Жавобини кутаётган саволлар

116

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Андижон вилояти ҳокимлигига!

ДАРАХТКУШЛИК ТОКАЙГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

Избоскан тумани маркази Пойтуғ шаҳрида ўтган асрнинг 60-70-йилларида жуда кўплаб чинорлар экилган. Бу азим дарахтларнинг соясидан баҳра олган борки, бугунгача «Экканга раҳмат!» дея дуо қилади.
Яқинда «Пойтуғ – Тўрткўл» йўлининг бир қисми замонавий усулда капитал таъмирга тушди-ю, шу дарахтларга қирон келтирилди. Уларга қўшиб терак ва толлар ҳам кесиб ташланди. Ҳолбуки, Президентнинг тегишли фармони билан манзарали дарахтларни кесиш тақиқланган.
Халқимизда яхши инсон йўл қуради, деган нақл бор. Лекин бу эзгу иш соя-салқин бериб, ҳавонинг мусаффолигини сақлаётган яшилликка зиён етказиш орқали амалга ошмаслиги керак!
Хўш, аҳоли ва атроф-муҳитни асрашга масъул ташкилотлар қаерга қараяпти? Йўлнинг кейинги таъмири ҳам дарахтларни кесиш билан давом эттириладими?

Анваржон ҲАЛИМОВ
Избоскан тумани

 

Олий таълим вазирлигига!

СИРТҚИ ТАЪЛИМДАГИЛАР МАГИСТРАТУРАДА ЎҚИЙ ОЛАДИМИ?

Ёшларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида юртимизнинг кўплаб олий таълим муассасаларида сиртқи таълим йўналишлари очилган. Ушбу бўлимда ўқиётган талабалар ишлаш имкониятига эга. Бироқ шундай ёшларни яна бир савол қизиқтирмоқда:
Сиртқи таълимда таҳсил олаётган талабалар келгусида магистратура босқичига ҳужжат топширишлари мумкинми?

Диёра РАВШАНОВА

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлигига!

ЧОРРАҲАДАГИ ТАРТИБСИЗЛИККА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?

Даҳбед чорраҳаси – Самарқанд шаҳар транспорти ҳаракати тармоғининг муҳим бўғини, энг гавжум жой. Бу ҳудудда кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, йўллар кенгайтирилди. Пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида тунель ҳам қазиляпти. Аммо ҳалигача бу чорраҳада тартиб йўқ.
Шусиз ҳам гавжум чорраҳанинг тўрт томони йўналишсиз таксилар қуршовида. Йўл ва ёндош кўчалар мижоз кутаётган таксилар билан тўла. Бу эса пиёдаларга ҳам, транспорт ҳаракатига ҳам салбий таъсир қиляпти.
Бу мавзу бир неча бор ОАВда кўтарилди. Лекин мутасадди идоралардан садо йўқ.
Наҳотки, йўналишсиз таксиларни чорраҳадан бир чақирим нарида – Сиёб бозори кўприги атрофидаги автотранспорт воситалари учун мўлжалланган туриш майдончасига кўчиришнинг иложи бўлмаса?

Хайрулла ШАМСИЕВ
Самарқанд шаҳри

Қашқадарё вилояти ҳокимлигига!

ЕМАГАН СОМСАГА ҚАЧОНГАЧА ПУЛ ТЎЛАЙМИЗ?

Бундан икки йил муқаддам Кўкдаланинг кенгликларида, аниқроғи, 172 гектар майдонда узум етиштириш бўйича катта умидлар билан иш бошланган эди. Далага Туркиядан келтирилган ток қаламчалари қадалди, «Бег­ламишсой» кооперацияси ташкил этилди. «Талоқтепа» маҳалласидан ҳам ўттиз нафардан ортиқ киши бу лойиҳага жалб этилди.
«Сизга узумзор қилиб берамиз. Узумини сотасиз, оилангизга фаровонлик киради. Шундан кейин бу ишни, яъни боғбонликни оилангиз билан давом эттирасиз. Эвазига йиллар мобайнида сизнинг номингизга берилган кредитни банкка қайтаришингиз зарур бўлади», дейишди. Банк, мижоз (яъни аҳли фуқаро) ва кооперация раҳбари ўртасида уч томонлама шартнома имзоланди.
Аммо бугун Бегламишсой далаларига борсангиз, ваъда қилинган интенсив узумзорни эмас, аксинча, қуриб қолган ток қаламчалари ва янтоқ босган майдонни кўрасиз. Не-не умидлар билан қадалган бетон устунлару томчилаб суғоришга мўлжалланган шланглар ҳам ташландиқ ҳолда ётибди.
Боз устига, фуқароларнинг телефонига кредитдан қарздорлик ҳақида SMS хабарлар келиши ёки ишлайдиган фуқароларнинг пластик карталаридан пул маб­лағлари ечиб олиниши давом этмоқда. Масалан, тумандаги 59-умумий ўрта таълим мактаби ходимлари Оқила Элматова, Лазиз Ғаниев, Фароғат Ғаниева, Отабек Шодмонов, Баҳодир Ҳақбердиевнинг пластик картасидан банк кредит учун маб­лағ ушлаб қолинган. Ҳеч қаерда ишламайдиган Шоҳиста Холбоеванинг болалари нафақа пулидан 600 минг сўм кесиб олинган. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Фуқаролар банкдан бирор мақсадда кредит олмоқчи бўлса, «Сизнинг номингизда кредит қарздорлиги бор. Пул маб­лағи беролмаймиз», дейишяпти. Бегламишсойга бориб, ўзига ажратилган ерни, узумзорни сўраган фуқаролар ҳам та­йинли, қониқарли жавоб олишолмаяпти.
Саволимиз шундай: қачонгача емаган сомсага пул тўлаймиз?

Ўктам БАРОТОВ
Кўкдала тумани, «Талоқтепа» маҳалласи

Халқ таълими вазирлигига!

СИФАТЛИ КЎМИРДАН УМИД ҚИЛСАК БЎЛАДИМИ?

Ҳадемай қиш мавсуми бошланади. Табиийки, олис ҳудудлардаги таълим масканларини иситиш масаласи кун тартибига чиқади. Кўплаб мактаб­лар табиий газ билан таъминланмаган, улар кўмир ёрдамида иситилади. Аммо мактабларга берилаётган кўмирнинг сифати мутлақо талабга жавоб бермайди. Бунга ўтган йили гувоҳ бўлдик.
Бу йил ҳам шу ҳолат такрорланмайдими? Умуман, қишлоқ мактаб­ларини қиш фаслида сифатли ва тез ёнувчан кўмир билан таъминлаш қачонгача пайсалга солинади?

Нормурод МУСОМОВ
«ISHONCH»