Бошқа ном топилмадими?

111

Яқинда бир ароқ шишаси сиртига ёпиштирилган ёрлиқда Ҳумо қуши тасвирини ва «Янги Ўзбекистон Олий нав­­ли ароқ» деган ёзувларни кўриб, тўғриси, кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмай қолдим. Ахир, бу афсонавий қуш эзгулик тимсоли саналади. Аждодларимиз у кимнинг бошига қўнса ёки сояси тушса, ўша ­­киши бахтли бўлади, давлат ва салтанатга эришади, деб эътиқод қилишган. Шунинг учун ҳам у бахт ва эрксеварлик рамзи сифатида давлатимиз герби марказида қанотлари кенг ёйилган ҳолда тасвирланган.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонуннинг 51-моддасида бу герб элементлари нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Конституциямизнинг 8-моддасида эса, Ўзбекис­тон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда турган бошқа шахслар унинг давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт эканлиги, унга оид қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлишлари қайд этилган.
Қолаверса, «Янги Ўзбекистон» ибораси сизу биз эзгу ниятда барпо этаётган мамлакатнинг номи. У 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам қўлланилган. Шундай экан, спиртли ичимликни бундай ном билан аташ қай даражада тўғри? Миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан қараганда, бу аслида халқимиз шаънига иснод келтириш эмасми?
Менимча, ўз юрти билан фахрланадиган ҳар қандай инсон унинг давлат рамзларини ҳам ҳурмат қилиши шарт. Бу демак, дуч келган маҳсулотга, айниқса, соғлиққа салбий таъсир кўрсатадиган ва умрнинг заволи ҳисобланадиган спиртли ичимликка «Янги Ўзбекистон» номини бериш ва ёрлиғида Ҳумо қуши суратини акс эттириш, улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш яхши эмас.

Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»