Испаниянинг Ситжес шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган «X CHESSABLE SUNWAY SITGES CHESS FESTIVAL» (Б гуруҳи) халқаро турнирида иштирок этган Андижон вилоятининг Избоскан тумани 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Абдумажид Ботиралиев биринчи ўринни эгаллади.

Абдумажид Ботиралиев шахмат ўйнашни 5 ёшида онаси, уй бекаси Маҳмудахон Исмоиловадан ўрганган.
-Ўғлимнинг қизиқишларини кўриб, Избоскан туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг мураббийи Наргиза Акбаровага шогирдликка бердим, — дейди Абдумажиднинг онаси Маҳмудахон. – Ўшанда у 6 ёшда эди. Шундан бери шахмат билан жиддий шуғулланади.
Бўлғуси чемпион дастлабки халқаро мусобақаси – Бирлашган Араб Амирлигида бўлиб ўтган Халқаро “Шаржа Мастерс 2022” шахмат турнирида 58 нафар шахматчи орасида 21-ўринни эгаллаганди.

У ўзининг иккинчи халқаро баҳсида — нуфузли Ғарбий Осиё чемпионатида стандарт, блиц, рапид йўналишларида олтин медалларни қўлга киритди.
-Насиб қилса, ўғлимни Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов чемпион акалари сингари Ўзбекистон байроғини янада юксакларга кўтарадиган, ватанимиз довруғини дунёга таратадиган чемпион қилиб тарбиялашга аҳд қилганман, — дейди чемпионнинг онаси.
Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”



