Бугун Ўзбекистон аккредитация маркази ҳузурида рўйхатдан ўтган лабораториялар сони 500, халқаро стандартга мувофиқ фаолият юритаётган лабораториялар сони эса 100 дан ошиқ. Ушбу лабораторияларда маҳсулотларни мажбурий равишда сертификатлашдан ўтказиш рўйхати бор.
Унга кўра, айрим маҳсулотлар сертификатлашдан ўтиши шарт, айримларига нисбатан бундай мажбурият йўқ.
Лекин бундай тоифага оид маҳсулотлар ишлаб чиқарувчининг хоҳишига кўра баҳоланиши мумкин. Яъни, халқимизнинг жамоатчилик назоратидан кўра самарали текширув механизми йўқ. Шундай бўлса-да, бугун метрология соҳасига янги техника, сўнгги замонавий ускуналар келтирилиб, олдин мавжуд бўлмаган имкониятлар ишга солинмоқда. Ўзбекистон Аккредитация маркази мутахассислари ҳамроҳлигида Метрология институтининг бир қатор лабораторияларига уюштирилган пресс-турда журналистлар мамлакатимизга олиб кирилган янги ускуналар билан таништирилди.
– Лабораториямизда озиқ-овқат маҳсулотларини меъёрий ҳужжат талабларига асосан текширувдан ўтказилади, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институтининг сифат назорати ва илмий тадқиқотлар марказий лабораторияси бош мутахассиси Феруза Азимжонова. – Барча турдаги озиқ-овқатларни текшира оламиз. Охирги пайтларда юртимиздан қуруқ мевалар – майиз, бодом, писта, ёнғоқ, туршак каби маҳсулотлар хорижга кўп экспорт қилинмоқда ва бизга халқаро талабларга мувофиқлигини текшириб бериш бўйича таклифлар ошган.
Келган ҳар қандай маҳсулотни органик ва физик-кимёвий таркиби бўйича ўрганамиз. Камчиликлар аниқланса, корхонанинг технологларини чақириб, уларга тавсиялар берамиз. Улар аниқланган камчиликларни тузатиб, маҳсулотларини хорижга олиб чиқишади.
–Сўнгги йилларда қайси маҳсулотларимизнинг сифати ижобий томонга ўзгаряпти?
–Бундан 5-6 йил илгари сут ва сут маҳсулотларига ўсимлик ёғини рухсат этилган миқдордан кўп қўшиш ҳолатлари кузатиларди. Сўнгги йилларда бу борада ижобий ўзгаришларни кўряпмиз. Қолаверса, сут ва сут маҳсулотлари энг муҳим озуқа бўлгани боис, уларга бўлган талаб ҳам катта ва биз уларни текширишда ишимизга катта масъулият билан ёндашамиз.
Шундан сўнг журналистлар «Ҳарорат катталикларини ўлчаш», «Ионлаштирувчи нурланишлар катталикларини ўлчаш» лабораторияларида маҳсулотлар сифатини баҳолаш, синовларни олиб бориш тартиби билан ҳам танишди. Мутахассисларнинг айтишича, шу пайтгача тиббиёт муассасаларидаги рентген ва флюорография ускуналаридан таралувчи нурланиш даражасини аниқловчи ускуналар бўлмаган. Эндиликда ўзимизда ҳам ушбу ускуналарнинг тўғри ёки мувофиқлигини хориж компанияларида текширтиришга ҳожат қолмади.
Аккредитация маркази мутахассислари маҳсулотлар сифатини таъминлашда мувофиқликни баҳолаш органлари (МБО)нинг аккредитациядан ўтганлиги экспортёрлар ва харидорлар учун ишонч уйғотишини таъкидлаб ўтди. Зотан, аккредитациядан ўтган лабораториянинг сертификатини олган маҳсулотлар хориж бозорларига техник тўсиқларсиз кириб бориш имкониятига эга. Бунга сабаб эса Марказнинг жорий йил сентябрь ойида икки нуфузли халқаро ташкилот — Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик (ИЛАК) ва Халқаро аккредитация форуми (ИАФ)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилиниб, ушбу ташкилотларнинг кўптомонлама битимларини имзолади. Бу эса ўзбек маҳсулотларининг битим имзолаган 120 га яқин давлат бозорларига техник тўсиқларсиз кириб бориш имконини беради.
Аммо бунинг учун ҳар бир маҳсулот халқаро стандартлар талабларига кўра синовдан ўтиши лозим. Аккредитация идораси мутахассислари лабораторияларнинг ушбу стандартлар бўйича қай даражада тўғри, малакали ва аниқ иш олиб бораётганини баҳолайди.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
