Қозонхонани таъмирлашни ҳам давлат дастурга киритиш керакми?..

79

     Кейинги кунларда қаҳратон қиш Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги Янгикент ОШП (оилавий шифокорлик пункти) ходимларини ҳам шошириб қўйди. Улар совуққа қарши даво излашга мажбур бўлмоқда. Хоналарда бир бурчакда ўраниб, чирманиб ўтирган тиббиёт ходимларининг ҳолатини кўриб, этингиз жунжикади.

“Чақар” ва “Янгикент” маҳалла фуқоролар йиғинлари ҳудудида яшовчи 11 мингдан ортиқ аҳоли ана шу “музхона” (йўғ-е, шифохона)дан нажот истайди. Таъмирдан чиққанига ҳали 4-5 йил бўлмасдан яна абгор ҳолатга келган тиббиёт масканига даволаниш уёқда турсин, бош суқишнинг ўзи бир азоб. Ана энди ҳудудда истиқомат қилаётган туғруқ ёшидаги 3112 нафар ва эрта-индин кўзи ёрилиши кутилаётган 167 нафар аёлнинг ана шу “иссиққина” бинода тиббий кўрикдан ўтишини бир тасаввур қилинг. Ҳудуддаги болажонларнинг касаликларга қарши эмланиши-чи?..

— Уйдан печка олиб келиб, уни иш кабинетимга мослаштириб, хонани иситишни ўйлаб турибман, — дейди акушер Гулсина Худойқулова.

Янгикент оилавий шифокорлик пункти раҳбари, катта ҳамшира Шаҳноза Қўчқорова бахтга қарши туман тиббиёт бирлашмасига кетган экан. Ҳамширанинг “қўл остида” хизмат қилаётган умумий амалиёт шифокори Жафар Исматов билан озроқ мулоқот қилдик.

— Баъзан қўл чайқашга сув ҳам муаммо, — дейди у болаларнинг вазнини ўлчовчи тарози устидаги бўш челакга ишора қилиб.

Наҳотки, бу масканни қиш мавсумига тайёрлаш ҳеч кимни ташвишлантирмаган. Аслида, бинода иссиқлик тизими, қозонхона, омбор тўла (салкам 10 тонна) кўмир бор. Қозонхонанинг аввалги йиллардан қолиб кетган кули ҳам қишги мавсумга не чоғлик “пухта” ҳозирлик кўрилганидан далолат бериб турибди. Қозонхона ва печкалар таъмирланмагани учун тиббиётчилар совуқда ўт ёқолмай “тутаб ўтиришибди”.

Туман тиббиёт бирлашмасида раҳбар алмашган экан. Янги раҳбар билан учрашдик. У Янгикент ОШП 2023 йилги давлат дастурига кирганлигини айтди. Эшитиб қувондик. Аммо дастур ижроси таъминлангунча ҳали яна бир қовун пишиғи бор. Унгача Иштихон тумани мутасаддилари муаммога бефарқ бўлиб, “қиш ҳам ўтарда кетар” дейишмас…

Ёки қозонхонани таъмирлашни ҳам давлат дастурига киритиш керакми?..

Нурилла Шамсиев