Хеллоуин қанақа байрам?

107

Охирги пайтларда Хеллоуин байрами бирмунча оммалашди. Бу ном «Барча муборак ­айё­млардан олдин» ёки «Муқаддас кун арафасидаги оқшом» маъноларини англатади. Келиб чиқиш тарихи эса қадимги кельтларга, яъни милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг иккинчи ярмида ҳозирги Буюк Британия, Франциянинг шимоли ва уларга қўшни ҳудудларда яшаган қадимги ҳинд-европа қабилаларига бориб тақалади. Бу халқ 1 ноябрда иссиқ кунлар тугаши, ҳосил йиғиб-териб олиниши ҳамда қиш бошланиши шарафига турли қурбонликлар сўйиб ва гулхан ёқиб, байрам қилишган. Шунингдек, айнан 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси тириклар ва марҳумлар олами ўртасидаги парда жуда юпқалашиб, руҳлар тирик дунёга ўтишига ишонган. Ўша оқшом ҳайвон териларини кийиб, катта гулхан атрофида айланиш айём удумларидан бири саналган.

Милоддан олдинги биринчи аср ўрталарида римликлар кельтларни забт этгандан сўнг эса иккала халқнинг маданияти ва урф-одати бирлашиб кетган ва Хеллоуин бугунги кундаги байрамга айланган. XIX аср охири ва XX аср бошларида у АҚШда давлат раҳбарлари томонидан ва газеталар орқали тарғиб қилинадиган бўлди ва диний кўринишларини йўқотди. Ҳозир мазкур мамлакатда бу байрам учун ҳар йили 6 миллиард доллар сарфланади.
Жорий йилги Хеллоуин Жанубий Корея пойтахти Сеулдаги фожиалар ва ислом оламида рўй берган фалокат туфайли анча шов-шув билан ўтди. Маълумки, Жанубий Корея ­дунёга миллий ­кийимлари, овқатлари ва к-поп деб аталувчи ўзига хос мусиқа жанри билан машҳур. Итаевон тумани эса узоқ вақтдан бери Хеллоуин нишонланадиган жой бўлиб келган. Чет элликлар ҳам қатнашадиган бу байрам, айниқса, сўнгги вақтларда Осиёда янада машҳурлашди.
Аммо сўнгги икки йилликда пандемия туфайли байрам ўтказилмади. Бу йил 29 октябрда, аниқроғи, шанба куни кечаси мамлакатда бу борадаги чекловлар бекор қилингач, Хеллоуинни нишонлаш учун Сеул марказига ўн минглаб кишилар йиғилди. Оқибатда тиқилинчда нафас олиш қийинлашиб, ҳаракатланиш сусайди ва одамлар орасида ваҳима кўтарилди, баъзиларининг юраги уришдан тўхтади. Якшанба тонгига қадар ҳалок бўлганлар 154 нафарга, жароҳат олганлар 133 нафарга етди. Қурбонлар орасида 20 нафардан зиёд чет эл фуқаролари, чунончи, фарғоналик 25 ёшли талаба ҳам бор эди. Бу йигитнинг мурдасини Ўзбекистонга олиб келиш учун 15 минг доллар сарфланди. 20 минг долларлик компенсация пулини эса, у таълим олган Инчон университети тўлади.
Шу мамлакатда ўқиётган ватандошимиз Темурбек Абдухалиловнинг айтишича, ушбу фожиадан сўнг 5 кунлик мотам эълон қилинган, аҳоли норозилик митинг­лари уюштириб, фожиада ҳукуматни айбдор ҳисоблаган. Воқеа жойига гуллар ва марҳумларнинг суратлари ­қўйилган.
Саудия Арабистони энг муқаддас икки мусулмон маскани – Мадина ва Макка жойлашгани сабабли ­доимо жаҳон аҳлиининг диққат марказида. Шу боис араб халқи ислом дунёсида доимий равишда муҳим стратегик ўринга эга. Аммо Қиролликнинг янги ҳукмдори ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Бин Салмон мамлакатни модернизация қилиш бўйича янги ­ғояларни илгари сургани сабабли баъзи қарашлар ўзгармоқда. Чунончи, ушбу мамлакат тарихида илк бор ­Хеллоуин байрами нишонланди. Ар-Риёдда одамлар байрам либослари кийиб, суратга тушишди ва кўчаларни айланишди. Шу тариқа кўплаб мусулмонлар ва ислом давлатларининг норозиликларига сабабчи бўлишди.
Хўш, Хеллоуин байрамининг исломда нишонланиши мантиққа қанчалик тўғри келади? Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Нилуфар АБДУМАЛИКОВА,
ЎзЖОКУ талабаси