Таҳририятимизга «Ishonch» газетасида чоп этилган «E-huquqshunos» электрон тизими: янгилик яхшилик учунми ёки янглишиш учун?» сарлавҳали мақолада кўтарилган масала юзасидан Халқ таълими вазири ўринбосари Т.Комилов имзоси билан жавоб хати келди. Унда шундай дейилади:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5168-сонли қарори билан тасдиқланган «Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўғрисидаги Низом»га мувофиқ марказлар томонидан 2021 йил 1 октябрдан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига юридик тусдаги ҳужжатларга хулоса олиш бўйича «Е-huquqshunos» электрон тизими орқали хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги «Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-173-сонли қарорига асосан Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 2022 йил 1 августдан бошлаб тизимдаги давлат умумтаълим мактабларига босқичма-босқич хизмат кўрсатиш белгиланган.
Ҳақиқатан ҳам, газетанинг 2022 йил 8 октябрдаги 123-сонида чоп этилган «E-huquqshunos» электрон тизими: янгилик яхшилик учунми ёки янглишиш учун?» сарлавҳаси остида чиққан мақолада кўрсатиб ўтилган муаммолар мавжуд бўлиб, айрим туман (шаҳар)ларнинг юридик хизмат кўрсатиш марказларига келиб тушган юридик тусдаги ҳужжатларга ҳудудий хулоса бериш муддатини ўтказиб юбориш ҳамда «E-huquqshunos» электрон тизимида техник носозлик ҳолатлари учраётгани кузатилмоқда.
Бу борада вазирлик томонидан юзага келаётган муаммолар таҳлил қилиниб, келгусида мазкур муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хат йўлланган».
