Қурт тушган олмалар

105

Биринчи воқеа. Бундан қарийб 40 йиллар илгари ҳовлимизда икки туп эртапишар олма бўларди. Улар ҳар йили шохлари эгилиб яхши ҳосил берар, таъми ҳам жуда мазали эди. Раҳматли отам бу олмаларни меҳр билан парвариш қиларди.
Аммо кўпинча бир ҳолатдан ҳайрон қолардик. У киши қурт еб тагига тушган меваларни териб олиб ўзи ер, бизларга ҳам берарди. Отамдан нимага айнан қурт тушган олмаларни ейсиз, деб сўраганимда у киши: «Олманинг энг пишгани, сараси ва энг мазалисини қурт ейди-да», деб жавоб берарди.

Отамга қуртлар, ҳашаротларга қарши дори сепсангиз бўлмайдими, десак, у киши «йўқ, дорининг бир томондан фойдаси бўлса, иккинчи томондан, албатта, зарари ҳам бўлади» дерди.
Иккинчи воқеа. Икки ҳовли наридаги қўшнимиз – ёш ота-онанинг бир-бирига қариндошлиги йўқ, эр ичмайди, чекмайди, аёлининг ҳам саломатлиги жойи­­да.
Аммо негадир оилада туғилган бола ногирон, товонларини яхши боса олмайди. Уни текширган маҳаллий шифокорларнинг аксарияти бу ҳолатнинг сабаб­ларини аниқ айтиб бера олмади. Бирови у дейди, бирови бу.
Муаммога Олмониядан келган таниқли шифокор ойдинлик киритди. Унинг айтишича, боланинг отаси ёки онаси фарзанд ҳали дунёга келмасдан олдин дориланган мева истеъмол қилган ва бундай ҳолатлар сўнгги йилларда кўплаб учраётган экан.
Учинчи воқеа. Туман шифохонасига «Тез ёрдам» машинасида ўрта ёшли эркакни олиб келишди. Шифокорнинг айтишича, у тарвуздан заҳарланибди.
– Ҳар йили ёз, пишиқчилик мавсуми бошланиши билан бунақа ҳолатлар кўпая­­ди, – дейди қабул бўлими шифокори. – Айниқса, апрель ойидаёқ бозорларга чиққан тарвузлардан эҳтиёт бўлган яхши. Чунки уларнинг аксарияти иссиқхоналарда турли кимёвий ўғитлар ёрдамида етиштирилади.

«Фақат табиий озуқа билан иш битмайди-да…»

Зийрак ўқувчи юқоридаги воқеаларни боғлаб турган асосий мантиқни, яъни гап нимага бориб тақалаётганини сезди, чамаси.
Ҳа, бугун истеъмол қилаётганимиз мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари, мол, парранда, балиқ гўштининг аксариятида турли кимёвий воситалар борлиги аён ҳақиқат. Фикримизни мисоллар билан далиллашга ҳаракат қиламиз.
Кейинги йилларда интенсив боғ яратиш, олманинг турли навларини четдан келтириб, уларни маҳаллийлаштиришга эътибор кучайди. Тўғри, бу олмаларни кўрсангиз кўзингиз қувнайди. Чиройли, мазали, бозорбоп, харидоргир, касалликка чидамли, рақобатбардош ва ҳоказо…
Аммо бу меваларга пластмасс қувурчаларда сувга қўшиб томчилатиб берилаётган ким­ёвий ўғитларни ҳеч кўрганмисиз? Агар кўрмаган бўлсангиз, эринмасдан бир бориб томоша қилинг!
Номини айтмайману, касбим тақозоси билан ўтган йили шундай интенсив боғлардан бирида бўлишга тўғри келди. Сувга қўшиб меваларга берилаётган ­кимёвий дорилар омборини кўрдим. Бу ерда 20 га яқин шундай восита мавжуд экан. Эшикдан киришим биланоқ димоғимга урилган қўланса ҳиддан бошим айланиб кетди.
Яна бир бошқа мисол. Йирик паррандачилик хўжаликларидан бирида товуқлар учун тайёрланаётган озуқага қанақадир дори қўшилаётганини ҳам гувоҳи бўлдим.
– Бу нарса товуқларни қисқа муддатда роса семиртиради, – дейди саволомуз қарашимга жавобан товуқбоқар тадбиркор. – Бўлмаса, фақат табиий озуқа билан иш битмайди-да, ака. Банкдан фалон сўм кредит олганмиз. Қолаверса, буёғи – тирикчилик.

Атмосфера ҳозирда 200 хил зарарли моддалардан ифлосланмоқда

Сўнгги йилларда ҳар бир соҳада янги технологиялар қўлланяпти. Илмий-техник тараққиёт одамларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиляпти. Бундай ривожланиш кўзни қувонтиради. Аммо, минг афсуски, ҳар қандай тараққиётнинг ижобий томони бўлиши билан бир қаторда, салбий жиҳатлари ҳам бўлар экан.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирда атмосфера ҳавоси биргина автомобиль транспортидан чиқаётган ва турли хусусиятларга эга бўлган 200 хилдан кўпроқ зарарли моддалар билан ифлосланмоқда. Улкан завод ва саноат корхоналаридан кул, тутун, чанг, зарарли газлар, металлар, мис, қўрғошин, pyx, темир, молибден ва бошқа рангли металларнинг атмосферага ташланиши ҳавони, тупроқни, сув ҳавзаларини зарарламоқда.
Атроф-муҳит пестицидлар, минерал ўғит ва бошка кимёвий моддалар билан ифлосланмоқда, саноат корхоналаридан чиқаётган чиқинди сувларининг чала ярим тозаланиб дарё сувларига ташланиши, атроф-муҳитнинг зарарланиши инсоннинг сиҳат-саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам XXI асрда атроф-муҳитни, яъни табиий муҳитни, табиатни асраш ва муҳофаза қилиш дунё миқёсида энг долзарб масалага айланмоқда.

Инсон камида 120 йил яшаши мумкин, агарда…

– Дарахтзорларга сепиладиган тонналаб заҳарли моддалар ҳавога тарқалишидан ташқари, уларнинг маълум миқдори сабзавот ва меваларга ўтади, ҳашаротларни ўлдиради, – дейди 85 ёшида ҳам йигитлардек навқирон кўринган Пол Брегг. – Заҳарланган мева ва сабзавот истеъмол қилинганида бош оғриғи ва қайт қилиш аломатлари пайдо бўлади, химикатлар мева ва сабзавот қайнатилганда ҳам кетмайди. Лекин ҳар бир инсон маълум гигиеник ва парҳез қоидаларга риоя қилган ҳолда ўз умрини узайтириши мумкин. У ўз танаси ҳақида қайғурсин, чунки фақат соғлом инсонгина ватанга муносиб хизмат қила олади. Ишонаманки, ҳар бир инсон камида 120 йил яшаши мумкин, буни фан ҳам тасдиқламоқда.

1000 дан ортиқ синтетик қўшимчалар…

Олимларнинг фикрича, ҳозирги вақтда 1000 дан ортиқ турли-туман синтетик қўшимчалар истеъмол қилинадиган озуқаларга қўшилмоқдаки, улар кўплаб янги касалликларни келтириб чиқармоқда.
Инсон организми алоҳида ҳужайралар йиғиндисидан иборат. Агар у истеъмол қилаётган озуқа ҳужайранинг ўсиши ва нормал ишлаши учун етарли бўлганида бу ҳужайра камида 120 йил яшаши мумкин эди. Лекин инсон ўз ҳаёти давомида ифлос ҳаводан нафас олса, табиийки, бу ҳужайраларга салбий таъсир ўтказади, натижада ҳужайра касалланади ёки ўлади.
Инсон ўз озуқасини турли синтетик кимёвий маҳсулотлар билан аралаштириб еса, айниқса, бир маҳсулотда турли қўшимчалар бўлса, ҳужайраларга жуда ёмон таъсир қилади, ҳужайра ўз вазифасини чала бажаради ёки бутунлай бажара олмайди. Ўзингиз ўйланг, организм қандай қилиб нормал ишласин, биз унга кетма-кет синтетик қўшимчалар бериб турсак?

«Оиламизда касалланиш ҳолати йўқ…»

Қўшработ туманидаги тоғлар, адирлар бағрида жойлашган Ҳайтанбулоқ ­қишлоғида яшовчи Иноят Аркаевнинг ­фикрича, ҳозирги пайтда кимёвий воситалар аралашмаган мева, сабзавот, полиз, гўшт маҳсулотлари деярли қолмаган. Шунинг учун у киши ҳовлисидаги томорқада маҳсулотларни табиий равишда етиштириб, оила аъзоларига едиради. Балки шунинг учунми, улар орасида касалланиш ҳолати йўқ.
Тўғри, Иноят акада бор имконият бош­қаларда бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам ўз соғлиғимизга бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Яна бир бор таъкидламоқчимизки, мулоҳазаларимиз билан кимларнингдир қилаётган ишларини қоралашдан мутлақо йироқмиз. Шунчаки ҳозирда кўзларимизни қамаштираётган танганинг орқа томонига ҳам бир қур назар солдик, холос. Қолаверса, кўпни кўрган кексаларнинг айнан қурт тушган олмаларни териб ейишида ҳам бир ҳикмат бўлса керак. Нима дедингиз, азиз замондош?

Ёр МУҲАММАД,
журналист