Даминовга зарар тўлови доимий тўланади

48

Абдулбоқи Даминов Мингбулоқ туманидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида мавсумий ўт ёқувчи бўлиб ишлаб келган.

У ўтган йилнинг февраль ойида мактаб биносининг иссиқлик қозонидаги сув қуйиш идишини назорат қилгани мактаб томига чиқади. Аммо эҳтиётсизлик оқибатида пастга қулаб тушиб, оғир тан жароҳати олади.
Ишлаб чиқаришдаги бу бахтсиз ҳодисадан вақтида хабардор бўлган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мингбулоқ тумани кенгаши ходимга етган зарарни ундириш мақсадида мактаб директорига ёзма мурожаат билан чиқди.
– Унга кўра, жабрланувчининг меҳнатга лаёқатсизлик даражаси Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан ўрганилди, – ­дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мингбулоқ тумани кенгаши раиси Абдурашид Якубов. – ТМЭК хулосасига асосан ходимга иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланди ва унга 9 миллион 864 минг миқдорида бир йўла тўланадиган зарар миқдори тўлаб берилди. Шунинг­дек, ҳар ойда тўланадиган зарар тўлови суммаси ҳам белгиланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, зарарни тўлаш суммаси жабрланувчининг эҳтиётсизлик даражасига қараб камайиши ҳам мумкин, лекин бу камайиш эллик фоиздан кўп бўлмаслиги қонунчиликда алоҳида белгилаб қўйилган.

Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»