Муҳташам кошонада Ўзбекистон касаба уюшмалари куни нишонланди

138

Икки йилдирки мамлакатимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланмоқда. Ҳар бир меҳнат жамоасида ўзгача шукуҳ. Турли танловлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, фаоллик кўрсатган ишчи-ходимлар рағбатлантириляпти.

…Байрам тантаналари учун мўлжалланган таъмирдан чиқ­қан муҳташам кошона – Касаба уюшмалари саройи ўзгача тароват касб этган. Президентимиз топшириғи билан касаба уюшмалари Федерацияси ихтиёрига берилган мазкур бино қисқа вақт ичида ўзининг асл сийратига мос равишда замонавий маданият ва санъат маскани сифатида қайта тикланди. Бино олдидаги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган танловлар ғолиб­ларига аталган машиналарга ҳамма ҳавас ила боқади. Жонли гулларда композициялар билан безатилган зал фойеси бўйлаб сарой тарихига оид фотокўргазма ташкил этилган…
Ўзбекистон касаба уюшмалари саройининг расмий очилиш маросими бошланди. Касаба уюшмалари масъуллари, давлат ва жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар вакиллари, нуронийлар, бир гуруҳ фаоллар иштирокида карнай-сурнай садолари остида рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар ичкарига таклиф этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига байрам табригини Президент маслаҳатчиси Музаффар Камилов ўқиб эшиттирди.
Табрикда давлатимиз раҳбарининг 11 ноябрь – Ўзбекис­тон касаба уюшмалари кунига меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва ушбу кунни дам олиш куни деб белгилаш ҳақидаги таклифини йиғилганлар қарсаклар билан қарши олишди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат мадҳияси ­янгради…
Сўнгги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимиздаги нодавлат муассасалари орасидаги энг нуфузли бирлашмалардан бири сифатида ўзини намоён қилмоқда. Давлат ва жамият ўртасидаги муҳим ва ишончли кўприкка айланган йирик жамоат ташкилоти томонидан халқимиз турмушини фаровон этишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширил­япти. Янгидан-янги объектлар қурилиб, халқимиз хизматига топширилмоқда. Касаба уюшмалари саройи ҳам улардан бири сифатида тарих зарварақларида муносиб жой оладиган бўлди.
Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган фаол, фидойи, ташаббускор инсонларни рағбатлантиришга бағишланган ҳаяжонли лаҳзалар бошланди.
Дастлаб, болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсуми ташкилотчилари «Энг намунали стационар болалар оромгоҳи», «Болалар оромгоҳини намунали ташкил этган корхона», «Болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этган ҳудуд», «Ёз мавсумида фаол иштирок этган ишчи гуруҳ» номинациялари бўйича тақдирланди.
Ватан тараққиёти, унинг ­қудратини юксалтиришда фидойилик қилаётган, касаба уюшмалари нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимизга эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг юксак мукофоти – «Эҳтиром нишони» топширилди.
Кўп йиллик самарали меҳнати, эришган алоҳида ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида ўтган йили «Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти таъсис этилган эди. Тантанали тадбирда ушбу мукофот ҳам ўз эгаларини топди.
Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида бўлган 30 та санаторий, Даволаш профилактика марказида ҳар йили минглаб ишчи-ходимлар, фахрийлар соғлиғини тиклайди. Уларнинг фаолияти маиший-техник ва тиббий имкониятлари, даволаш усуллари, хизмат кўрсатиш сервиси жаҳон стандартлари даражасига кўтарилмоқда.
Айни шу муваффақиятлар, соҳадаги янгиланишларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си тизимдаги ушбу масканларда фидокорона меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантириб боришни йўлга қўйган. Ғолиблар «Энг яхши шифокор», «Энг яхши ҳамшира», «Энг яхши пазанда» номинациялари бўйи­­ча эътироф этилди. «Энг яхши санаторий» номинацияси ғолиби бўлган Абу Али ибн Сино номидаги санаторийга эса Санатор-курортлар бошқармаси маблағлари ҳисобидан 100 млн. сўм ажратилгани алоҳида таъкид­лаб ўтилди.
Шундан сўнг «Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари», «Энг яхши қурувчи», «Энг яхши муҳандис», «Энг яхши қурилиш назоратчиси», «Энг яхши ­лойиҳачи», «Энг намунали қурилиш ходими», «Энг яхши ўқитувчи», «Энг яхши журналист», «Энг яхши ҳудудий мухбир», «Энг яхши спортчи» номинациялари эгалари рағбатлантирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Аёллар дафтари» тизими, айтиш жоизки, ўзига хос лойиҳага айланди. Зотан, айнан шу дастур орқали минг­лаб оналаримиз, опа-сингилларимизнинг мушкули осон бўлди, рўзғорига барака кирди. Буни халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда. Бундай кенг миқёсли лойи­ҳани амалга оширишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бу борада фидокорона меҳнатлари билан барчага ўрнак бўлаётган, аёлларнинг муаммо ва мурожаатлари ҳал этилишига салмоқли ҳисса қўшаётган масъул ходимларнинг ўрни бўлакча.
Бундай фидойи ходимларни муносиб рағбатлантириш бўйи­­ча республикамиз ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида «Энг яхши маҳалла раиси», ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида «Энг яхши сектор раҳбари», гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида «Энг намунали иш берувчи аёл», маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривож­лантиришда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна бўлган ҳоким ёрдамчиларини рағбатлантириш мақсадида «Энг яхши ҳоким ёрдамчиси», маҳаллада ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда фидойи­лик кўрсатган ёшлар етакчилари ўртасида «Энг яхши ёшлар етакчиси», «Аёллар дафтари» тизими доирасида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишда фидокорона меҳнат қилиб, юксак кўрсаткичларга эришган маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Энг яхши хотин-қизлар фаоли» танловлари ўтказилган эди. Ушбу танловлар ғолибларига Президент совғаси, яъни 1-ўрин соҳибларига «Жентра», 2-ўрин соҳибларига «Кобальт», учинчи ўрин соҳиб­ларига «Спарк» автомобили топширилди.
Тантана ранг-баранг концерт дастурлари билан янада ­файзга тўлди. Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, ­Шерали Жўраев, Мансур Тошматов, Юлдуз Усмонова ва бошқа таниқли санъаткорлар, бахшилар, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Мукаррама Турғунбое­­ва номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли, «Томоша» болалар ашула ва рақс ансамблининг дилтортар тароналари, шеър ва турфа чиқишлари иштирокчиларга унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.
Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу тадбир таъсирли онларга бой бўлди. Меҳнат, изланиш, заҳмат ҳақиқий баҳосини, рағбатини олди. Зеро, Президентимиз табригида таъкидланганидек, самарали меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўриш – ҳар бир инсон ҳаётининг маъно-мазмунидир.

Салим АБДУРАҲМОНОВ
«ISHONCH»