Коррупция – тараққиёт заволи

67

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган 30 га яқин қонун, 100 га яқин Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, Президентнинг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, унинг асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чоралари самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.
Фармон билан Агентликка Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи миллий индекс тузишни ташкиллаштириш юклатилди.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мансабдор шахс­ларнинг коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этаётганлик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Статис­тик маълумотларга кўра, 2017-2019 йиллар давомида 6127 нафар мансабдор шахснинг пора олиши билан боғлиқ жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилингани, 2019 йилнинг дастлабки олти ойида жами 661 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ 590 та жиноят иши қўзғатилгани, коррупцияга қўл урган ва жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келгани, коррупция жиноятларининг асосан тиббиёт, таълим, давлат хизмати кўрсатиш, хусусан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига лицензия ва рухсат бериш билан боғлиқ соҳаларда камаймаётгани ­ташвишлидир.
Ўз навбатида, 2021 йил январь ойида эълон қилинган Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил бўйича «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 26 балл билан 146-ўринни эгаллаб, 7 поғонага кўтарилди. 2019 йилда Ўзбекистон 25 балл билан 153-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 23 балл билан 158-ўринни ташкил этди. Ўзбекистон икки йил ичида 12-поғонага юқорилаб, Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашишда сезиларли ижобий кўрсаткични намойиш этди. Бу эса мамлакатда коррупцияга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганидан далолат.

Мирмуҳаммад МИРҲАМИДОВ,
Бош прокуратура бошқарма
катта прокурори