Қиш фаслидаги совуқ ҳаво нафақат инсон танаси, балки руҳиятига ҳам таъсир қилади. Кўпчиликнинг иш унумдорлиги сусаяди. Ҳар биримизни қандайдир касаллик бир «туртиб» кўради. Айрим сурункали хасталиклар авж олади.
Хўш, қиш чинакам кумуш фаслга айланиши учун нималар қилиш керак?
Келинг, бу саволга биргаликда жавоб излайлик.
Асабни асранг
Қишда асаб бузилишлари бўйича шикоятлар кўпаяди. Уйқусизлик, ланжлик, қувватсизлик кузатилади. Боиси, инсоният ҳар қанча тараққиётга, илмий ва инновацион ютуқларга эришмасин, барибир, охир-оқибат табиатга боғлиқ бўлиб қолаверади. Қадим-қадимдан то ҳозиргача асаб тизимимиз қиш фаслини таҳдид, стресс сифатида қабул қилади ва уни калорияли таомлар тановул қилиш орқали енгиш мумкин деб ҳисоблайди. Нотўғри овқатланиш эса иммунитетни пасайтирувчи жисмоний стрессни келтириб чиқаради.
Куннинг қисқалиги, камҳаракатлилик, совуқни хушламаслик тушкунликка, қолаверса, депрессияга сабаб бўлиши мумкин. Бунда тананинг гормонал мувозанати ўзгаради: серотин – бахт гормони камайиб, «стресс гормонлари» саналмиш кортизол ва катеколаминлар ишлаб чиқарилиши кўпаяди. Руҳиятдаги тушкунлик иммун тизимини янада заифлаштиради, организм ташқи таъсирга етарлича қаршилик кўрсата олмайди.
Албатта, стрессни енгиш ўз қўлимизда. Нафас машқлари, мумтоз мусиқа, жўшқин рақс, дўстлар билан мулоқот кайфиятни кўтаради. Пиёда юриш кортизол даражасини пасайтиришга, тўйиб ухлашга ёрдам беради. Ташқари совуқлигини баҳона қилиб, уйда телевизорга термулиб ўтириш ёки гаджетларда ўйинлар ўйнаб, ижтимоий тармоқларда «ғийбатлашиш» нотўғри. Уйда ҳам жисмоний машқлар билан шуғулланиш мумкин. Оила аъзолари билан турли ўйинлар ўйнаш, суҳбатлашиш, муайян мақсадга эришиш учун дадил интилиш, шеърхонлик ва китобхонлик ҳам асабийлашишга барҳам беришда қўл келади.
Қон қуюқлашишига йўл қўйманг
Қуюқлашган қон томирларда жуда секин оқади. Шу боис тўқималарга керакли озиқ моддалар етиб бормайди ва танадаги ортиқча унсурлар чиқиб кетолмайди. Бундан ташқари, ўта қуюқ қонни ҳайдашда юрак ҳам тез чарчаб қолади.
Организмда сув етишмовчилиги, овқат ҳазм қилиш тизимидаги сурункали хасталиклар, дисбактериоз, тўлақонли овқатланмаслик, сифатсиз емиш, фермент етишмаслиги, турли замбуруғ, вирус ва бактериялар, кучли зўриқиш, стресс, алкоголь, тамаки, камҳаракатлилик, ифлосланган ҳаво ва ўта иссиқ иқлим бу касалликка олиб келувчи асосий сабаблардандир. Унинг олдини олишда махсус овқатланиш тартибига амал қилиш ва табиий дамламалар ичишдан ташқари, фаол ҳаракатда бўлиш, ичиш-чекишдан тийилиш, жуда муҳим аҳамият касб этади. Иложи борича, кўпроқ пиёда юриш ва эрталаб тоза ҳавода бадантарбия қилиш ҳам яхши самара беради.
Қонни табиий равишда суюлтириш учун таомнома таркибига ёғсиз мол, товуқ, курка, балиқ гўштлари, помидор, лавлаги, бодринг, денгиз карами, олма, гилос, анор, анжир, тут, занжабил, долчин, саримсоқпиёз, сельдерей, аччиқ қалампир, пиёз, кунгабоқар пистаси, барча ёнғоқ турлари, кунгабоқар, зайтун, зиғир каби ўсимлик мойлари, узум, олхўри мевалари ҳамда қоқиси, майизларни таомнома таркибига киритиш тавсия этилади.
Юрагингизни авайланг
Статистик маълумотларга кўра, қишда юрак хуружлари ҳам авж олади. Сабаби, совуқ туфайли атмосфера босими кўтарилади, бу юрак юкламаларини кўпайтиради ва унинг хуружи хавфини оширади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, совуқда юрак танани иситиш учун кўпроқ қон қуйиши керак. Натижада юрак уриши тезлашади ва патологиялари кучаяди. Бундан ташқари, аёз қон томирлари спазмини келтириб чиқаради. Қишда камроқ сабзавот ва меваларни, кўпроқ ёғли овқатларни истеъмол қилишимиз туфайли қондаги холестерин миқдори ортади.
Юрак соҳасида дори билан қолдириб бўлмайдиган оғриқ хуружи миокард инфаркт бошланаётганини англатади. Оғриқ тўсатдан қўзғалиб, жуда тез кучаяди. Бемор қора терга ботиб, нафаси бўғилади, ўқчиб ва қусиб, ҳолсизланади. Оғриқ юракда эмас, чап қўл ёки елкада, қоринда, гоҳида пастки жағда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Гўё юракни кимдир қўли билан қаттиқ қисаётгандек туюлади. Оғриқ 20-30 дақиқа ичида қолмаса, дарҳол «Тез ёрдам»ни чақириш керак.
Юрак касалликлари олдини олиш учун парҳезга, кун тартибига риоя қилинг. Ҳар куни камида бир соат қулай кийим ва пойабзалда очиқ ҳавода юринг. Таомномангизга эътиборли бўлинг. Витаминларга бой овқатларни еб-ичинг. Вазнингизни назорат қилиб боринг. Стресслардан қочинг.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
тайёрлади.
