Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эътиборига!
«Ishonch» газетасининг 2023 йил 5 январдаги сонида эълон қилинган «Гап аслида муаллимларда…» сарлавҳали мақола кенг жамоатчилик эътиборини тортди ва унга кўпчилик муносабат билдирмоқда. Қуйида айрим муносабатлар ҳавола этилмоқда.
Сабаб битта!
«Гап аслида муаллимларда…» сарлавҳали мақолани ўқир эканман, унда жамият, хусусан, педагоглар дилидаги дардлар битилгани сабаб, қўлимга қалам олишга қарор қилдим.
Эндиликда номи ўзгарган мактаб ва мактабгача таълим соҳасига турли интеллектдаги янги раҳбарларни тез-тез тайинлаш билан кутилган натижага эришилмаётганига ягона сабаб шуки, «инновация»лар ҳаддан ошиқ кўпайиб кетди. Соҳага янги раҳбар келиши билан арзиса ҳам, арзимаса ҳам янги тизим жорий қилинади.
Ёш педагог сифатида айтишим мумкинки, ўқитувчи шу даражада банд қилиндики, ҳатто дарс ўтишга ҳам вақт қолдиришмади. Бу аҳволда қандай ўзгариш бўлсин? Ўқитувчига паст назарда қараш ҳали ҳам бор. Унинг шаъни обрўсизлантирилди. Бунга ижтимоий тармоқлардаги «лавҳалар»дан кўп гувоҳ бўляпмиз. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз!», деган гапларида нақадар жон бор. Европа мамлакатларида ўқитувчи шарафли касб ва бунга ҳамма ҳам етишолмайди. Бизда эса…
Ўқитувчилар яхши дарс ўтишдан манфаатдорми? Албатта, ўқитувчи касбини танлаган инсон борки, яхши таълим бергиси келади. Бироқ тан олиб айтишим керакки, бугун маърифатни тарғиб қилувчи устозлар «Маърифат» газетасини ўқимаяпти. Мажбурий обуна уларга яхшигина «баҳона» бўлди. Устоздан тортиб ўқувчигача ижтимоий тармоқлардаги «урди-қочди» хабарлар билан чекланиб қоляпти, холос. Чуқур таҳлил етишмаяпти ва бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Ёш авлод ҳаётга саёз қараяпти. Ҳаммасига сабаб битта – мактаб ва мактабгача таълим тизимида газета саводхонлиги етишмаяпти. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларга «газета ўқинглар» десангиз, уларнинг энсаси қотади. «Газета қизиқ эмас, электрон маълумотлар бор-ку» деб шаблон сўзлар билан жавоб қайтаришади.
Шу ўринда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтиш жоиз: «Зеро, она тилисиз ва миллий матбуотсиз дунёда ҳеч бир миллат тараққий ва маданият йўлида қадам қўймайди».
Менимча, мактаб ва мактабгача таълим тизимида даврий нашрлар ўқилишини таъминлаш керак.
Kundalik.com ўзини оқламади
Кўпчилик йил якунида уддасидан чиққан ишларни сарҳисоб қилади. Бизнинг оилада кичик бир анъана бор. Ҳар йили йил якунида мактабда ўқиётган фарзандларимизни олган баҳолари бўйича рағбатлантирамиз. Бу ота-онанинг фарзандининг билим олишига беэътибор эмаслигини кўрсатса, болада эса илмга бўлган қизиқишни орттиради.
Бу йил ҳам кундаликдаги баҳоларни санай бошладик. Оиламизда беш нафар мактаб ўқувчиси бўлиб, шундан икки нафарида (ўқитувчи ва ота-оналарнинг хоҳиши билан) ҳақиқий кундалик дафтар бор экан. Қолганларида «даҳо»лар ўйлаб топган kundalik.com. Не кўз билан кўрайликки, байрам кунлари бу дастурлар ё ишламади ёки техник носозлик бўлди. Хуллас, биз баҳоларни санай олмадик. Maна, сизга «инновацион ғоя».
Назаримда, оддий кундаликни электрон шаклга кўчириб, янгилик сифатида жорий қилиш билан мактаблардаги муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Шунчаки, ўқитувчининг иши яна биттага кўпайгани қолади, холос.
Кундалик дафтарни қайтаринг
Мактабни тугатганимга 17 йил бўлди. Ҳалигача кундалик дафтарларимдан бир нечтасини сақлаб қўйганман. Чунки менинг ҳаракатларим, мактабдаги интилишларимни меваси улар. Фарзандларимга уларни ўрнак қилиб кўрсата оламан. Ишонаманки, катта авлоднинг кўпчилиги бу ишни қилган. Бу ахир, тайёр тарбия кўзгуси-ку!
Бугунги авлод-чи? Улар эртага ўқувчилик давридан эсдалик учун kundalik.com.га кириладиган «пароль» ва «логин»ни асраб қўядими? Улар ўзларидан кейинги авлодга қанақанги кўзгу бўлишади? Аслида, бу дастурда биринчи чоракнинг баҳоларини иккинчи чоракда ҳам топиш амримаҳол.
Шу ўринда ўқувчилик даврингизни бир эсланг… Диктант, назорат иши, шеър ёд олганингизда устознинг столига кундаликни олиб келиб, баҳоларни қўйдирган жараённи, уйга хурсанд бўлиб аъло баҳолар билан қайтган дамингизни, кундаликдаги «ота-она имзоси» деган жойига қўл қўйдириш жараёнида «баракалла, ўғлим ёки қизим», дея алқаб қўйганларини бир эсланг…
Кундалик тўлдириш, дарс жадвалига қараб сумкага бирин-кетин дафтар ва китобларни жойлаш завқини kundalik.comдан тополмайсиз.
«ХХI аср, инновацион асрда яшаяпмиз», деб иддао қилишлари мумкин. Тўғри, буни тан олмасдан илож йўқ. Лекин боримизни техникага топширган билан қадрият, ҳис-туйғуларга келганда техникани ҳам оқсоқланиши аниқ. Бир талай китоб-дафтар кетадиган сумканинг бир чеккасида кундалик дафтарга ҳам жой топилар?!
Мактабдаги муаммоларни камайтириш, таълимга эътибор беришнинг турли хил «осмондаги йўллар»ини излашни бас қилайлик. Муаллимнинг ҳурматини жойига қўйиб, унинг қўлидаги «қоғоз»ни камайтирсак, устоз ўз устида ишлашга ҳам, моҳирона дарс ўтишига ҳам вақт топади. Орамизда билимли ўқитувчилар жуда кўп. Уларга «доно»ларнинг инновацияси ортиқчалик қиляпти.
Эътиқодхон ОТАҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ ўқитувчиси
