Мафкура ва ғояларнинг аҳамияти улар жамиятдаги муаммоларга ечим топишда қўл келадими?

95

Гапнинг индаллосини айтсам, декабрь ойи бошидан буён энергия таъминотида рўй бераётган узилишлар туфайли аҳоли ўртасида пайдо бўлган жиддий норозилик­ларни, тизим мутасаддиларига нисбатан эътирозларни эшитиб-кўриб, дилим ранжиди. Тўғри, эҳтимол, уйи­мизни етарли даражада исита олмаётгандирмиз, эҳтимол, ишлаб чиқаришда мажбурий «танаффуслар» бўлаётгандир. Лекин бу ғаразгўй шахслар гапига кириб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч­сизлик билдириш учун асос бўлолмайди.

Тунов куни ишга келаётиб, ҳаммаси ўз фикрини уқтиришга ҳаракат қилаётган уч-тўрт нафар ёшларнинг ўзаро суҳбати қулоғимга чалинди. Уларнинг алмойи-жалмойи гапларини эшитиб, жамият аъзоларида етарлича иммунитет ҳосил қилинмаса, маънавий ­эҳтиёжлар ўрнини моддий эҳтиёжлар эгаллаб олишига яна бир бор амин бўлдим.
Бугунги кунда дунё миқёсида энергия ресурслари етишмовчилиги бош­ланди. Шу боис Франция президенти ўз халқини бирдамликка чақириб, иссиқлик таъминоти бўйи­­ча қатъий чекловларга риоя қилиш зарурлиги ва уларни узундан-­узун совуқ қиш кутиб тургани ҳақида огоҳлантирди. Буюк Британия эса Европа Иттифоқига совуқ «Арктика оқими» кириб келаётгани ва электр энергиясида узилишлар бўлиши кутилаётганини айтди. Хитой ҳам кўп­лаб провинцияларида навбатма-нав­бат шундай ҳолатлар кузатилиши, буюк халқ қатъий қоидалар асосида бирлашиши, бу тўсиқлардан ҳам ўтиб олиши учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш зарурлигини эслатди. Японияни-ку айтмаса ҳам бўлади, ушбу мамлакат аҳли шаҳарни сув босадими, зилзила бўладими, баҳамжиҳат бўлиб, қайта-қайта оёққа тураверади. Об-ҳавонинг совиб кетиши уларнинг сабр-матонати ва миллатининг шаъни олдида ҳеч қандай қийматга эга эмас.
Хўш, энди айтинг-чи, Ер куррасининг қайси қисмида вазият яхши экан? Қўшни республикалардаги аҳвол ҳам анча қалтислиги ўз-ўзидан маълум. Чегара муаммолари ва мамлакатда норозилик кайфиятини туғдиришга шай четдаги бегона кўзлар глобаллашув жараёнидаги мафкуравий курашнинг бир кўриниши ҳисоб­ланади.
Бугун дунёдаги нотинчликлар турли мафкуравий таҳдидлар оқибатида келиб чиқаётган урушлар ва зиддиятлар оқибати эканлиги, улардан қанчадан-қанча инсонлар азият чекаётгани кўриниб турибди. Биз учун бундан тўғри хулоса чиқариб оладиган, оддий кундалик юмушлар ва турмуш ташвишларидан ортиб, атрофга синчковлик билан назар ташлайдиган вақт келди. Чунки ҳозирги таҳликали даврда онгимизни маиший ва бизга тарқатилаётган ножоиз фикрлар билан бойитиш туфайли орадан ҳеч қанча вақт ўтмай биз ҳам нотинч давлатлар сафига кириб қолмаслигимизга ҳеч ким кафолат беролмайди. Демак, биз ғафлат ва лоқайдлик уйқусидан уйғонишимиз, мафкуравий жараёнлар тўғри ташкил этилмагани ёки унда бўшлиқ пайдо бўлгани сабабли ўзини ўнглаб ололмаётган нотинч мамлакатлардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиб, тегишли хулоса чиқариб олишимиз шарт. Бугунги глобаллашув жараёнларида иқтисодий жиҳатдан нечоғлик тараққий этганига қарамай, агар мафкураси соҳасида бўшлиқ бўлса, ҳар қандай давлатни осонгина эгаллаш мумкин.
Бинобарин, мафкурадаги бўш­лиқ туфайли кўзга кўринмас кучлар уюштираётган ички низолар ўзини ўзи еб битиришга хизмат қилади. Ушбу ҳолатлар Ўзбекистоннинг ҳам бугуни ва келажагига хавф туғдиради. Бу хусусда Президентимиз шундай деган эди: «Бугун «Мафкура» соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онги, тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озуқани ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ердан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз лозим!».
Дарвоқе, қаерда бўшлиқ бўлса, ўша ерга ўзга мафкура полигони жойлаштирилади. Мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлироқ ва даҳшатлироқ экани эса ҳеч кимга сир эмас.
Шу ўринда «Мафкура нима ўзи? У жамият учун шунчалик катта аҳамиятга эгами?» деган саволлар туғилиши мумкин.
Мафкура – муайян миллат, халқ, ижтимоий қатламни илҳомлантирадиган ғоялар, қарашлар мажмуаси бўлиб, ҳар қандай жамиятни ҳаракатга келтиради. Шу маънода, бугун ривожланган дунёнинг барча жабҳаларида мафкура машинаси ишлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Жаҳонда онг ва тафаккурни эгаллаш учун кўп­лаб илмий-амалий институтлар фао­лият юритмоқда. Бу эса тинч йўл билан ривожланаётган ҳар қандай давлатни издан чиқара олувчи кучлар борлигини билдиради. Агар жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга назар ташласак, бугун жамият бирдамлиги ва хотиржамлигини сақлаб қолувчи ягона куч мафкура эканлиги маълум бўлади.
У халқнинг, жумладан, ёш авлоднинг онг-шуурига ижтимоий-гуманитар фанлар орқали сингдирилади. Миллатнинг эзгу мақсадларини ўзида мужассамлаштиргани сабабли барчани ватан тараққиёти йўлида хизмат қилишга ундовчи қудратга эга бўлади. Аммо глобаллашув шароитида, мафкуравий жараёнлар ўзининг авж палласига кўтарилган бир пайтда муҳим аҳамият касб этадиган ижтимоий фанлар ҳамда уларнинг негизида турган мафкура ва миллий ғоя­­га дахлдор фанларга, уларни мувофиқлаштириш жамиятга мафкуравий жараёнлар моҳиятини етказиб бериш билан боғлиқ жиҳатларга, назаримизда, етарлича эътибор қаратилмаётганга ўхшайди.
Бугунги эътирозлар ҳам айнан шу фанлар сусайиб кетгани ва етарлича ислоҳ этилмагани оқибати десак, муболаға бўлмайди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг «Миллий маънавиятимизни ривожлантириш, уни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётига сингдиришда ижтимоий-гуманитар фанларнинг аҳамияти жуда катта. Афсус, бу фанлар ривожи замондан ортда қолмоқда» деган фикрлари мазкур фанлар қайта ислоҳотга муҳтожлигини кўрсатади. Лекин бу ижтимоий фанларни қисқартириб, йўқ қилиб юборишни эмас, аксинча, ислоҳ этиш орқали келгуси авлодга таълим бериш зарурлигини англатади.
Кейинги пайтларда одамлар орасида «Ғоя», «Мафкура», «Миллий ғоя», «Маънавият» ҳамда «Ватан ва ватанни севиш» каби сўз-ибораларни ишлатиш камайиб бормоқда. Ҳолбуки, биз хоҳлаймизми-йўқми, ҳаётнинг ҳар бир жабҳаси ушбу сўзлар ёки тушунчалар билан узвий боғлиқ. Фақат буни ҳаммага тушунтириш, шу мақсадда миллий ғоя, мафкура ва маънавиятга ­эътиборни кучайтириш лозим.
Тан олиш жоизки, миллий ғоя, маънавият ва маърифат масаласи мамлакатимиз сиёсатининг устувор соҳаларидан бири. Бугунги кунда юртимизда миллий ғоя, маънавият асос­лари каби йўналишлар олий таълим муассасаларида бор ва ҳозиргача уларга талаб юқори. Мазкур соҳа вакиллари учун таълим тизимларида, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида, маънавият ва маърифат марказларида алоҳида штатлар ажратилган. Уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун имкониятлар яратилган. Лекин ҳозирги глобаллашув ва мафкуравий курашлар жараёнида бу етарли эмас. Ҳар куни ўз қиёфасини ўзгартириб бораётган дунё саҳнаси ушбу соҳада янги-янги ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этади.
Бу борада дунёнинг энг тез тараққий этаётган мамлакатларидан бири Хитойнинг мафкура сиёсати анча илгарилаб кетган. Айнан «миллий ғоя» ва «мафкура» тарғиботи билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун ҳудудлар кесимида, жойларда 2585 та қўшма медиа марказ, яъни «мафкура марказлари» фаолият юритади. Улар буюртма асосида Хитой Халқ Республикаси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни, миллий қадриятлар, фазилатлар, ғоя ва мафкуравий хабарларни медиа воситалар орқали аҳолига етказиб беради. АҚШда эса Буюк Америка ғоясини тарқатиш учун 1000 дан ортиқ ақлий марказ ишлаб тургани ҳеч кимга сир эмас.
Диққат қилинса, ижтимоий фанлар ривожланмагани мафкурага бўлган қарашлар ҳам ўзгармай қолишига олиб келмоқда. Шу боис, ижтимоий фанларни қисқартириш керак, деган қарашлар шаклланмоқда. Ваҳоланки, бугунги вазият ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларини қисқартириш эмас, билъакс, уларнинг фаолиятини қайтадан ташкил этиш лозимлигини кўрсатмоқда. Жумладан, бу ишни олий таълим муассасаларини ижтимоий-гуманитар фанлар – миллий ғоя ва мафкура, сиёсатшунослик, диншунослик, социология, фалсафа каби йўналиш­лар бўйича тугатган талабалар фаолиятини ривожланган давлатлар тажрибаларидан фойдаланиб, трансформация қилиш орқали тўғри амалга ошириш керак. Оддий бир мисол: етишиб келаётган кадрларга махсус билимлар керак ва улар бу борада чет элларда сезиларли натижаларга эришмоқдалар. Бироқ ҳаммаси ҳам Ўзбекистонга қайтмаяпти. Шунинг учун ҳам янги кадрлар онгини мафкуравий жиҳатдан тарбиялаш, бунинг учун мавжуд ўқитиш усуллари ва воситаларини қайта ишлаб чиқиб, уларга янгиликлар киритиш ва таълим беришни давом эттириш лозим.
Айни кезларда таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аммо чет тили ва аниқ фанларга урғу бериб, болаларимиз онгидаги Ватан, Ватанга муҳаб­бат каби тушунчаларни йўқотиб юбормаслигимиз керак. Бу яқин келажакда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Энг ачинарлиси, хорижий тилларни ўрганаётган фарзандларимизнинг баъзилари билим олиб, ватан тараққиётига ҳисса қўшишга эмас, балки бошқа давлатларга ишчи сифатида кетишга ҳаракат қилишмоқда. Бу Ўзбекистон ишчи кучи етказиб берувчи машинага айланиб қолиши хавфи мавжудлигини билдиради. Миллат келажагига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор бундай хавф-хатарларнинг олдини олишнинг ягона йўли мафкурага, миллий ғояга эътиборни кучайтиришдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалам таъқиб туфайли Маккадан чиқиб кетаётиб, «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавминг мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк этмаган бўлардим», деганлар. Мадинага борганларида эса, «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил», деб дуога қўл очганлар.
Кўриб турганингиздек, пайғамбаримиз қалбини ҳар қандай ­шароитда ҳам Ватанга садоқат ва муҳаб­бат туйғуси тарк этмаган. Биз ҳам кундалик маиший муаммоларимизни деб киндик қонимиз томган гўшага паст назар билан қарамаслигимиз керак. Ҳатто, гўзал ва бетакрор кўринадиган, демократия ва инсон ҳуқуқларининг энг олий чўққиси деб аталадиган Германияда ҳам мусулмонлар намоз ибодатини бажо келтирадиган масжидга ЛГБТ тарафдорларининг ғоялари қабул қилиниб, байроқлари юқори кўтарилиши ушбу мамлакат аста-секин маънавий таназзулга юз тутаётганини англатади. Биз буни тушуниб етишимиз керак.
Хулоса ўрнида. Ижтимоий тармоқларда тобора урчиб бораётган, инсоннинг тафаккурини ўзгартиришга йўналтирилган ҳар хил чақириқлар, норозилик кайфиятини уйғотувчи видеороликлар ва мурожаатлар мафкурага, миллий ғояга эътиборсизликнинг бир кўринишидир. Мафкураси мустаҳкам одам эса ҳар қандай қийинчилик вақтинча эканлигини, биздаги имкониятлар ва тинчлик деган олий неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, эл-юрт равнақи йўлида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш лозимлигини яхши тушунади. Ўтмишини унутмайди, бугунини қадрлайди. Бу унга куч-қувват, сабр-матонат бағишлаб, тинч-хотиржам яшаётгани учун ­шукрона келтиришга ундайди

Н.ҲУСАНОВА,
ЎзМУ Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ таълими кафедраси таянч
докторанти, Ижтимоий-маънавий
тадқиқотлар институти илмий ходими