Баъзан кўча-кўйда ва жамоат жойларида хархаша қилиб, ота-онасининг гапига кирмаётган болаларга кўзимиз тушади. Уларнинг орасида ерга ётиб олиб, ўз «ҳукмини» ўтказишга уринаётганларини ҳам кўриш мумкин. Хонадонлардаги ҳолат ҳам бундан мустасно эмас. Ҳар сафар ишдан қайтганда жажжи набираларимизга нимадир олиб борсак, улар шунга ўрганиб қолишади. Уйга киришимиз биланоқ ёнимизга югуриб келиб, нима келтирганимизни сўрайдиган одат чиқаришади. Рад жавобини эшитсалар, дарҳол жазавага тушиб, йиғлай бошлашади.
Хўш, бунинг сабаби нима: эркатойликми ёки инжиқлик? Эҳтимол, у технологиялар асри болаларига хос ҳолатдир?
Биз кўпчиликни қизиқтирадиган шунга ўхшаш саволларга ойдинлик киритиш мақсадида психолог Розалия ГАБДУЛХАКОВА билан суҳбатлашдик.
– Бу ҳақда фикр билдиришдан олдин бола ўз ҳиссиётларини тушунмаслигини ва бошқара олмаслигини, ёшига боғлиқ кризислар туфайли инжиқ ва йиғлоқи бўлиб қолиши табиий эканлигини эслатиш жоиз. Қолаверса, ҳозирги давр болаларига бундан ўн йил олдингига нисбатан талаб анча катта. Эрта ривожланиш, яъни ҳарфлар ва сонларни, турли тилларни бир вақтнинг ўзида ўрганиш улар учун оғирлик қилади. Бундай талабларни рўёбга чиқариш оналар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ўз-ўзидан аёнки, асаби бузилган она ўзи нимани хоҳлашини тушунмаётган фарзандига қаттиқроқ гапириб, дакки беради. Оқибатда кичкинтой янада баттарроқ инжиқланади.
Энди бир ўйлаб кўринг, бизнинг мурғаклигимиз қандай кечган эди?
Авваллари памперс бўлмагани сабабли болакай индамай иштонини ҳўллаб қўядими, қўлидаги нарсани тушириб ёки овқатни тўкиб юборадими – ҳаммаси гўдакларга хос одатлар саналар ва бунинг учун танбеҳ берилмасди. Чунки бувиларимиз «Бола беш ёшгача подшо бўлади!» деб уларни ҳуда-беҳуда койишга изн беришмасди. Ва яна, «Болани урсанг, эти қотади, сўксанг, бети қотади», деб кўп уқтиришарди. Шу боис фарзандларимиз гапга кирадиган, қилма деган ишни қилмайдиган, анча босиқ бўлишган.
Ҳозир-чи?.. Ота-оналар, ҳатто катталар ҳам янги гиламни «расво» қилган боладан хурсанд бўлмайди. У эса биргина «Эй, нима қилиб қўйдинг?» деган гап ўзига тегишли эканлигини сезгани ҳамоно йиғлай бошлайди.
Яна бир муҳим омил ҳаёт тарзимиз ўзгарганидир. Ҳозир аксарият болалар телевизор ёки телефондан мультфильмлар томоша қилиш билан андармон. Ҳатто 4-5 ойлик гўдакнинг қўлида ҳам шу матоҳ. Албатта, бундай шароитда улғайган бола 2-3 ёшга тўлганда, қўлидаги нарсани олиб қўйсангиз, дод солади. Бу ўз-ўзидан оналарнинг ҳам асабийлашишига олиб келади. Фарзанди ҳам худди томошабин каби бу ҳолатни кўради-ю, норози вақтида ўзини қандай тутишни онаси ёки отасидан ўрганади.
Онанинг гўдакка эътибори камлиги, у билан ўйнамаслиги, кам мулоқотда бўлиши ҳам фарзанди тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Эндигина тили чиққан, ҳар нарсага қизиқадиган кичкинтойнинг кўп нарсаларни сўрайвериши, онанинг эса жавоб бермай, жеркиши ҳам унинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Тоза уйни ифлос, кийимларини кир қилмаслиги тайинланиши, болаларга хос бошқа кўп нарсадан мосуво этилиши туфайли у улғайгани сайин тенгдошлари орасида ўзини қандай тутишни билмайди. Оқибатда кўпчиликка гапга кирмайдиган, ўжар болага ўхшаб кўринади.
Албатта, бу борада виртуал ҳаётни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. 4-5 ойлик болалар телевизор ёки интернет орқали кўраётган мультфильм ва блогларда одобсизликка боғлиқ бўлганлари жуда кўп. Ютубдаги болаларбоп контентда инжиқ болани ва унинг барча талабларини қондираётган ота-онани кўриш мумкин. Кичик ёшидан экран олдида ўтирадиган ўғил-қизлар баъзида психологик ривожланишдан ортда қолишлари ҳам тайин.
Маълумки, экологиянинг ўзгаргани ҳамманинг, жумладан, ўсиб-улғаяётган гўдакларнинг ҳам жисмоний ва руҳий саломатлигига муайян даражада путур етказмоқда. Зарур моддаларнинг етишмаслиги зурриётларимизни нозикроқ, тоқатсизроқ ва инжиқ қилиб қўймоқда.
Тарбиядаги хатоларни болалар серхархашалигининг энг асосий сабабларидан бири деб айтиш мумкин. Баъзи ота-оналар болаларига ҳаддан зиёд талаблар қўйишади, айримлари бу борада иккиланиб қолишади. Ота-она нима хоҳлашини тушунмаган бола эса йиғлаб, талвасага тушади, ғалва кўтаради. Ўз навбатида, бу ҳолат катталарни фикридан қайтариш учун уриниш ва ундан ҳамиша фойдаланишдек ёмон одатга айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Раъно МАҲКАМОВА
ёзиб олди.



