Ҳессе, Фолкнер, Хемингуей, Камю, Маркеснинг Нобел мукофоти маросимида сўзлаган нутқларида умуминсоний қадриятлар ва ижод талқини

84

 Аннатоция. Мазкур мақолада тадқиқот учун танлаб олинган Нобел мукофоти совриндорлари – Ҳерман Ҳессе (1946-йил), Уилям Фолкнер (1949-йил), Эрнест Хемингуей (1954-йил), Албер Камю (1957-йил), Габриел Гарсиа Маркеснинг (1982-йил) Нобел мукофоти қабул маросимида сўзлаган нутқлари таҳлил қилинади.

Abstract. Nobel laureates selected for research in this article are Herman Hesse (1946), William Faulkner (1949), Ernest Hemingway (1954), Albert Camus (1957), Gabriel García Márquez (1982). His speeches at the Nobel Prize ceremony are analyzed.

Калит сўзлар: Нобел мукофоти, Ғарб адиблари, йўқотилган авлод, ижод.

Key words: Nobel Prize, Western writers, lost generation, creativity.

 

Нобел мукофоти – энг катта адабий мукофот. Ҳар бир давлатнинг ўнлаб миллий ва халқаро мукофотлари бор, лекин Нобел мукофоти энг нуфузлиси ҳисобланади. Шунинг учун бу мукофотни олган адибларнинг китоблари кўп сотилади, таржима қилинади, таҳлилга тортилади. Асарлар бир тараф. Лауреатларнинг шахсияти, биографияси, ижодидаги муҳим нуқталар ҳам китобхонни ўзига жалб қилади. Булар адабиётшуносларга ҳам, адибларга ҳам сув билан ҳаводек зарур.

Ўтган бир аср мобайнида қайси йили, кимга, қай бир мамлакат фуқаросига адабиёт соҳасидаги Нобел мукофоти берилгани барча адабиётшуносларни қизиқтириб келган. Биз мазкур мақолага Нобел мукофотини олган совриндорлардан қуйидаги машҳур адибларни саралаб олдик ва уларнинг маърузаларини таҳлилга тортдик:  1. Ҳерман Ҳессе (1946 йили мукофотга сазовор бўлган). 2. Уилям Фолкнер (1949 йили мукофотга сазовор бўлган). 3. Эрнест Хемингуей (1954 йили мукофотга сазовор бўлган). 4. Албер Камю (1957 йили мукофотга сазовор бўлган). 5. Габриел Гарсиа Маркес (1982 йили мукофотга сазовор бўлган).

Немис ёзувчиси Ҳерменн Ҳессенинг Нобел мукофоти маросимида сўзлаган нутқи нисбатан қисқа ва ихчам бўлиб, уни қўмита котибларидан бири ўқиб эшиттирган. Сабаби адибнинг ўзи саломатлиги ёмонлиги туфайли тақдирлаш маросимида иштирок эта олмаган. Маъруза ҳозиргача кўплаб тилларга таржима қилинган ва ҳессешунос адабиётшунослар томонидан таҳлил қилиб келинмоқда.

Маърузада адиб илк жумладаёқ маросимда иштирок эта олмаётгани учун йиғилганлардан узр сўрайди ва бунинг сабабларини келтириб ўтади. У ўзининг заиф саломатлиги учун даврнинг алғов далғовлиги, 1933 йилдан сўнг Германияда кечган ҳаёти унинг меҳнатларини йўққа чиқаргани, зиммасида ортиқча масъулият юклагани ва уни ногирон қилиб қўйганини таъкидлайди. Бошқа адиблар қатори Ҳессе ҳам урушдан нафратланарди. Аммо у жисмонан қийналган эсада, руҳан тетиклигини билдириб ўтади. У Нобел жамғармасини алқар экан, унинг ҳамиша тинчликка чорлаши, уруш ва миллатчиликдан холи эканини таъкидлаб ўтади.

Мукофотнинг ўзига берилиши заминида немис тили ва немис адабиётининг жаҳон адабиётига қўшган ҳиссаси ётганини айтар экан, адиб бу орқали барча халқларнинг маънавий ҳамжиҳатликка чорлаш учун биринчи қадам қўйилганидан шод эканини яшира олмайди. Шу ўринда ўз қарашларини ҳам билдириб ўтади: у дунёдаги барча одамларни маънавий жиҳатдан бир қолипга солиш учун миллий хусусиятлардан воз кечиш нотўғри эканини билдиради. Айниқса, миллий хусусиятларни дазмоллаш керак эмас деган нозик ибора ишлатади. Бу заминда турфа хиллик, рангба ранглик барқ уриб туришининг тарафдори эканини айтиб ўтади. Дунёда турли ирқларнинг бўлиши, тилларнинг кўплиги, дунёқарашларнинг турфалиги, ақл-заковатларнинг мавжудлигини улуғ ҳодиса сифатида баҳолайди.

Маърузанинг асосий қисмида Ҳерманн Ҳесса уруш ва жаҳолатга нисбатан муросасиз эканини эслатиб ўтади. Урушлар туфайли инсониятнинг асрлар давомида шаклланган маданияти ёвуз кучлар қурбони бўлаётганини афсус билан тан олади. Адиб сифат тарафдори экани, бетақлид нарсаларни қадрлашини айтаркан, Швециянинг тили, маданияти, бой тарихи, табиий ҳислатларини сақлаш ва бойитиш учун мезбонларга самимий изҳорларини билдиради.

Ҳессе илгари сира Швеция давлатида бўлмаганини, аммо у ердан совғалар юборишларини айтади. У бу мамлакатдан олган биринчи туҳфасини хотирларкан, бу қирқ йил илгари Селма Лагерлёф шахсан дастхат ёзган “Исо Масиҳ афсонаси” деган китобнинг биринчи нашри эканини билдиради. Шундан сўнг ҳам Швеция аҳли билан илиқ муносабатда бўлгани ва мана бугун улардан энг катта адабий мукофот совға бўлиб турганини айтиб хурсанд бўлади. Сўнг ташкилотчиларга раҳмат айтади.

Ҳессенинг қисқа мактуби шундан иборат. Бу пайт адибнинг ёши 69 да бўлган. Маърузадан маълум бўлганидек, у ватани Германиядаги сиёсий вазият, урушдан доим норози бўлган. Швецияга эса дўстона ва илиқ муносабатда бўлиб келганини билдирган. У маърузада маънавият деган сўзга урғу беради. Эътибор берсак, унинг ижодида ҳам маънавий-маърифий асарлар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, “Ғилдираклар остида” романи, “Нюнбернга саёҳат” сафарномаси шулар сирасига киради. Ҳессе олмон адабиётига катта ҳисса қўшган адиб, унинг асарлари ҳозир ҳам дунё бўйлаб севиб ўқилади. У инсонларни маънавий баркамол бўлишини, ҳар бир миллат ўз миллий хусусиятлари билан ажралиб туришини, жумладан адабиётда ҳам миллий менталитет мавжуд бўлиши тарафдори бўлган.

Ҳессе Иккинчи жаҳон уруши даврида яшаган ва ҳамиша урушга қарши бўлган адиблар сирасига киради. У мазкур маърузадан сўнг 16 йил умр кечирди ва ўз қарашларида собит қолди.

 

Швециянинг нуфузли газетаси мухбири яқин дўсти Фолкнерга уни лауреатлик дипломи ва мўмайгина пул кутаётгани ҳақидаги хушхабарни етказди. Нобел қўмитаси эълон қилган расмий ахборотда: “Ҳозирги давр америка романи ривожига улкан ҳисса қўшгани учун”, деган ёзувлар бор эди. 1950 йил декабр ойида Швеция қироли Густав-Адолф Фолкнернинг кўксига Нобел медалини тақиб қўйди. Кейин расмий қабул маросими бўлиб ўтди ва нутқ сўзланди. Ўша куни Швеция Фанлар академиясининг ҳашаматли залида иштирок этганлар Фолкнернинг овози базўр эшитилганидан ажабланган бўлсалар-да, эртаси куни газеталарда чоп этилган адиб маърузаси уларда катта таассурот қолдирганини эслашади.

1949 йилда Нобел мукофоти лауреати бўлган  америкалик ёзувчи Уилям Фолкнер ҳам ўз фикрларини ихчам ва лўнда ифодалашга интилган. У маърузаси аввалида адиб бу мукофот унинг ўзига эмас, китобларига берилганини айтиб ўтади. У ўзи ёзган мазкур асарларга қуйидагича таъриф беради – шу пайтгача мавжуд бўлмаган, инсон қалбига таянилган, пешона тери, қалб тўлғоқлари билан яратилган, шон-шуҳрат ва манфаатни кўзламаган ишлар. Шунингдек, берилган пул мукофотини муносиб равишда сарфлашини ҳам қистириб ўтади.

Сўнг маърузанинг асосий қисмига ўтаркан, Фолкнер ёш ёзувчиларга бағишланган фикрларини билдиради, вақти келиб улар орасидан ҳам ўзи каби Нобел совриндорлари етишиб чиқишишига ишонч билдиради. У ёзувчилик касбини оғир ва азобли жараён эканини ҳам айтиб кетади.

Ёш носирларга мурожаатда у барчанинг ёппасига қўрқувда яшаб келаётганини, бу қўрқув узоқ вақтдан бери давом этиб келаётганини афсус билан тилга олади. Инсонлар руҳиятида фақат битта савол: қачон бизни қириб ташлашади деган ўй кезиб юрганини айтади. Ҳозирги ёш қаламкашларнинг ҳақиқий адабий асарни бунёд эта оладиган, ёзишга, меҳнат қилиш ва азоб чекишга арзийдиган мавзу — одам ўзи билан ўзи курашиши муаммосини унутиб қўйганликларини айблайди. Ёзувчи учун энг пасткаш нарса бу қўрқув эканини, ўз ижодий намуналарида ҳақиқат, муҳаббат, ор-номус, мурувват, ғурур, раҳм-шафқат, фидойилик каби азалий ва абадий туйғулардан бошқа кераксиз ҳисларни чиқариб ташлаш лозимлигини уқтиради.

Агар ёш ёзувчи бу қоидаларга риоя қилмаса унинг асарларига ланъат тошлари отилишини айтади. Муҳаббат ҳақида эмас шаҳвоният, ҳамдард бўлиш ўрнига ачинмасдан ёзишларини қоралайди. Бундай китоблар ҳеч қачон ҳеч бир китобхоннинг қалбига кириб бормаслиги, кўнгилларда из қолдирмаслигини таъкидлайди. Бу каби саёз асарларни инсон қалби эмас, жисмоний ҳаракати ҳақидаги китоб деб қабул қилади. У инсониятнинг фалокатга юз тутишини рад этишини билдиради. Инсонларни ҳамма нарсага чидайвериши, фақат тирик қолиш учун яшашини нотўғри деб билади ва вақти кетиб тантана қилишига ишонади. Бу тантана эса овозининг сўнмаслигига боғлиқ эмаслигини айтаркан, одамларнинг ғалабаси бу уларнинг раҳм-шафқат, фидойилик, матонатга мойиллигида деб билади.

Ёзувчи ва шоирларнинг бурчи эса шулар ҳақида ёзиш эканини эслатади. Шунингдек, уларнинг вазифаси мардлик, ор-номус, умид, раҳм-шафқат, мурувват, фидойилик каби инсонга хос азалий ифтихорни мустаҳкамлаш йўли билан одамлар қалбига мадад беришдан иборатлигини таъкидлайди. Одамлар ҳаёт синовларига фақатгина бардош бериши эмас, сабрига яраша охир оқибат ғолиб бўлишлари ҳам кераклигини айтган ҳолда маърузасини якунлайди.

Фолкнер Нобел жамғармасидан ажратилган пулни чиндан ҳам ўзига эмас, китобларига деб қабул қилди. Сабаби у бу пулни ўз ҳашамати учун ишлатмади, ҳатто эски автомобилини ҳам янгиламади. Шаҳар шовқинидан чеккада, тинч бир фермада ўзи қизиққан жонивор – отлар парвариши билан машғул бўлди. Бу пайтда унинг асарларини минглаб одамлар ўқир, муаллиф эса шуҳратга берилмас ва оддий ҳаётга кечиришда давом этарди. У отдан йиқилиб жаҳоратланган ва бунинг оқибатида вафот этган.

Америка адабиётининг йирик вакили Эрнест Хемингуей ҳам Ҳессе сингари ўзига Нобел мукофотини топшириш маросимида иштирок эта олмаган. Адибнинг илтимосига кўра унинг нутқини АҚШнинг Швециядаги мухтор элчиси ўқиб эшиттирган.

У мурожаат аввалида нутқ ирода қилишга унчалик уста эмаслигини айтиб, унга хотамтой Алфред Нобел номидаги мукофот беришгани учун жамғарма аъзоларига ва ҳакамларга миннатдорлик билдиради. Ёзувчи ўзидан аввал яшаб ўтган буюк адиблар бу каби мукофотлардан бенасиб бўлганини эслаб ўзида истиҳола ва хижиллик ҳис қилаётганини билдиради. У мазкур адибларни номма ном санамаслигини айтаркан, ҳамма ўз диди ва савиясидан келиб чиқиб буюк ёзувчилар рўйхатини шакллантириб олиш мумкинлигини айтади. Бу гап орқали у китобхонларда ҳам дид турфа бўлиши, кимгадир даҳо кўринган ёзувчи ким учундир оддий туюлиши, бунинг учун ўзаро баҳслашиш бефойда эканига ишора қилади. Дид борасида баҳслашилмайди иборасига амал қилган Хемингуей гапини давом эттирар экан, юрагидаги барча дардини қоғозга туширгани, аммо уни ўзи эмас, мухтор элчи ўқиб беришини ақлга сиғмайдиган ҳол деб баҳолайди. Сабаби муаллиф нимадир ёзаётган бўлса айрим жиҳатларни кўздан қочириши мумкин.

Ижод жараёнида ҳақида сўзлар экан, адиб ақл идрок исканжасига бўйсунмай ёзилган лаҳзалардаги асарлардан катта натижалар кутиш мумкинлигини айтади. Вақти ўтиб бу мулоҳазалар тиниқлашиб келажакда бу асарнинг асрлар бўйи унутилмаслигини белгилаши ёки аксинча бўлишини мумкин деб ҳисоблайди. Вақт чиғириғидан ўтиш албатта, ёзувчининг иқтидорига боғлиқлигини эслатиб ўтади.

Маърузанинг асосий қисмида адиб ёзувчи жуда машҳур бўлса, унинг ҳаёти одатда ёлғизликда кечишини айтиб ўтади. Шундай бўлсада, ёзувчилар ташкилоти уни ёлғизлик азобидан асрар, бироқ унинг ижодига ижобий таъсир кўрсатиши даргумонлигини билдиради. Агар ёзувчи ёлғизликдан маҳрум бўлса, жамоат арбоби сифатида гуллаб-яшнаб, охири иқтидори завол топишини башорат қилади. Хемингуей ижодкор сифатида фақат мустақилликда яшаш мумкин, холос деб ҳисоблайди. Фаросатли ёзувчи келажакда ўзини абадият ёки забунлик кутаётганини олдиндан билиши керак деб ўйлайди.

Маърузада ҳақиқий санъаткорнинг ҳар бир янги китоби  ҳали забт этилмаган чўққи сари гўё из тушмаган сўқмоқ бўйлаб сафарга отланиши лозим дейилади. Жуда бўлмаса кимдир ўзидан илгари ҳам юрган-у, лекин сўнгги манзилгача етиб боролмаган йўлдан юриши даркор дейди. Агар адабиёт яратиш ўтмишда ёзилган, аъло даражада ёзилган мавзулар ҳақида сал бошқачароқ ёзишдан иборат бўлганда эди, ҳамма иш хамирдан қил суғургандек битарди-қўярди. Афсуски, йироқ-йироқлардан буюк адиблар тоғдек бўй чўзиб тургани учун ҳам, ҳозирги замон ёзувчиси овлоқ гўшаларга кетишга мажбурлигини таъкидлайди. Адиб шунчалар йироққа кетиши керакки, қай бир зот ёрдам қўлини чўзишни истаган тақдирда ҳам, ҳеч қандай ёрдам бера олмасин, деб хитоб қилади.
Маъруза сўнггида у жуда кўп гапириб юбордим, деб узр сўрайди. Ёзувчининг халққа айтадиган гапи бўлса, ваъзхонлик қилмай, муқим ўтириб ижод қилиши кераклигини билан ўз сўзини якунлайди.

Ўз асарларида ҳам қисқа ва лўндаликка амал қиладиган Хемингуей маърузасини ҳам ихчам тарзда тингловчиларга етказади. Маърузада у асосий ёзувчининг ёлғизликда ижод қилиши кераклигига урғу беради. Агар ёлғизликдан воз кечиб, турли ташкилотларнинг арбобига айланиб қолса, истедодини бой беришигидан огоҳлантиради. У янги китобни забт этилмаган чўққига қиёслайди. Ҳаётда иродаси тобланган адиб ижодда ҳам меҳнатдан қочмаган, доим олға интилган. Унинг мазкур маърузаси дунё бўйлаб асарлари қатори кўплаб тилларга таржима қилинган ва ёш адабиётшунослар учун Хемингуей ижодини ўрганиш жараёнида манбалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Адиб саргузаштларда олган жароҳати туфайли маросимда қатнаша олмаган. Кейинчалик ҳам давраларнинг тўрида ўтиришдан кўра ёлғизликда ва саргузаштларда ижод қилишни афзал кўрган.

Албер Камюнинг Нобел маърузаси анчайин узун ва батафсил ёзилган бўлиб, у ҳам кириш қисмида ўзига муносиб кўрганликлари учун қўмитага миннатдорлик билдириб ўтади. У бошқа санъаткорлар қатори обрў орттиришни исташини тан олади. Лекин Камю ўзининг бор бойлиги бу шубҳаларию ёзилмаган китобларини эканини, ёлғизликка ўрганиб қолган одамни бирданига юксакликка чиқариб қўйишганида саросимага тушиб қолганини айтади. Ва ўзининг адабий фаолиятида рўй берган ҳодисалар, яъни сукут сақлашга мажбур қилингани, ўз ватанида ижоди туфайли бошига кўплаб мусибатлар ёғилганини таъкидларкан, бундай эҳтиромни қандай қабул қилишни ўйлаётганини айтади.

У қалбида туғилган ҳаяжонини тинчлаштириш учун ўз қисматини тафтиш қилганини, хизматлари билан мукофотга лойиқман деб ҳисоблай олмаганини билдиради. Шунингдек, у ҳаётида унга биргина нарса мадад бергани, бу эса санъат ва ёзувчининг роли ҳақидаги тасаввурлар эканини айтиб ўтади. Сўнг маърузанинг асосий қисмига ўтаркан, бу тасаввурларни изҳор қилишга изн сўрайди.

Адиб ўз санъатидан ташқари ёшолмаслиги ва уни дунёдан устун қўймаганини билдиради. Бу санъат уни бошқа одамларнинг ҳаёти билан нафас олишига имкон берганини тан олади. Санъат у учун эрмак эмас, азоблар ва қувончларнинг манзарасини чизиш орқали одамларга таъсир этиш усули деб билади. Камю ўзини бу ўринда ёзувчи эмас, санъаткор деб атайди. Санъаткор қандай шаклланади? Камю бу саволга гўзаллик ва инсонийлик орасидаги йўлда югуриб шаклланади деб жавоб беради. Улар ҳеч нимани эътибордан четдан қолдирмайди, хукм чиқармайдиган ва энг муҳим бурчлари бу — тушуниш деб атайди.  У Ницше каби жамиятни қози эмас, ижодкор бошқариши керак деб ҳисоблайди, у меҳнаткаш ёки зиёли бўлиши мумкин.

Камю ёзувчини одамлар орасига олисдаги бир бегона тутқиннинг сукути сабаб бўлиши мумкинлиги, бу сукутни санъат ёрдамида овозлар билан тўлдириш имкони борлигини айтади. Лекин бундай истеъдодга эга бўлиш қийинлиги билдиради. Одамлар билан ҳамжиҳатлик ҳисси ёзувчи санъатига мазмун бағишлаши, аммо ўз касби улуғвор бўлиши учун икки вазифани бажариш шартлигини айтади: бу ҳақиқат ва озодлик учун хизмат қилишдир.

Ёзувчи қуллик ва ёлғон билан чиқишмайди, сабаби булар ҳукм сурган ерда ёлғизлик сони ошиб кетади, деб ҳисоблайди Камю. Биз билганимиз ҳақида алдамаслигимиз ва зулмга қарши курашишимиз керак, бу мажбурият деб айтади. У сўнгги 20-30 йилда давр талвасаси олдида бошқалар қатори ожиз қолганини, аммо ёзувчилик шарафидан овунгани таъкидларкан, Гитлер ҳокимият тепасига келганида ва сталинча қатағонлар бошланганида унинг тенгдошлари эндигина 20 га киргани ва олий таълим олаётган айни ёшлик пайтлари балоларга гирифтор бўлганини афсус билан қайд этади. Иккинчи жаҳон уруши туфайли Европа азоблар, қамоқхоналар, концлагерлар қитъасига айлангани, одамлар эса эндиликда ўғиллар тарбия қилиши, ядро ҳалокати олдида турган дунёда ижод қилишлари лозимлигини айтади. Бундай паллада эса улардан кўтаринки кайфият кутишни ақлсизликка йўяди. Уларнинг аксарияти нигилизм ботқоғига тушиб қолаётгани, Камю эса бу ҳолатга қарши курашиш кераклигини айтади. Бунинг учун эса яшаб қолиш санъатини ишлаб чиқариш лозимлигини, ҳар бир одам дунёни қайта қуриши кераклигини айтади.

Бизнинг авлод халқлар ўртасида тинчликни тиклаш, меҳнат ва маданиятни, тотувликни қуриши керак деб ҳисоблайди адиб. Бу авлод ҳатто бу йўлда ўлим тайёрлигини, шунинг баробарида олқиш ва мададга муҳтожлигини айтади. Шунга кўра Камю Нобел мукофотини мана шу авлодга берилган мадад деб ҳисоблашини таъкидлайди.

Шундан сўнг у ёзувчилик касбининг чўққиси ҳақида гапиради. Унвондан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган ёзувчига таъриф берар экан, унинг ўжар, кўнгли нозик, инсофсиз ва адолатга чанқоқ, ўз асарларини уялмасдан яратадиган, азоб ва гўзаллик ўртасида сарсон одам деб атайди. У мавзуни чўмичлаб олади, дейди. Кейин ўзига таъриф бераркан, у мазкур фазилатларга эга бўлолмаганини тан олади. У дунёдан, қувончлардан, эркин ҳаётдан воз кечолмаганини, содир қилган хато ва адашишлари касбини тушунишга ёрдам берганини айтади.  У мукофотни курашлар давомида ҳеч қандай имтиёзни қўлга киритмаган, бахтсизлик тузини тотганларни хизматларини тан олиш рамзи деб қабул қилади. Сўзини якунларкан, ҳар бир ёзувчи жимгина ўзига айтадиган қадимий содиқлик қасамини баралла айтади.

1982 йили Габриел Гарсиа Маркеснинг Нобел маросимида сўзлаган нутқи нисбатан қисқа бўлиб, у ҳам бошқалар қатори кириш сўзида Швед академиясига миннатдорлик билдиради. Бу мукофот уни ҳар куни азобдан иборат бўлган буюклар қаторига қўйгандек бўлганини айтади. Шу тобда уларнинг шарпалари атрофида кезингандек бўлаётганини ҳис қилганини, уларни тафти вужудини илитаётганини, ҳимоя қилаётганини, бировга муте эмаслигини айтаётгандек бўлаётганини ҳаяжонланиб сўзлайди. У бўйнингда залварли оғир ташвиш бўлсада озод қуш каби руҳнинг кўкларда парвоз қилиши соз эканини, қисмат кўзига адолатли кўринаётганини билдиради. Маркес мукофотни тақдирнинг кутилмаган туҳфаси деб қабул қиларкан, инсониятни адоғига етмаган шахмат тахтасидаги доналарга қиёс қилади. Унинг айтишича, ҳузур ҳаловатга жабру жафо орқали етишиш мумкин.

Шу ўринда Маркес ўзининг диний қарашларини ҳам айтиб ўтиб кетган, яъни арши аълода ўз гуноҳ-савоблари учун сўроққа тутилишини билишини, бу табиий эканини айтади. Бугунги маросимни эса назмни қутлаш байрами деб таърифлайди. Гомернинг “Илиада”сини эслаб ўтар экан, шамол кўплаб кемаларни гирдобда айлантирган ўша назмни, Дантени шеъриятини табриклаймиз деб хитоб қилади. Шунингдек, Американи Мачу Пикчу чўққиларига олиб чиққан буюк Пабло Нерудага бош эгиб таъзим қилади. Маркес назмга таъриф бераркан, уни Худо берган куни ошхонада нўхат қайнатаётган, одамларга муҳаббат юқтириб, кўзгуда образларни акс эттирадиган ҳаётнинг сирли қуввати деб атайди.

Маркес ўз насрида озми-кўпми шеъриятнинг руҳини тутиб қолишга ҳаракат қилганини, сўзларида ишонч ва иймонини башоратларини, ўлим кучлари устидан қозонилган ғалаба аксини қолдирганини айтади. Сўзини якунларкан, икки Американинг ҳам буюк шоири Луис Кардоса-и-Арагон Ер юзида инсониятнинг мавжудлигини ягона аниқ далил тариқасида исботлаган шеърият шарафига тантанали равишда қадаҳ кўтаришга чорлайди. Келинг, назм учун олайлик, деб йиғилганларга ташаккур айтади.

Ҳессе, Фолкнер, Хемингуей, Камю, Маркес ҳикоялари, романлари, қиссалари ўзбек китобхонлари томонидан севиб ўқиб келинмоқда. Жумладан, “Чўл бўриси”, “Шовқин ва ғазаб”, “Бегона”, “Ёлғизликнинг юз йили” каби романлар юртимиз нашриётларида қайта-қайта нашр қилинмоқда. Мазкур ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига Иброҳим Ғафуров, Низом Комил, Вафо Файзуллоҳ, Аҳмад Аъзам, Қудрат Дўстмуҳаммад каби етук таржимонлар ўгиришган. Ёш таржимонлар ҳам Маркес ҳикояларини аслиятдан таржима қилиб келишмоқда.

2022 йилнинг Нобел мукофоти совриндори ҳам яқин кунларда эълон қилинади. Йил давомида унинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинади, адабиётшунослар эса таҳлилга киришади. Бу мукофот унинг дунёга танилишига катта ҳисса қўшади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

  1. Нобел олган адиблар. Қудрат Дўстмуҳаммад. “Ma’naviyat” T.:2002.
  2. Лауреаты Нобелевской премии. Энциклопедия. Россия-
  3. Жаҳон адиблари адабиёт ҳақда. “Ўзбекисон адабиёти ва санъати” газетаси, 2014-йил 39-52-сонлари
  4. com

 

Нодирабегим Иброҳимова,

ёзувчи, таржимон