Пухта билим олмаётган талаба

56

Ундан эртага нима кутиш мумкин?

Яқинда Ширин шаҳрида яшовчи муаллима Раҳима Бобоева билан гурунглашиб қолдим. У гап орасида куюнчаклик билан кўпчиликнинг дилидаги бир гапни айтди:
– Мен 2019 йилгача Гулистон давлат университетида ўқиганман. Таълим йўналишимиз педагогика бўлишига қарамай, ўша пайтлар мактаблардаги ўқув дастурини ўрганишга ва амалиётга кам вақт ажратиларди. Оқибатда таҳсил жараёнида ўзимиз танлаган соҳанинг назарий жиҳатлари билан танишдигу, келгусидаги меҳнат фаолиятимизда асқатадиган мавзуларни, мактаб таълимини ва ўқитиш усулларини етарлича ўргана олмадик. Шу боис дипломли бўлгач, иш бошлашимиз анча қийин кечди. Ҳатто, собиқ курсдошларимдан айримлари қўшимча тайёрлов курсларига боришга мажбур бўлишди…

Менимча, суҳбатдошимизнинг гапларида жон бор. Эҳтимол шундандир, мактаблар раҳбарлари олий ўқув юртини эндигина битирган ёш ўқитувчиларга юқори синф ўқувчиларига сабоқ бериш вазифасини топширишда кўпинча иккиланишади. Чунки шунча ҳаракат, маблағ ва вақт сарфланганига қарамай, улар давр талаблари даражасидаги мутахассис бўлиб етишганига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, Президентимиз ўтган йили 21 июнда имзолаган «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ҳаётий зарурат натижаси бўлди. Унга кўра, педагогика йўналиши бўйича бир нечта янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Жумладан, Гулистон давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Гулистон давлат педагогика институти очилди. Янги ўқув йилида унинг бакалавриати кундузги бўлимига 16 та, сиртқи бўлимига 9 та таълим йўналиши, магистратурага эса 8 та мутахассислик бўйича талабалар ўқишга қабул қилинди.
Ҳозир институтда 2 та факультет ва 4 та кафедра мавжуд бўлиб, жами 2170 нафар йигит-қизга 39 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Улар Гулистон давлат университетининг малакали педагоглари ва магистр босқичи битирувчилари орасидан танлаб олинган. 10 нафари илмий даражага эга.
– Бугунги кунда институтимизнинг илмий салоҳияти 25,5 фоизга тенг, – дейди ректор вазифасини бажарувчи Азиз Қаландаров. – Бу кўрсаткич замон талабига нисбатан бирмунча кам. Шу боис келгуси уч йил давомида илмий даражали устозлар сонини икки бараварга кўпайтирмоқчимиз. Айни мақсадда 20 нафардан зиёд ўқитувчининг илмий мавзулари тасдиқланиб, Олий аттестация комиссияси бюллетенида эълон қилинадиган бўлди. Жорий ўқув йили охиригача 3 нафар ўқитувчимиз имтиҳон натижаларига асосан докторантура босқичига тавсия этилади.
Хўш, янги педагогика институтлари ва университетлари шарофати билан ўқитувчи кадрлар тайёрлаш соҳасида қандай ўзгаришлар рўй берди?
Бу олий таълим муассасаларининг асосий мақсад-вазифаси дарс жараёнларини тўлиқ биладиган ва ўқувчилар билан эмин-эркин ишлай оладиган педагогларни тайёрлашдан иборатдир. Шунга биноан, 2-4-босқич талабалари ўқув машғулотларини тегишли ҳудудда жойлашган мактабгача, умумий ўрта, профессионал ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасалари билан биргаликда «4+2» тартибидаги ҳамкорлик шартномалари орқали амалга оширадилар. Яъни, 4 кун институтда дарс тинглаб, 2 кун ўзлари бириктирилган даргоҳда амалиётни ўтайдилар. Шунингдек, «пассив амалиёт» жорий этилиб, мактабдаги дарс жараёнлари онлайн тарзда экран орқали кузатиб борилади.
Албатта, кўпчилик ота-оналарни фарзандларига сабоқ берувчи бўлажак педагоглар кимлиги, улар кириш имтиҳонларида неча балл жамғаришгани қизиқтириши табиий.
– Бизнинг талабаларимиз орасида қизлар кўпчиликни ташкил этади, – дейди Азиз Қаландаров. – Улар асосан мактабгача таълим, бошланғич таълим, ўзбек тили ва адабиёти, ўғил болалар эса кўпроқ математика ва информатика, физика ва астрономия, шунингдек, жисмоний маданият йўналишлари бўйича таҳсил олишмоқда. Янги ўқув йилида кимё ва биология йўналишларига ҳам ўқишга қабул қилишни режалаштирганмиз. Умуман олганда, йўналишлар тури ва сони талаб-эҳтиёжга қараб, ҳар йили ўзгариб бориши фойдадан холи бўлмайди. Лекин юртимизда мактаб ва боғчалар сони тобора кўпаяётгани сабабли бошланғич таълим ва мактабгача таълим йўналишларига талаб юқорилигича қолмоқда.
Биз суҳбатдошимиздан институтни янгича ўқитиш тизимига мос ўқув қўлланмалари билан таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам сўзлаб беришини сўрадик. Маълум бўлишича, айни мақсадда муассасанинг Ахборот-ресурс марказига Гулистон давлат университетидан педагогика йўналишига тааллуқли ахборотлар келтирилган. Шунингдек, у электрон адабиётлар билан бойитилган. Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Яхши педагог кадрлар тайёрлашда институт ўқув лабораториясини умумий ўрта таълим мактабларидаги талабларга мос даражага келтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу талабаларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятларини кенгайтиради. Президентимизнинг юқорида тилга олинган қарорида ушбу масала ҳам алоҳида назарда тутилган.
Институтда 1100 ўринли 1 та ўқув биноси ва 300 ўринли 2 та талабалар тураржойи мавжуд. 2023 йилда қўшимча минг ўринли ўқув биноси ва давлат шерикчилиги асосида 400 ўринли талабалар тураржойи қурилиши мўлжалланмоқда.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, янги олий таълим муассасасида унинг фаолиятини изчил ривожлантириш, юқори малакали профессио­нал кадрлар тайёрлаш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Биз бу саъй-ҳаракатлар вақти келиб ўз самарасини беради, деган умиддамиз.

Озода МАМАДАЛИЕВА
«ISHONCH»