Жияним Улуғбекнинг хотини дўкон очган. Аммо у шунчалик торки, бош сиғса, елка сиғмайди. Лекин унда, озгина лофи билан айтганда, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ун, ёғ, гуруч дейсизми, ширинликлар дейсизми, картошка-пиёз, қовун-тарвуз дейсизми?.. Ҳатто велосипеднинг эҳтиёт қисмларини сўрасангиз ҳам топиб беришади.
Дўкондан харидорлар аримайди. Фақат битта муаммоси: нақдга олувчилардан насиячилар кўп. Шу сабаб келин қарздорлар учун иккита дафтар тутган. Биринчи дафтарга пенсионерлар, иккинчи дафтарга эса бошқа харидорларнинг рўйхати ёзилган.
– Пенсионерлардан қарзини ундириш осон, – дейди келин. – Лекин иккинчи дафтарнинг рўйхатини камайтириш қийин. Сўрасангиз, «Эрта-индин ойлик оламан», дейди. Кейинги гал сўраганимда, «Маошни ишлатиб юбордим. Энди кейинги ойликдан қарзимни узаман», дейди. Охири тўламай кетадиганлари ҳам бор.
Яқинда келин қарзни ундиришнинг ғаройиб йўлини топибди. Бировнинг уйига қарзини сўраб борса, ҳеч ким дарвозани очмабди. Қишлоқ жойда эса дарвоза юзига ёпиб қўйилади, холос. Ичкарига кирса, ҳовлида ҳеч ким кўринмасмиш. Қараса, сўрида яп-янги манти қасқон турган экан. Шартта қасқонни кўтариб, ҳовлидан чиқса, изидан ҳалиги қарздор ҳай-ҳайлаб югуриб чиқибди.
– Бу дўкондан олган молларингиз учун бартер, – дебди келин жиддий оҳангда, – агар уч кун ичида қарзингизни тўламасангиз, қасқонни сотиб юбораман.
Қарздор эртаси куниёқ дўконга чиқиб, қарзини тўлабди. Ҳозир ушбу гапдан хабар топган бошқа қарздорлар ҳам бирин-кетин қарзини тўлаётганмиш…
Бобомурод ТОШЕВ
