«Ishonch» газетасининг 2019 йил 81-сонида «Ўгай боғча», 93-сонида «Ўгай боғча энди «етим»(ми?)» сарлаҳали мақолалар чоп этилганди. Иккаласида ҳам Фарғона вилояти, Данғара туманидаги 15-МТМнинг «Катта Амиробод» МФЙ ҳудудида жойлашган филиали ночор аҳволга тушиб қолгани ҳақида сўз юритилганди.
Шу муносабат билан таҳририятимиз мактабгача таълим вазири ўринбосари Шодиёр Маматқуловдан расмий жавоб олганди. Унда Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатдан янги тизимга ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юқорида тилга олинган филиал ҳам 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида реконструкция қилиниши эслатилганди.
Бироқ, 2022 йил тугамоқда ҳамки, у ерда ҳеч қандай реконструкция ишлари олиб борилгани йўқ. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Ўзи филиалда бирон-бир ижобий ўзгариш бўладими ёки Ш.Маматқулов бизга йўллаган расмий жавоб шунчаки расмиятчилик учун эдими?
Ушбу саволга Мактабгача таълим вазирлигидан аниқ ва асосли жавоб кутиб қоламиз. Чунки аҳоли боғча филиали реконструкция қилинишидан ва қайта ишга туширилишидан ҳамон умидвор.
Жамшид ЭРГАШЕВ
«ISHONCH»
