Иш бору, талабгор кам. Ҳудудларда хотин-қизлар фаоли лавозими учун нега тез-тез танлов ўтказилмоқда?

62

Январь ойининг сўнгги ўн кунлигида Давлат хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталидан Андижон вилоятининг 30 га яқин МФЙларидаги хотин-қизлар фаоли лавозимлари учун эълонлар жой олди. Бу орада иш берувчилар ҳатто Булоқбоши туманидаги 9 та шундай бўш ўрин учун етарли номзодлар захираси шаклланмагани боис икки маротаба танлов эълон қилишга ҳам улгуришди. Соҳада кузатилаётган бундай қўнимсизликка қандай омиллар сабаб бўлмоқда: ойлик маош озми ёки мутахассислар талабга жавоб беришмаяптими?

Мазкур лавозим учун иш ҳақи штат жадвали бўйича 3 миллион 200 минг сўмдан зиёдроқни ташкил этади. Маош миқдори МФЙдаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, янада кўпроқ ҳисобланиши мумкин. Мисол учун, порталдаги эълонда Пахтаобод туманидаги Соҳил МФЙ хотин-қизлар фаоли лавозими учун иш ҳақи 3 миллион 682 минг 560 сўм этиб белгиланган.

Лавозимга номзодлардан олий ёки ўрта махсус маълумотли, оила ва хотин-қизлар билан ишлашда тажрибаси бор, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли, ижтимоий-сиёсий фаол, юксак маънавий-ахлоқий хислатлар ва бошқарувчилик қобилиятига, анъанавий оилавий қадриятларга(!), тадбиркорлик ва бизнесга оид билим ва тажрибаларга, компьютер дастурий мажмуаларида ишлаш тажрибасига, шунингдек, камида 5 йил иш стажига эга бўлиш талаб этилади.

Бугун ҳар бир МФЙда камида 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилиши эътиборга олинса, ҳудуддаги ишсиз аёллар орасида юқоридаги сифатларга эга бўлган ўнлаб хотин-қизлар борлиги шубҳасиз. Шунга қарамай, нега вакансиялар порталида бўш иш ўрнига кўпинча бор-йўғи бир нафар, айрим ҳолатларда икки ёки уч нафар номзод ҳужжат топширмоқда?

Ishonch.uzнинг тизимдаги манбаларига кўра, ҳозирда хотин-қизлар фаолларининг иш юкламаси ҳаддан зиёд ортиб кетган. “Бир-бирини такрорловчи топшириқларнинг кўплиги, турли жадвалларни тўлдириш, электрон платформага жойлаш, қайта-қайта хатлов ўтказиш, ҳисоботбозлик ҳамда маҳаллий ҳокимлик йиғилишларида тез-тез қатнашиш каби самарасиз вазифалар туфайли ҳудудларда кадрлар қўнимсизлиги юзага келаётгани рост. Бу лавозим эгасининг асосий вақти муаммоси бор аёллар билан ишлаш ўрнига, юқоридаги каби бесамар юмушларга сарфлангач, қадрини билган мутахассис қўл силтаб кетади-да”, – дейди манба.

Ishonch.uz