Бугунги замонавий дунёда деструктив кучлар ўзларининг бузғунчи мақсадларини амалга оширишда интернет-технологияларидан фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Бу, энг аввало, омма онгини манипуляция қилишга бўлган ахборий интилишларда намоён бўлади.
Интернет-манипуляциянинг замонавий деструткив сиёсий интернет-технологиялари кўп. Уларнинг энг оммавийларини билиш эса ҳеч қачон зарар қилмайди.
1. “Sock puppet” (қўлга кийиб, ўйналадиган қўғирчоқ). Вазиятни бутунлай издан чиқариш мақсадида интернетда бир қанча клон-ресурслар яратиш орқали ёлғон маълумотлар (фейклар) тарқатилади ва шу орқали виртуал тармоқ фойдаланувчиларининг эътибори муайян муаммога йўналтирилиб, куннинг долзарб масаласи сунъий равишда ўзгартирилади.
Махсус дастурлар ёрдамида бир неча юзлаб, минглаб фейклар ишлаб чиқилиб, виртуал маконда тарқатилади ва уларнинг барчаси ягона марказ (puppetmaster) томонидан бошқарилиб, шубҳа уйғотмаслик мақсадида, улар бир-бирлари билан ҳам баҳс-мунозарага киришадилар ва натижада, интернет фойдаланувчилари орасида ишонч қозониб, нуфузга эга бўладилар.
2). “Овертон ойнаси” (имкониятлар ойнаси). Бу сиёсий технология 1990 йилларнинг ўрталарида Ж.Овертон томонидан ишлаб чиқилган. Ўзига хослиги шундаки, бунда муайян жамиятга хос бўлмаган ёки у томонидан инкор этиладиган ҳолат (хусусият, ғоя, қадрият ва ҳ.к.) ўша жамият аъзолари учун долзарб сиёсий эҳтиёжга айлантирилади ва ҳуқуқий йўл билан мустаҳкамлаб қўйилади. Бунга мисол тариқасида “бир жинслилар никоҳи” тенденциясининг ижтимоий меъёр ёки қадрият сифатида юзага чиқаётганини келтириб ўтиш мумкин. Ушбу сиёсий интернет технологияси бир нечта босқични ўз ичига олади. Хусусан, 1 босқичда юқоридаги ғоя йўғрилган ахборот “ақлга сиғмайдиган” тоифадан “радикал” тоифага ўтказилади. 2 босқичда мазкур “радикал” тоифадан “мақбуллик” тоифасига ўтказилади. 3 босқичда ғояга доир маълумотларни очиқ ахборот манбаларида ҳам эълон қилиш бошланади. Жамоатчилик орасида ушбу мавзу борасида фаол тадқиқотлар ва муҳокамалар ўтказиш орқали унга доир ахборот “мақбуллик” тоифасидан “оқилоналик” тоифасига ўтказилади. 4 босқичда ғоя бутун бир жамиятга тарқатилади ва уни қўллаб-қувватловчилар юзага кела бошлаши билан ахборот “оқилоналик” тоифасидан “оммавийлик” тоифасига ўтказилади. 5 босқичда эса ғояга доир ахборот жамиятда ижтимоий-сиёсий қадрият ёки меъёр сифатида шакллантирилади ва шу орқали “оммавийлик” тоифасидан “долзарблик/эҳтиёж” тоифасига ўтказилиб, унинг ҳимояси қонуний тус олади.
3). “Twitter-инқилоб”. Инқилоблар ёки уларга олиб келувчи кенг кўламли норозилик ҳаракатлари оммабоп ижтимоий тармоқлар орқали мувофиқлаштирилиб борилади. Бу каби салбий ҳолатлар араб давлатлари (Тунис ва Миср) ва Украина ва Россияда кузатилган. Одатда бу каби ҳолатларга нисбатан илмий адабиётларда “рангли инқилоблар” атамаси қўлланилади.
4). “Оммавий вагон” (Гранфаллун). Мазкур сиёсий Интернет-технология ижтимоий психологияда “кўпчиликка қўшилиш (эргашиш) самараси” (band wagon effect) атамаси билан ҳам юритилади. Унга мувофиқ, оммавий намойишларда ёки норозилик ҳаракатларида иштирок этувчилар глобал тармоқ орқали ягона ва тўғри мақсадда ҳаракат қилаётганликларига ишонтирилади. Масалан, оммани бирлаштирувчи ахборотлардан бири сифатида “инсон бир марта дунёга келади”, “халқнинг иродаси шу” каби жумлаларини келтириб ўтиш мумкин. Мазкур хабарни олган шахсда, унинг мақсад ва қарашлари у яшаётган жамият кўпчилик аъзоларининг қарашлари билан умумийлиги туфайли ишонч ҳисси шаклланади.
5). “Фактоидлар” технологияси. “Фактоид” тушунчаси инглиз тилидан таржима қилинганда “фактни қабул қилиш шакли” маъносини англатади. Ушбу технология асосида ёлғон ёки нотўғри ахборотнинг турли Интернет-ресурслар орқали расмий хабар тарзида ишончли ёки ҳақиқат шаклида етказиб берилиши масаласи ётади. Чунки, аҳоли учун расмий ахборотлар энг ишончли манба бўлиб ҳисобланади. “Фактоид” атамасини 1973 йилда америкалик ёзувчи Н.Мейлер илмий амалиётга олиб кирган”.
6) “Ёрлиқ ёпиштириш, яъни бирор кимса ёки сиёсий гуруҳга лақаб қўйиш” (name calling). Бу технология шахсни ёки ғояни обрўсизлантириш мақсадида унга лақаб қўйиш орқали омма фикрини ўзгартиришда қўлланилади (масалан, “импералист”, “фашист”, “шовинист”).
Юқоридаги деструктив сиёсий интернет-технологиялар қаторида “Ёғду таратаётган умумлашма” (glittering generality), “Обрў-эътибор қозонган/нуфузли шахсларга ҳавола қилиш ёки уларнинг тавсиясига мувофиқ” (testimonial), “Ўзимизнинг йигитлар ёки оддий халққа мансублигини важ қилиш” (plain folks), “Ижтимоий масъулиятга ўйнаш”, “Ўйин картасини ўзига мослаб чийлаш” (card stacking), “Кўчириш ёки трансфер” (transfer), “Қўрқувга мурожаат қилиш”, “Сиёсий хеппининг”, “Индамаслик спирали”, “Қайта-қайта такрорлаш” (spiral of silence) каби технологияларни келтириб ўтиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, бугун айрим дунё мамлакатларида кечаётган сиёсий бўҳронлар ва турли низолар таҳлил қилинганда юқоридаги сиёсий деструктив интернет технологияларининг таъсирини ва оқибатини сезиш қийин эмас. Шу боис уларнинг ишлаш механизми ва таъсир доирасини тадқиқ қилиш ва бундан жамоатчиликни огоҳ этиб бориш ҳар жиҳатдан аҳамиятли ва фойдали ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларда мафкуравий иммунитет ҳосил бўлишига замин яратади.
И.Абдиев,
тадқиқотчи
