Дунёда турли-туман нохуш воқеа-ҳодисалар бот-бот рўй бераётган ҳозирги даврда давлатлараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлигу ўзаро борди-келдиларни тўғри йўлга қўйиш дўстлик ва меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга, энг муҳими, барчамиз учун бирдек зарур бўлган тинчликни асраб-авайлашга хизмат қилиши табиий. Сўнгги йилларда мамлакатимиз қардош халқлар билан ўрнатган ижтимоий-сиёсий алоқалар истиқболли лойиҳаларга пухта замин яратмоқда. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Коммуникациялар бўлими маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу билан суҳбатимиз ҳам ушбу масаланинг муҳим жиҳатлари ҳақида бўлди.
– Ўзбек ва турк миллати азал-азалдан дўст ва қардош. Уларни азим чинорнинг бақувват шохларига ўхшатиш мумкин…
– Машҳур турк шоири ва ёзувчиси Яҳё Камол Беятлининг «Биз илдизлари ўтмишда бўлган келажакмиз!» деган гапи бор. Бу Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни ифодаловчи жуда ўринли таърифдир. Чунки иккала миллатнинг тарихи, маданияти, тили, туйғулари бир-бирига монанддир. Бир неча асрлар давомида турк-ислом цивилизациясининг ватани бўлган, олис Осиёдан Анадолугача чўзилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган ушбу замин турли элатлар ва маданиятларни бирлаштириб, тарихнинг ҳар даврида уларнинг ўзаро уйқашлигини таъминлаган. Бу гўшадан Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Али Қушчи, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиққан.
Туркиядаги дўстлик ва биродарлик туйғулари давлатимиз ва миллатимизнинг, қолаверса, Президентимиз жаноб Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг саъй-ҳаракатлари самарасидир. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар биз учун нафақат тарихий, балки кейинги пайтларда содир бўлаётган муҳим ўзгаришлар жараёнида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Биз минтақада тинчликни барқарорлаштиришга интилаётган Ўзбекистон билан дўстлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз ва ҳамкорлигимиз тобора мустаҳкамланиб бораётганидан беҳад мамнунмиз.
– Сиз фаолият юритаётган Туркия элчихонасида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, янги истиқболли йўллар очиш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?
– Бугунги кунда Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари барча соҳалар бўйича ўзаро ишонч муҳитида ривожланмоқда. Биз 2022 йил 4 март куни давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонладик. Зеро, Туркия 1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган.
Жаноб Шавкат Мирзиёев 2016 йили Президент этиб сайлангач, Туркия ва Ўзбекистоннинг икки томонлама муносабатлари батамом ўзгача тус олди. Натижада ўзаро алоқаларимиз ўтган давр мобайнида «Қардошликка асосланган кенг қамровли стратегик ҳамкорлик» мақомини олди ва мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга кўтарилди. Улар барча даражадаги ўзаро ташрифлар асноси янада мустаҳкамланди. Масалан, жаноб Ражаб Тойиб Эрдўғон ўтган йили Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрди. Шунингдек, туркиялик вазирларнинг аксарияти юртингизда бўлишди.
«Муштарак тарих ва келажак» шиори остида иш юритилаётган янги даврда энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, маданият, ёшлар сиёсати, атроф-муҳит муҳофазаси, туризм, алоқа тизими ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди. Жумладан, мен бевосита алоқадор саналган оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар соҳасидаги ҳамкорликлар ва тажриба алмашишлар натижаси ҳам қувончли бўлди. АОКА, Миллий ОАВ, МТРК, ЎзА, хусусий телевидениелар, радио, интернет ва газеталар билан ҳамжиҳатликдаги мулоқотларимиз самарали кечди. Ўзбекистондаги ташкилот-муассасаларда бизга нисбатан бўлган дўстона ва самимий муносабат ишимизни осонлаштирди. Бунинг учун уларнинг барчасига миннатдорчилик билдираман. Айни чоғда, «ТРТ» ва «Анадолу» агентликларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари икки давлат ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ривожига салмоқли ҳисса қўшаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
– Бултур ноябрь ойида қадимий Самарқандда дунёнинг катта қисмини эгаллаган Евроосиё минтақасидаги 150 миллион аҳолига эга нуфузли тузилма – Туркий давлатлар ташкилотининг янги форматдаги илк саммити бўлиб ўтди. Унда сиз ҳам қатнашдингиз. Ушбу халқаро анжумандан олган таассуротларингиз, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун нималар қилиш кераклиги тўғрисида сўзлаб берсангиз.
– Бугунги глобал таҳдид ва ноаниқликлар даврида ақл, виждон, меҳр-оқибат, адолат ва кучлар бирлигига асосланган ҳамжиҳатликка эҳтиёж катта. Халқаро муаммоларга бир ёки бир неча давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки кенг кўламли ҳамкорлик орқали ечим топиш мумкин. Туркий давлатлар ташкилоти эса ҳозир бутун жаҳон аҳли муҳтож бўлган адолат, раҳм-шафқат ва барқарорликка ўз ҳиссасини қўша оладиган тузилмалардан биридир. Сўнгги саммитда Ўзбекистон мазкур ташкилотга раҳбарликни қабул қилиб олгани ҳам муҳим воқеа бўлди. Чунки тинчлик ҳукмрон Ўзбекистоннинг дунё аҳлига айтар гаплари кўп. Бу нафақат сизлар, балки биз учун ҳам қувонарли воқеадир.
Туркий Кенгашнинг 2021 йил кузида бўлиб ўтган саммитида қабул қилинган «Турк дунёсининг кўриниши – 2040» тўғрисида»ги қарор эса умумий йўналишимиз доирасини белгилаб берди. Туркий дунёнинг келгуси 20 йилдаги истиқболи акс этган ушбу ҳужжат аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида кўплаб соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришни тақозо этадиган йўл харитасидир. У «Сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик», «Иқтисодий ва тармоқлараро ҳамкорлик», «Халқаро ҳамкорлик ва учинчи томонлар билан ҳамкорлик»нинг тўртта асосий тамойилларига асосланиб, ҳар бир аъзо давлатни миллий асос ва гуруҳ сифатида янада кучайтиришга йўналтирилган стратегик ёндашувни тақдим этади. Таъкидлаш жоизки, сиёсий соҳада умумий манфаатларга эга бўлган халқаро ва минтақавий ташқи сиёсат масалалари бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар механизмини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Иқтисодий соҳада аъзо давлатлар ўртасида савдо ҳажмини ошириш, ушбу давлатларни шарқ, ғарб, шимол ва жануб савдо йўлакларини боғловчи кучли минтақавий иқтисодий гуруҳга айлантириш, минтақалараро рақамли алоқани ўрнатиш каби режалар бор.
Эзгу мақсадда кўплаб минтақавий ва субминтақавий механизмлар жорий этилмоқда. Ўтган йил 4 июлда Туркий давлатлар ташкилоти қишлоқ хўжалиги вазирларининг, 2 августда Туркия, Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг Тошкентда ўтказилган йиғилишлари фикримизнинг исботи бўла олади. 11 ноябрда эса кўҳна Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг «Турк цивилизациясининг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда турк дунёсини янада жипслаштирадиган ўта муҳим қарорлар қабул қилинди.
– Кейинги пайтлар халқаро алоқаларда илм-фан ва адабиётга эътибор кучайтирилди. Давлат раҳбарлари учрашувларида китоблар совға қилиш хайрли анъанага айланди. Табиийки, адабий алоқаларни мустаҳкамлаш, таржималар қилиш, китобхонликни кучайтириш икки миллатни янада яқинлаштиради.
– Биласизми, мен қуйидаги ҳикматни жуда ёқтираман: «Агар сиз келаси йилни ўйлаётган бўлсангиз, буғдой экинг. Агар 10 йил кейинни ўйлаётган бўлсангиз, мевали дарахт экинг. Мабодо, 100 йилдан кейинни режа қилсангиз, инсонларни ўқитинг». Ҳа, одамлар учун киритилган инвестиция энг муҳимидир. Бу борада таълим ва маданиятни тараққий эттириш ғоят долзарб вазифа ҳисобланади. Бинобарин, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар жадал суръатларда ривожланаётгани жуда қувонарлидир.
Тил, тарих ва маданият муштараклигини эслатувчи, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган муҳим омиллардан яна бири адабий меросимизни қадрлаш ва бир-биримизни улар билан таништиришдир. Таржимонлик фаолиятини равнақ топтириш бунинг энг яхши воситаларидан бири. Аслида таржима сўзини туркий тиллар орасида қўллаш қанчалик тўғрилигини билмайман, чунки юқорида эслатилганидек, биз илдизи бир дарахтнинг шохларимиз.
Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев 2020 йил февралида Туркияга ташрифи чоғи мамлакатимиздаги Миллий кутубхона очилишида қатнашди. Ўша тадбирда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон турк тилида нашр этилган «Янги Ўзбекистон: келажаги буюк давлат» тўпламини совға сифатида топширди. Жаноб Мирзиёев эса Туркий давлатлар ташкилотининг 2021 йили Истанбулда бўлган саммитида Ражаб Тойиб Эрдўғонга ўзбек тилида босилган «Дунё янада адолатли бўлиши мумкин» китобини туҳфа қилди. Президентларимизнинг бир-бирига бу эҳтироми аслида халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзидир.
Дарвоқе, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркиянинг кўплаб ноширлари ўзаро учрашувлар ўтказдилар. Бултур март ойида Истанбулда уюштирилган жаҳоннинг етакчи муаллифлик ҳуқуқи ярмаркаларидан бири – «Fellowship»да иштирок этган ўзбек нашриёти ва АОКА вакиллари таржима бўйича кўплаб шартномалар тузишди. Ўзбекистон бу йил кўкламда ушбу ярмарканинг фахрий меҳмони бўлади. Ҳозир иккала мамлакатдаги китоб дўконларида турк ва ўзбек адабиётига ҳамда бошқа соҳаларга оид талай асарларни кўриш мумкин. Масалан, Президентимизнинг «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган «Дунё янада адолатли бўлиши мумкин» китобини ҳамда таниқли ёзувчи Хайриддин Султоновнинг «Chelik» нашриётида турк тилида босилган «Onamning yurti» номли ҳикоялар тўпламини бугун Туркиядаги китоб дўконларидан бемалол топиш мумкин. Охирги йилларда бошқа ўзбек адибларининг асарлари ҳам туркчага ўгирилмоқда. Буларнинг барчаси адабий алоқаларимиз қамрови тобора кенгайиб бораётганини англатади.
– Келгусидаги режаларингиз ва таклифларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
– Элчихонанинг мен маслаҳатчи бўлиб ишлайдиган бўлими ҳамда Туркия Республикаси Президенти администрацияси коммуникациялар департаменти оммавий ахборот воситалари ва алоқа соҳаларига тегишли кўплаб масалалар билан яқиндан шуғулланади. Негаки, ҳозир дунёда ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Қолаверса, дезинформация нафақат шахслар ва институтлар, балки давлатлар фаолиятига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиб, вақт ўтгани сайин глобал тус олмоқда. Бу масалада якка шахс, битта муассаса ёки биргина давлат кураш олиб бориши етарли эмас. Ўз навбатида, янгиликлар манбалари ва жараёнлари давлатлар даражасида тез ва самарали равишда алмашинадиган платформаларнинг аҳамияти ортмоқда. Ҳам юқори даражадаги ҳамкорлик ва куч бирлиги, ҳам кўп қиррали ва қатъий дунёқараш керак.
Биз, айниқса, маданий ва ижтимоий ишларга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга интиляпмиз. Бунда Президентимиз жаноб Ражаб Тойиб Эрдўғон илгари сурган дўстлик ва биродарлик тамойиллари, Президент администрацияси коммуникациялар департаменти директори, профессор Фаҳреттин Алтуннинг раҳбарлиги ва Тошкентдаги элчимиз жаноб Олган Бекарнинг рағбатлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлашини, бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари, АОКА, Ўзбекистон ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари, барча оммавий ахборот воситалари кўмагини ҳам алоҳида эслатиб ўтиш жоиз. Биз бундан кейин ҳам мамлакатларимиз ўртасида маданият ва адабиёт, оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар соҳасидаги муносабатларни дўстлик ва биродарлик ҳуқуқлари доирасида янада ривожлантиришга ҳаракат қиламиз.
– Мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдираман ҳамда масъулиятли ва шарафли ишингизда муваффақиятлар тилайман.
– Ўзбекистон ота – юртимиз! Биз ўзбек халқидан ҳамиша меҳр ва илтифот кўрганмиз. Шу боис дўстлигимиз абадий бўлиши тарафдоримиз.
Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.



