2019 йили 50 миллиондан ошиқ туристни қабул қилган Туркияда сайёҳлар сони 2020 йили 16 миллионга тушиб кетган бўлса-да, 2021 йилда 30 миллионга, 2022 йилнинг 9 ойи давомида эса 40 миллионга етди. Туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, йил охиригача мамлакатга 50 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган.

Хуллас, қардош Туркия – дунёда туризм лидерлигини мустаҳкам ушлаб турган давлатлардан бири. Мамлакатга энг кўп ташриф буюрувчилар немислар, британияликлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари бўлиб, сўнгги йилларда юртимизда ҳам ушбу давлатга саёҳатга бориш истаги кучайди. Айниқса, 2021-22 йилларда кўплаб ўзбекистонликлар ёз ойларида оилавий дам олиш учун Туркияни танлашди. Ҳўш, бу танлов ортида қандай омиллар ётади? Туркияда саёҳат қилишнинг афзалликлари ва қулайликлари нимада? Бугунги мақоламизда ана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Тарихий обидалар яхши сақланган
Наргиза Жовмирзаева, педагог:
– Ўтган йили онам ва ўғлим билан Туркия сафарида бўлганимда, турк халқи қадимий бинолари ва тарихини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётганининг гувоҳи бўлдим. Тарихий манзиллар шу қадар кўп, турфа ва жуда яхши сақланиб қолганки, бу ҳолат бутун дунё аҳолисини Туркияга сафар қилишга ундайди.
Истанбулда “Аё София” масжидига кирдик. Бу кошонада шу пайтгача ҳис қилмаган ҳайратни туйдим. Бизга ҳамроҳлик қилган таржимоннинг тушунтиришича, Византия императори Константин томонидан 360 йилда очилган черковнинг ёғоч томи 404 йилга келиб ёниб кетади. Ўша пайтда черков Византия императори Юстиниан I буйруғи билан илк бор 532-537 йилларда капитал таъмирланади ва катта қурилиш ишларидан сўнг ҳозирги кўринишига эга бўлади.
“Аё София” бир неча зилзилалар ва ёнғинлардан омон қолган ва кўп бор қайта тикланган. Кейинчалик у Шарққа юриш қилган салибчилар қўлига ўтгач, Рим-католик черковига айлантирилган. Аё Софиядан маълум йиллар черков ва музей сифатида фойдаланилгач, кейинчалик у масжид сифатида очилган. Обиданинг гумбази ва миноралари Жаҳон ёдгорликлари жамғармаси кўмаги билан 1997-2002 йилларда реконструкция қилинган. У UNESCO жаҳон мероси рўйхатига ҳам киритилган. Вақти-вақти билан турли бўлимларда бошланган тиклаш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.
Ҳар йили кўплаб сайёҳлар томонидан зиёрат қилинадиган мазкур тарихий бино 2015 йили 3 миллион 425 минг зиёратчини жалб қилиб, Туркиянинг энг кўп ташриф буюриладиган масканларидан бирига айланди. 2017 йилда эса мазкур рақам 1 миллион 892 мингга тушди. 2021-22 йилларда эса “Аё София”га келувчилар рекорд даражада кўтарилиб, икки йилда 6 миллиондан ошиб кетди.

Бу ердаги арзон нархларни бошқа жойда топиш қийин
Шоҳира Ҳамро, киношунос:
–Мен турли кинофестиваллар ва оилавий саёҳат ортидан Германия, Франция, Греция, Испания, Италия, Озарбайжон, Россия ва Туркия каби давлатларга борганман. Улар ичида энг кўпи Туркияда бўлганман. Туркиянинг нега бугунга келиб кўплаб юртдошларимизни ўзига маҳлиё қилаётганининг сабаблари кўп, албатта. Аммо улардан бири сайёҳлар учун қулай ва арзон нархлардир. Масалан, бир ҳафтага меҳмонхонада яшайдиган бўлсангиз, уч маҳал иссиқ овқат танаввули билан тахминан 200 АҚШ доллари атрофида ҳам топиш мумкин. Кундузи хоҳласангиз, махсус турларга буюртма берасиз ва гуруҳ билан шаҳарни айланишга чиқишингиз мумкин. Ёки ўзингиз якка саёҳат қилишингизга ҳам имкон топасиз.
Меҳмонхоналарда кечаси кофе ичгингиз ёки бирон ширинлик егингиз келиб қолса, нархлари ҳамёнбоп. Мамлакат меҳмонхоналарида сифатли хизмат кўрсатиш санъат даражасига чиққан. «Энг яхши меҳмонхона», «Энг яхши меҳмонхона ошпази» каби танловлар ўтказилади. Ҳар бир меҳмонхона бу танловда яхши натижа кўрсатиш, қолаверса, рақобат бозорида ўрнини сақлаб қолиш учун ҳам ўз устида ишлайди ва изланади. Сайёҳларнинг меҳрини қозонишга ҳаракат қилади. Шу боис Туркияни эртаклардагидек оилавий дам олиш учун энг идеал маскан деб биламан. Бу ерда 24/7 режимида мунтазам ҳаёт қайнайди ва турист сифатида сизнинг истагингизни муҳайё қилишга шай турадилар.
Бундан ташқари, шаҳарлараро ва шаҳар ичидаги йўлкира, Турк ҳаво йўлларининг давлат ичидаги ва бошқа давлатларга бўладиган йўналишларидаги хизматлари ҳам ҳамёнбоп. Шу боис дам олиш учун Туркияни танлаётган ўзбекистонликлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Хизмат кўрсатишда уларга етадигани йўқ экан
Жўра Бобораҳмат, журналист:
– Менинг Туркияга сафарим Қурбон ҳайити кунларига тўғри келди. Шунинг учун йўлкиралар текин бўлди. Кейинги кунлари эса 15 июль – хиёнаткор ҳарбийларнинг давлат ҳокимиятини тўнтаришга уринган ва уларнинг устидан қозонилган ғалаба муносабати билан ҳам мамлакатда катта байрам қилинди. Бунда ҳам ҳамма транспорт: метро, автобус ва трамвайлар барча учун текин бўлди. Албатта, бундай имтиёз сайёҳлар учун жуда қулай.
Шаҳар ҳокими ёки юрт раҳбарлари шунча нарсани фақат халқ учун текин қилиб қўйгани билан мамлакат «қашшоқлашиб» қолмас экан. Истанбул шаҳрида яна мени қойил қолдирган нарса, йўлларни ёпиб қўйиш учун йўл ўртасига махсус қозиқлар қоқилгани бўлди. Қозиқлар керак пайти йўл остига киритиб қўйилса, керак пайтда кўтарилиб қўйилар экан. Полицияси одамларга фақат йўл кўрсатади. Ҳеч ким билан иши йўқ.
Истанбул кўчаларида ҳар хил миллат вакиллари шунчалар кўпки, қойил қолдим. Келмаганларга Истанбулга келишни тавсия қиламан. Бозорлари, тӯғрироғи, замонавий дўконлардаги нарх-наво бироз қиммат. Аммо асл ғарқ пишган мевалар Тошкент бозорлари билан бир хил.
Одамлари самимий. Йўл сўрасангиз, имкон қадар ёрдам бергиси келади. Яна бир яхши одати – аҳоли кўм-кўк чимларда чордона қуриб суҳбатлашиб ўтирипти. Ҳеч ким “ғинг” дегани йўқ. Яна бир жиҳати, қанча одам тўп-тўп бўлиб суҳбат қурса-да, ҳеч ким ичимлик ичмайди. Яъни, ароқ, вино, ҳатто пиво ичган одамни, маст-аластни кўрмадим. Мана сизга маданият…
«Термал» туристик зонаси шунчалик баҳаво эканки, сўз билан таърифлашга тил ожиз. Ёш келин-куёвлар фотосессия қилишга шу ерга келаркан. Аммо ғалағовурсиз. Водийда бир пайтлар турк халқ қаҳрамони Мустафо Камол Отатуркнинг дам олиш қароргоҳи бўлган. Ҳозир ҳам қароргоҳ бор. Аммо музей сифатида сақлаб қўйилган экан.
Шифобахш сув негизида қурилган санаторияда ўн кунлик дам олиш бир кишига 450-500 доллар атрофида экан. Ер қаъридан қайнаб чиқаётган сув водий йўлакчаларида чиқариб қўйилган. Дам олишга, айланишга келган одамлар ичиб, ҳордиқ чиқаради. Қайноқ сувдан 15-30 метрли катта сув ҳавзаси қуриб қўйишган. Бу ерда водийга айланишга келган одамлар соатига 80 лира бериб, мазза қилиб чўмилиб кетиши мумкин.
Водий йўллари анчайин тор, аммо текис. Ҳайдовчилари ўта маданиятли. Ярим йўлдан келаётган пиёдани ёки автомашинани ўтказиб юборади. Беш кун давомида узоқ-яқин йўлларда юрдим. Минг чақирим – Кўния шаҳрига бориб келдим. Бироқ бирорта автоҳалокатга кўзим тушмади. Яна бир гап: шаҳар ёки қишлоқларда йўлдан орқага қайтиб олиш учун кўприклар ёки ерости ўтказгичлар қилинган. Шу боисми, авария кўрмадим. Йўллари текис ва равон.
Хулосам шуки, турк халқи сайёҳларга хизмат кўрсатишнигина эмас, инсон омилини, қадрини юксак даражага кўтарган. Шунинг учун ҳам бу ўлкага «оқиб келаётган»лар кўп. Юрт кўринг, сафарга чиқинг. Дунёқарашингиз ошади, оламга теранроқ назар ташлайсиз.
Зебо НАМОЗОВА
тайёрлади



