Адабиёт илмига ёниб кирган мунаққид

66

УНИНГ ЭСТЕТИК ДУНЁҚАРАШЛАРИ ҚАЙ ТАРЗДА ВА КИМЛАРНИНГ ТАЪСИРИДА ШАКЛЛАНГАНДИ?

Озод Шарафиддинов адабиёт илмига, аниқроқ қилиб айтсак, адабий танқидчиликка ёниб кирди ва ҳозиргача у мана шу фазилатини сақлаб қолди. Унда ҳақиқат руҳи, демократик руҳ, эркинлик руҳи кучли.

Абдулла ҚАҲҲОР

Атоқли адиб бу гапни бежиз айтмаганди. Навқирон мунаққиднинг мақолалари матбуот саҳифаларида ёритила бошлаши биланоқ ўзбек танқидчилигида ўз халқи ва миллий адабиёт тақдири учун қайғурувчи кишининг овози янграганди.
Озод Шарафиддинов бадиий асарларни, муаллифининг жамиятда тутган мавқеидан қатъи назар, бадиийлик қонуниятлари нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, холис баҳолар, ҳамиша тўғрисини ва борини ёзарди.

Мисол тариқасида «Ижодни англаш бахти» китобига киритилган «Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч» мақоласини олайлик. Унда бир шоирнинг 10 минг мисрадан иборат бўлган, юртимиз тарихини акс эттирувчи шеърий романи танқид қилинган, аниқроғи, асардаги маддоҳликни таг-томири билан юлиб ташлаш зарурлиги рўй-рост айтилган. Чунки бу иллат замирида манфаатпарастлик ва таъма ётади. Қолаверса, шоирда ўтмишни улуғлаш иштиёқи шу қадар кучли эдики, у тарихни ўз измидаги арава сингари хоҳлаган томонига бураверган. Аниқроғи, қозончининг ихтиёри ўзида, қандай қулоқ чиқарса бўлаверади қабилида иш тутган. Бу эса асарнинг мазмун-моҳиятига путур етказган. Унда «Ватанни севайлик, у бахту камолимиз», «Юртни асрайлик» жумлалари ҳуда-беҳуда бот-бот такрорланган, таъбир жоиз бўлса, калаванинг учини ахтариб сарсон бўлган тўқувчидек асарнинг бошидан охиригача ўз ўрнини топа олмай, мисралардан мисраларга кўчаверган. Оқибатда, китобхоннинг меъдасига тегадиган даражага келиб, асарнинг ўқишлилигини пасайтириб юборган.
Халқимизнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидовнинг шундай мисралари бор:
Шеърнинг зўри тўрт сатр,
Тўрт сатр-у зўр сатр.
Зўр шоирлар ўзини
Тўрт сатрда кўрсатур.
Демак, юртга меҳр-садоқатни икки оғиз гап билан ҳам ифодалаш мумкин.
Сўзга чечан ва эстетик қарашида реализмга мойиллик мавжуд мунаққид масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиб, пичинг аралаш шундай дейди: «Мен яна шоирнинг бардошига қойил қолдим. У мазкур асарини «150 кеча-ю кундуз узлуксиз ижодий меҳнат» қилиб яратган. Фақат бир нарсани билолмай қолдим – шу муддат давомида жиндай ухлаганмикан ёки асарни тезроқ тугатиш иштиёқида уйқуни тарк этиб, баъзан эса уйқусираб туриб ҳам ёзаверганмикин? Ҳар ҳолда, Гиннес китобига ёзиб қўйилса, арзийдиган жасорат бу!».
Бизнингча, Озод Шарафиддиновнинг ушбу фикр-мулоҳазалари унинг эстетик диди нечоғли баланд ва ўткирлигини кўрсатади. Чунки эстетик ҳис эзгулик ва яхши хулқнинг негизи, энг зарур инсоний фазилатлардан биридир.
Шу ўринда ҳақли савол туғилиши табиий: бор умрини илм-фанга бахшида этиб, фидокорона хизматлари эвазига Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, «Меҳнат шуҳрати», «Буюк хизматлари учун» орденлари ҳамда олий даражадаги Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган, эл-юртга адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, профессор, таржимон, Бош муҳаррир, турли мавзулардаги талай китоблар муаллифи сифатида танилган Озод Шарафиддиновнинг эстетик қарашлари аслида қай тарзда ва кимлар таъсирида шаклланган эди?
Шуни айтиш жоизки, бу жараён, аввало, инсоннинг туғилган жойи, яшаган шароити ва ён-атрофидаги инсонларга, иккинчидан, ўқиган китобларига ва давр тақозосига боғлиқ. Бинобарин, Озод Шарафиддиновнинг танқидий тафаккури ва шуури пучмоқларидаги фалсафий дунёқараши оилавий вазият, ўша давр қатағонлари, эрксизлик қафаси ва мустақиллик имкониятлари, шунингдек, мунаққид озодликнинг Озод Шарафиддинови бўлиши натижасида шаклланган.
Ҳар бир инсон ўзига ёқадиган ва руҳиятига мос китобларни мутолаа қилишга интилади. Устоз ҳам бундан мустасно эмасди. У Добролюбов, Чернишевский, Белинский каби рус адиблари қатори Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари ўзбек зиёлилари асарларини ҳам ўқиб, тадқиқ қилганди. Айниқса, машҳур танқидчи, рус социал-демократиясининг таниқли салафларидан бири Виссарион Белинский асарларини кўп ўқиган ва ўзбекчага ўгирганди. Шунданми, ёзиш услуби уникига жуда яқин эди.
Масалан, Белинский «Гоголга хат» мақоласида бу адибнинг янги асари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдираркан, шундай дейди: «Агар сиз менинг ҳаётимга суиқасд қилганингизда ҳам мен сизга бу қадар нафрат билан қарамас эдим. Аммо бу шармандаларча ёзилган сатрлар учун сизга нафратим жуда зўр». Танқидчининг бу қадар ғазабланишига ўша асарда маддоҳлик яна бир поғона юқорига кўтарилгани сабаб бўлганди. Зеро, китобда бўлмағур сафсаталар, қабиҳлик ботқоғига ботган диндорларни, халқни талашдан бошқасини билмайдиган подшоҳу тубсиз жарликка қулай деб турган ҳокимиятни баландпарвоз сўзлар билан мақташга зўр берилганди.
Озод Шарафиддиновнинг аччиқ сўзлар ила битилган ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йилги 1-сонида босилган «Нажот – ҳамкорликда ёхуд Саламон Рушдига очиқ хат» мақоласи эса мусулмон аҳлининг муқаддас туйғулари таҳқирланган «Шайтон оятлари» асари туфайли қаттиқ тақиқга учраган ва Америкадан паноҳ топган, шунга қарамай, ҳамон ислом динига нафратини очиқчасига билдириб келаётган Салмон Рушдига огоҳлантирувчи ҳайқириқ эди. Чунки «New York Times» газетасида чиққан мақоласига қараганда, гўёки «шафқатсиз ва тошбағир ислом»ни фош этиш жазаваси бу кимсани ҳамон тарк этмаганди. У ўзини ҳам исломдан жабр кўрганлар сафига қўшиб қўйганди. Пировардида, бу динни дунёни бесаранжом қилаётганликда айблаганди. Озод Шарафиддинов унга қуйидагича жавоб қайтаради: «Ўзингиз сезиб турган бўлсангиз керак, жаноб Рушди, бу мактубни ёзишдан мақсад на ислом, на унинг зиёлиларини ҳимоя қилиш эмас. Улар менинг ҳимоямга муҳтож ҳам эмас. Чунки ислом дини мукаммал дин ва бутун дунё бўйлаб тан олинган. Ҳатто энг машҳур Жак-Ив Кусто каби олимлар исломни қабул қилган. Шунингдек, ислом тинчлик, тотувлик, аҳиллик дини. У биронта динга ёки биронта тузумга қарши эмас, унинг биронта ғояси урушга чақирмайди, зулмни оқламайди. Одамларни фақат покликка, инсофга ундайди. Лекин сиз исломни янгилаш, «замонавийлаштириш» тўғрисида «қимматли» маслаҳатлар берибсиз. Бунинг учун одамда отнинг калласидек юрак бўлмоғи ёки жинни-пинни бўлиб қолмоқ керак».
Домла хулоса сифатида номусулмон зиёлилар билан ислом зиёлилари ўзаро таъна тошлари отишдан тийилиб, бир-бирини ҳурмат қилиши керак деган ғояни илгари сурган. Агар бир-бирини қоралашлар ва зуғумлар давом этса, инсоният боши берк кўчага кириб қолиши муқаррарлигини эслатган.
Кўриниб турибдики, ҳар иккала танқидчи ҳам ҳақиқатни устувор деб билган. Уларнинг эстетик қарашларини ва ижодини бирлаштириб турувчи омил ҳам ҲАҚИҚАТдир. Бироқ ҳақиқат аввал ҳам баъзи кишиларга ёқмаган, ҳозир ҳам ёқмайди. Негаки, унинг замирида танқид – ҳақиқатни очиб берувчи восита ётади. Маҳмудхўжа Беҳбудий «Танқид – сараламоқдур» сарлавҳали мақоласида шундай дейди: «Биз эскиларни айблаймизки, агар ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдилар. Аммо ўзимизни мақтаб, рисола таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, бул бизнинг янгидан ишға бошлаганимиздан бошқа тил ила ноқуслигимиздандур. Такрор айтармиз: биз ҳануз танқидға лаёқат пайдо этганимиз йўқ. Яна қадима касалларимиздан – «норизо», «хотири қолмасун…» иллатлари ҳануз кетгани йўқ».
Юқорида билдирилган фикрлардан ўзингиз тегишли хулоса чиқариб олаверасиз, деган умиддамиз.

Шоҳсанам РАИМЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси