарвар, жаннат гуллари бўлган фарзандлар Аллоҳнинг ўзларига топширилган омонати эканини англаб, оналик масъулиятини сидқидилдан ҳис этиб яшаган момолар, момокалонларимизнинг меросхўрлари, вакиллари.
«Фарзанд доғи ота-онанинг суягида, жонида кетади» дейди кексалар. Ғунчалигида умри қирқилган болажонлар ўлимига сабаб бўлган воқеалар тегишли идоралар ходимлари томонидан ўрганилади, айбдорлар жазоланади, лекин… кўрилган чораларнинг бирортаси жигарбандидан бевақт жудо бўлган отанинг ва айниқса, онанинг кўксидаги ўтни ўчира оладими, аламли ва аччиқ дардига малҳам бўладими? Йўқ!
Мана шу ҳақиқатни бошимизга бир мусибат тушгандан кейин эмас, ҳар куни, ҳар қандай вазиятда эътироф этиб, ҳушёр тортмасак бўлмайди. Ана шундагина она боланинг тақдирини болага, ўзининг ташвиши бошидан ортиб ётган қариндошу қўшнига, синаб-синалмаган одамларга топширмайди; шундагина она бетоб боласини (ўзи билиб-билмаган дорини ичириб қўйиб) боғчаопага ташлаб кетмайди; шундагина она болани ҳар хил назарларга нишон қилиб, санитария-гигиена талабаларига жавоб бермайдиган жойларда олиб юрмайди; «гап»лар, ижтимоий тармоқлардаги баҳсу шакаргуфторликлар, ҳар хил кўнгилочар давралардан кўра, дилбандининг юз-кўзларига хотиржам назар солиб ўтиришни, куч-қуввати ва меҳрининг қаймоғини боласига беришни афзал кўради. Бола билан бирга улғаяди, чин муҳаббату ихлос билан дунёга ва ўзига муҳаббатли бола дунёсини улғайтиради.
Кимлар қўшилар, кимлар қўшилмас, лекин ҳар доим такрорлагим, таъкидлагим келади: боланинг тақдири, ҳаёти қандай кечишига, биринчи навбатда, ота-онаси сабабчи бўлади.
Муҳтарама УЛУҒОВА



