Япроқ умри

98

Дарахтнинг нозик шохида пиндик ёриб чиқди. Дарахт қуёш ҳароратидан ҳомиладор эди. Баҳорнинг ёмғирли кунларидан бирида дарахтнинг кўзи ёриди – чиройли, ям-яшил япроқ-фарзанд кўрди. Унинг танаси енгил бўлганидан бениҳоя хурсанд эди. Сўнг бирин-кетин яшил япроқчалар дунёга кела бошлади.

Эҳ-ҳе, ўша кунлари дарахт бир дунё «қўзилади». Шохлар фарзандлари –япроқлардан яйраб-яшнади, яшил либосга бурканди. Энди одамлар ҳам унга ҳавас билан қарай бошлашди. Кўзлар ҳайратдан ёнди. Бири-биридан чиройли, гўзал япроқлар одамлар қалбига яхшилик ва яшиллик бағишларди.
Япроқлар она-табиатнинг беминнат мўъжизалари эди. Бу бетакрор гўзаллик­ларга термулгани сайин одам руҳи ҳам осмондай юксалиб борарди.
Яшиллик – яхшилик, яшиллик – самимийлик, яшиллик ҳалолликдир. Бу бебаҳо яшил ранг одамларни ёмонликдан, ёвузликдан, иллатлардан қутулишга, йироқ бўлишга даъват этади, огоҳлантиради.
Яшиллик огоҳликдир! Яшиллик иймон-эътиқод билан яшашдир. Яшиллик руҳий юксалишдир!..
Олам яшилликдан ўпкаси тўлиб-тўлиб нафас ола бошлади. Олам яшилликка бурканди. Бир ёзувчи акамиз ёзганидек: «Олам ям-яшил».
Япроқ туғилган куни роса байрам бўлди. Дунёга келганидан қувончга тўлган япроқ, бу байрамни ёлғиз ўзи нишонлади. Дил сўзларини ўзига ўзи изҳор қилди, ҳамду санолар айтди.
У овози борича ҳайқирмоқчи эди, лекин улуғ ва бепоён осмонни кўриб, шаштидан қайтди. Осмондан ҳайиқди. Осмон кўрмаса ҳам, аста эгилиб унга таъзим қилди. Осмоннинг ҳайбати босди уни. Унинг буюклигига, қудратига, якка-ю ягоналигига япроқ ҳам иймон келтирди.
Япроқ туғилган кунида бошқа япроқларга сездирмай, уялиб рақсга тушди. Ўзини ўзи хурсанд қилди. Бошқа япроқлар унинг гўзал ва ҳаёли рақсини кўриб, ҳавас қилдилар.
Аслида япроқ кеча туғилган эди. Кеча роса ёмғир ёғди. Илк ёмғир томчиси юзига қўнган лаҳзани япроқ унутолмайди. Совуқ томчидан япроқ сесканди. Қитиғи келди. Томчилар аста-секин тезлашди. Томчиларнинг сийпалаши унга ёқди, яйраб маза қилди. У ҳу-узу-ур қилиб чўмилди, ғуборлардан батамом холи бўлди.
Кутилмаганда эсган девона шамол япроқни қаттиқ силкитиб юборган эди, томчилар дув тўкилди. Япроқ жунжикди.
«Гадонинг душмани гадо бўлади» деганларидек, шундоқ япроқнинг ёнидан ўсиб чиққан яна бир япроқ нуқул унга ҳасад қилиб, ғашига тегарди. Шамол эсиши биланоқ атайлаб унинг устига ўзини ташлаб олди. Кўролмайди ярамас.
Туғилган кунида ҳам хўмрайиб қўйганди шу япроқ. Бечора япроққа кун бермайди, бўлар-бўлмасга турткилайди.
Ҳасад жуда ёмон иллат. Бу ярамас офатга гирифтор бўлган не-не япроқлар аллақачон хазон бўлди, изсиз, номсиз кетди. Қисқа умрлари давомида шундоқ яйраб нафас олиш ҳам насиб этмади. Шу боис ҳасадгўй япроқ олдин жизғанак бўлиб, кейин қуриб-қовжирайди. Сўнг бандидан узилиб, хазонлар уюмига айланган ҳасрат ва надомат хирмонига қўшилиб, кул бўлади. Шафқатсиз супурги эса уни сасиб ёнаётган хазонлар тўдасига қўшиб юборади. Ҳасадгўйга бундан-да оғир, бундан-да шафқатсиз жазо йўқ!
Ҳой япроқжон! Сен одам бўлиб дунёга келмаганингга шукур қил! Одамнинг ҳасадгўйи ёмон бўлади. Шундай ҳасадгўйлар борки, агар сенга бир ёпишса, тамом, илигингни қуритмагунча қўймайди. Ҳасадгўй айниқса кўпроқ истеъдоднинг душмани бўлади. Ё чаёнга ўхшаб чақади, ё илонга ўхшаб заҳарлайди. Ундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Не-не улуғ зотлар, машҳур ижодкорлар, олимлар ва санъаткорлар ҳасадгўйлар туфайли қурбон бўлганларига тарих гувоҳ. Афсуски, бу ҳол ҳамон давом этаётир.
Ғийбатчилар, ҳасадгўйлар, ғаламисларнинг қилмишларини кўриб ёқа ушлайсан. Наҳотки, одам боласи шунчалар пасткашликка боради? Ёлғончилик, сотқинлик баъзи кимсалар учун машғулотга айланиб қолган. Бундайлардан қочиб қутулиб бўлмайди: ё рўпарангдан чиқади, ё сен ўтирган даврада пайдо бўлади. Одам зоти пайдо бўлганидан буён ҳавас ва ҳасад ёнма-ён яшаб келади. Улар ҳамиша бир-бирига панд беришга шай туради. Баъзан ҳаваснинг қўли баланд келса, баъзан ҳасаднинг кўчасида байрам бўлади… Афсуски, ҳавас кўчасидан кўра, ҳасад кўчасида юрганлар кўпроқ…
Баъзан япроқни чанг-тўзонлар ҳам жонидан тўйдириб, хуноб қилиб юборади. Лекин унинг иродаси кучли эди. Ҳамма кўргуликларга, азоб-уқубатларга чидади. Осмоннинг беминнат марҳамати билан ёмғир уни сийлаб, ювиб поклади. Япроқ юзидаги ғуборлар обдон ювилди.
Жазирама жонига озор бериб, олов пуркади. Япроқ чидади. Бундай лаҳзаларда тунни кутиб яшади. Салқин кечада ­тўйиб-тўйиб нафас олди. Тонгги шабададан яйраб-яйраб завққа тўлиб-тошди.
Гоҳо унга катта-кичик шамоллар ҳам даҳшат солди. Уни бандидан узиб, учириб кетмоқчи бўлди, чирпирак қилишга кўп марта уринди. Япроқ асло таслим бўлмади. Унинг жони қаттиқ эди…
Япроққа ҳеч қачон қишни кўриш насиб этмаган, этмайди ҳам. Қаҳратон япроқнинг тушига киради. Қиш куздан ёмон, куздан қаҳрли…
Яна қиличи билан куз келди. Дарахтлар ҳам, япроқлар ҳам куздан ниҳоятда чўчийдилар, япроқлар қўрқувдан тит­райдилар. Ҳар куни, ҳар лаҳза жонларини ҳовучлаб яшайдилар. Ҳар нафасда осмонга илтижо қиладилар, мадад сўраб ёлворадилар: «Жонимни омон сақла!».
Миллион-миллион, эҳтимол, миллиард-миллиард япроқларнинг умрларига битилган бу аянчли қисматдан қочиб қутулишнинг асло иложи йўқ. Япроқлар умри капалак умридай қисқа. Бор-йўғи олти-етти ой яшайдилар.
Кун нафаси япроқларни яшил рангдан жудо қилиб, сарғайтириб юборади.
Куз – ажал фасли. Япроқ сарғайиши билан ўзларининг хос азроиллари етиб келади. Дунё юзини олдинма-кейин бирга кўрган қадрдон дўсти ва сирдоши бўлган япроқнинг танасидаги сариқ нуқталар ва чизиқларни кўриб, уни ҳам титроқ босди. Оғриқ, ғам ва ваҳима исканжасида қолди. У ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳбусдек титроқка тушди.
Япроқ ғамга ботди. Уч-тўрт кунда батамом сарғайиб кетди. Умри тугашига саноқли дақиқалар қолган эди. Унинг тушида ажал жилва қиларди…
Эрта тонгда эсган майин шаббода туфайли ёнида сарғайиб кетган дўсти узилди. Яна бир япроқ умри барҳам топди. Япроқ баргидан узилиб, ҳавода рақс тушиб пастга қулади. Гўё ер силкингандай бўлди. Лекин бу аламли видони япроқлар эшитди, холос. Улар дўстлари бўлмиш япроққа мотам тутдилар. Ҳатто у билан видолаша олмадилар. Япроқнинг дарди ичида кетди. Бу дунёдан тўймай кетганларнинг ҳам дардлари ўзлари билан тугайди. Бу ёруғ оламда уларнинг дардларини ҳеч ким олиб қолмайди. Уларнинг дардлари ўзларига етади. Дунёнинг дарди аримайди…
Бевақт узилган япроқдай умр шами эрта сўнган, қалбларимизни қайғуларга тўлдириб, ҳасрат хазонларига кўмиб кетган таниқли шоир Шойим Шерназар «Япроқ умри» шеърида шундай дардли мисраларни ёзган эди:

Менда ҳам кун саноқли,
Умрим япроқнинг умри –
Баҳорда очиламан,
Гуллаб мева қиламан.

Дош бераман дўлларга,
Дардим айтиб гулларга.
Осмон менинг бошпанам,
Шу замин менинг онам.

Менда ҳам кун саноқли,
Умрим япроқнинг умри.
Қазо куним етганда
Ўламан кўп қатори.

Фақат қолади мевам,
Ширинми, аччиқми, билмам…

Шоирнинг шеъри япроқлар ҳасратига, дардига ҳамоҳанг янграйди. Ва одам боласини ҳам чуқур ўйга толдиради, умрнинг сарҳисобидай оғир саволларга кўмади…
Алвидо, шоир укажон! Илоё ётган жойингиз жаннатда бўлсин. Яна жаннат боғларидаги дарахтларнинг ям-яшил барглари ҳамроҳингиз ва чин дўстларингизга айланиб, бошингизда парвона бўлсин!..
Умр япроғи ёки япроқ умри… Бу сўзлар қандай шаклда ёзилмасин, бир хил маънони англатади. Улар япроққа айланса, нима бўлади? Ёки умр мазмуни япроқдай қисқа бўлса-чи, япроқдай тез сарғайиб кетса-чи?
Сарғайган умрда сарғайиш билан кечган ҳаётда мазмун бўладими ўзи? Аслида одам умрининг сарғайишига сабаб нима? Бу жараённи таҳлил қилишга, батафсил тасвирлашга қаламнинг кучи етмаса керак. Ҳар бир одам ҳаётда ўз рангини ўзи танлайди ва ўз тақдирига битилганидек, ё сарғаяди, ёки қорайиб кетади. «Ранг кўр, ҳол сўр» деган халқ мақоли бежиз яратилмаган, ахир? Докторлар биргина кўз сарғайишидан қанча-қанча касалликларни аниқлашади.
Одамнинг япроқдек сарғайиши ёмон,
Одамнинг япроқдек
бевақт сўлиши ёмон,
Ким сариқ рангни атай танлайди,
айтинг, ким?
Одамнинг хазон каби
эрта ўлиши ёмон.
Улуғ шоир айтганидек, «Агар чинор бўлсанг, чинордай яша, бевақт узилмасин бирор япроғинг».
Япроқ умри тугаб борарди. Лекин япроқнинг жуда-жуда яшагиси келарди. У ҳам ҳаётни севарди…
Наилож, япроқ дарахт танасидан ўсиб чиққан кичик маконини мардона тарк этди. Оҳ-воҳ қилмади. Ўйнаб-ўйнаб, маза қилиб, унга қисқа ҳаёт бағишлаган осмон ва дунёни қаҳ-қаҳ уриб, кулиб-кулиб тарк этди.
Дунё сенинг кулгингга арзийдими, ­дўстим япроқ?
Лекин сенга шу умр, шу тақдир берилган бўлса, нима ҳам қила олардинг? Буни қисмат дейдилар. Сени дунёга келтирган, дастлаб ям-яшил, сўнг сариқ рангларни ҳадя этган табиатнинг қатъий ҳукми бу. Ҳукмдан эса қочиб, қутулиб бўлмайди…
Алвидо, япроқжон, алвидо!..

Ашурали ЖЎРАЕВ