Жиззах вилояти ҳокимлиги – иккинчи!

98

АНИҚ ВА ЛЎНДА ЖАВОБ БЕРСА БЎЛАР ЭКАН-КУ!

«Ishonch» газетасининг шу йил 8 сентябрдаги сонида журналист Ҳалим ­Сайиднинг «Президент қарори нега бажарилмаяпти?» сарлавҳали мақоласи чоп этилганди. Унда Президентнинг 2022 йил 27 июнда имзолаган «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бюджет ташкилотларига улардаги «Кутубхона фонди» харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилиши белгилаб қўйилгани, аммо бу борада сезиларли ўзгариш кўзга ташланмаётгани ҳақида сўз юритилган эди.
Таҳририят «Сарлавҳадаги саволга қайси ҳоким биринчи бўлиб жавоб бера олади? Шундай ҳоким борми ўзи?» дея якунланган мақола чоп этилган газетани илова қилиб, муносабат билдириш учун Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига жўнатган эди.
Унга биринчи бўлиб Самарқанд вилояти ҳокимлигидан жавоб хати олинди ва газетанинг шу йил 8 октябрдаги сонида «Самарқанд вилояти ҳокимлиги – биринчи! Аммо… жавобдан кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши» сарлавҳаси остида чоп этилди.

Таҳририятдан:
Гапнинг очиғини айтганда, Самарқанд вилояти ҳокимлигидан келган номадан таҳририят бироз ранжиган эди. Аммо Жиззах вилояти ҳокимлиги муносабатидан сўнг шундай хулосага келмоқдамизки, ҳамма гап – эътиборда, масъулиятда экан. Аниқ ва лўнда жавоб берса, бўлар экан-ку! Шу ўринда, бу учун мутасаддиларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Шу билан бирга, бошқа вилоятлар ҳокимликларидан ҳам жавоб кутиб қоламиз.

Куни кеча таҳририят номасига Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳам жавоб хати юборди. Унда шундай дейилган:

Жиззах вилояти молия бош бошқармаси Сизнинг хатингизга асосан «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори Ҳалим Сайиднинг мактаб кутубхонаси фондлари учун ­маблағ ажратиш масаласида «Ishonch» газетасига мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Вилоятдаги бюджет ташкилотларининг 2022 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасида «Кутубхона фонди» харажат моддасига 740,3 млн. сўм маблағ ажратилиб, шундан 651,6 млн. сўм маблағ таъминотчи ташкилотлар ҳисобрақамига ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2022 йил 20 майдаги VI-35-1453-0-K/22-сонли қарорига асосан вилоятда «Китобхонлик ҳафталиги» тадбирлари доирасида 297,1 млн. сўмлик бадиий, илмий-оммабоп китоблар китобхонларга тарқатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-241-сонли қарорининг 13-бандига асосан халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш мақсадида газета ва журналлар обунаси учун маҳаллий бюджетдан 461,6 млн. сўм маблағ ажратилиб, таъминотчи ташкилотлар ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

Жиззах вилояти
молия бош бошқармаси
бошлиғи А.Раҳматуллаев