Хизмат кийими ходимга салобат бағишласин…

101

«Ўрикзор» бозорига бораётгандим. Йўлни кесиб ўтаётганимда «Тоза ҳудуд» корхонаси ишчиси йўл-патруль хизмати ходимлари хизмат чоғи фойдаланадиган таёқчани қўлига олволиб, автомобиллар ҳаракатини бошқараётганига кўзим тушиб ажабландим. Хаёлимдан «У нега бу ерда турибди?» деган фикр ўтди.

Орадан кўп ўтмай бошқа бир ҳудудда ҳам худди шундай ҳолатга дуч келиб, ҳайратим янада ошди.
– Анави йигит кўчанинг қоқ ўртасида нима қиляпти? – деб сўрадим ўзим кетаётган енгил автомобиль ҳайдовчисидан.
– Ишлаяпти, – деди у бафуржа оҳангда. Ортидан қўшимча қилди. – «ГАИшник» бўлгани учун кўчанинг ўртасида ҳам вазифасини бажаради-да.
– Ие, бу ЙПХ ходимими? – дедиму тилимни тишлаганча жим бўлиб қолдим.
Очиғини айтсам, бу тизим ходимларининг формаси ўзгарганидан хабарим йўқ эди. Шу боис уйга келибоқ, интернетни титкилашга киришдим. Пировардида Kun.uz сайти 2020 йил 12 февралда ёритган «Бугундан бошлаб Тошкент шаҳрининг турли нуқталарида ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош­қармаси Йўл-патруль хизмати ходимларининг янги формаси тажриба тариқасида синовдан ўтказилмоқда» деган хабарни топдим.
Бошқа бир манбада 2021 йил 22 сентябрда ёзилган «ИИВнинг 335-сонли буйруғига асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ЙПХ ходимлари учун янги форма тасдиқланди. Янги намунадаги кийим-бош фақат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ЙПХ ходимларига берилади» жумлаларини ўқидим. Хабарга суратлар ҳам илова қилинганди. Ажабланарлиси, ходимларга қишки форма кийгизилиб ва ҳар тарафдан суратга туширилиб, интернетга жойлаштирилганди. Ёзги форма маникенга кийдирилиб тасвирга олинган атиги биттагина суратда акс этганди. Одам кийганининг фақат белги тақилган кўкрак қисми кўрсатилган.
Бу кийимларнинг қишкиси маъқулроқдай кўринди. Аммо ёзгисининг ранги ва дизайни ҳам бир аҳвол. Узунқулоқ гапларга қараганда, унинг сифати ҳам талабга жавоб бермайди. У ҳаво ўтказмайдиган матодан тикилган. Бизнинг иқлимимиз эса ўзингизга маълум. Айниқса, ёзда ҳаво жуда исиб кетади. Бундай шароитда ушбу либосдаги ЙПХ ходимларининг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Мен хунук ва бесўнақай кийимдаги бу кишиларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим…
Буюк модельер Коко Шанель «Биринчи таассурот қолдириш учун иккинчи марта имконият берилмайди», деган эди. Бас, шундай экан, ЙПХ ходимларининг бу формасини яна янгилаш керак. Биз унинг маҳаллий иқлимимизга мос, очиқроқ рангли пахта матосидан тайёрланишини ва ходимга салобат бағишлайдиган бичимда бўлишини истаймиз.

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»