Аномал совуқ чекинганига қарамай, шу кунларда жойларда деярли барча йиғилиш ва мажлислар кун тартибидаги асосий масала аҳолини энергия, иссиқлик ва газ билан таъминлаш, ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги вазият бўлиб қолди.
Хабарингиз бор, қиш мавсумида аҳолини табиий газ билан таъминлашни яхшилаш мақсадида ўтган йилнинг декабрь ойида мулкчилик шаклидан қатъи назар, газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилган эди. Унга кўра, шу йилнинг 9 январига қадар улар кечаси соат 23:00 дан кундуз 14:00 гача ишлашга ўтганди. Ҳайдовчилар тунги дам олишни унутиб, газ қуйиш шохобчалари эшиги олдида соатлаб навбатда туришга ўрганиб ҳам қолгандилар. Аммо катта муаммолар ҳали олдинда экан.
Янги йилнинг 9 январидан шу кунгача об-ҳавонинг ғайритабиий совуқлиги сабабли газ қуйиш шохобчалари мутлақо ишламади. Натижада бензин қуйиш шохобчаларида узундан-узун навбатлар пайдо бўлди.
Ҳайдовчиларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида мутасадди идоралар қарори билан А-80 маркали бензин нархи туширилиб, баъзи ёқилғи қуйиш шохобчаларида унинг бир литри 5 700 сўмдан сотила бошланди. Аммо энди А-80 маркали бензин ҳам тақчил маҳсулотга айланган.
“Мен кичкина одамман, ҳеч нарсани билмайман…”
“Тошкент-Самарқанд” автотрассаси бўйидаги “Жомбой дон маҳсулотлари” корхонаси рўпарасида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчаси остонасида машиналарнинг турнақатор навбатини кўриб тўхтадик. Ҳайдовчиларнинг айтишича, бу ерда А-80 маркали бензин сотиляпти экан.
Биз ҳам машинага ёқилғи қуйиш учун навбатга турдик. Орадан 2 соат ўтди. Навбатимиз келганида, ёқилғи қуйиш шохобчаси ходими ёқилғи тугаганини айтди. Ҳайдовчилар шу заҳоти шовқин кўтариб, норози бўла бошлашди.
— Эрталаб учта ёнилғи ташувчи юк машинаси ёқилғи олиб келганини ўз кўзим билан кўрдим, — дейди ҳайдовчилардан бири Нуриддин Алимов. — 30 тоннадан ортиқ бензин олиб келишди. Бундай ҳажмдаги ёқилғини шу вақт ичида сотиб тугатиш мумкин эмас. Бу ерда нимадир бор!
Бу ҳолатнинг сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида оператор ойнаси олдига бориб, ёқилғи қуйиш шохобчаси раҳбари билан боғланишни сўрадим. Ўзини таништирмаган ёш оператор “кичкина одам” эканини ва ҳеч нарсани билмаслигини айтди. Сўнг дарҳол дарчани ёпиб, кетиб қолди. Шохобча ва “Мароқанд нефть базаси” раҳбарияти билан боғланишга уринишларимиз эса зое кетди.
Кундалик узилишлар соатбай узилишларга айланди
Бугунги куннинг яна бир муҳим муаммоси аҳолини энергия билан таъминлаш масаласидир. Масалан, ҳозир Жомбой туманидаги “Шерқўрғон”, “Қулбўсти”, “Нўғаҳон”, “Наймантепа”, “Нош”, Пайариқ туманидаги “Эшимоксок”, “Маниобод”, “Оққўрғон”, “Сўрисув” фуқаролар йиғинлари аҳолиси учун электр энергияси таъминотидаги кунлик узилишлар соатбай ва дақиқабай узилишларга айланди.
— Жорий йилнинг 20 январига ўтар кечаси олти соат мобайнида чироқларимиз 10 марта ўчди, — дейди “Наймантепа” фуқаролар йиғини фахрийси Толиб Жўраев. — Қишлоқда ёлғиз, касал кексалар бор. “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” Жомбой тумани филиали навбатчи диспетчерининг телефони эса ўчирилган. Қиш кечасининг ярмида бундай об-ҳавода қаерга мурожаат қилишни билмаймиз.
Узоқ ва фойдасиз қўнғироқлар
Электр таъминоти тизимидаги бундай узилишлар сабабларини ўрганиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг электр энергияси етказиб бериш, энергия тизими барқарорлигини сақлаш, шунингдек, электр таъминоти тизимидаги мувозанат ва хавфсизликни созлаш билан шуғулланувчи колл-марказига қўнғироқ қилдик.
Дастлаб қўнғироғимизни робот-оператор қабул қилган бўлса керак, у “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳақида ўзбек ва рус тилларида қисқача маълумот бергач, агар абонентларни электр энергияси билан таъминлаш бўйича таклиф, шикоят ёки аризалар бўлса, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ колл-марказининг 11-54 қисқа рақамига қўнғироқ қилишни маслаҳат берди.
Ушбу ташкилотнинг қисқа рақами 20 дақиқа давомида банд бўлди. Ниҳоят, у 0 рақамини босиб, оператор билан боғланишни айтди. Шундан сўнг оператор қўнғироғимиз 32 рақами билан рўйхатдан ўтганини айтди. Шундай қилиб, навбатимиз келгунча деярли 40 дақиқа кутдик.
“Сабабини бошлиқлар билади…”
Ниҳоят, робот эмас, жонли оператор гўшакни кўтариб, манзилимизни сўради. У эса шикоятларимизга қулоқ солмай, бизни тез орада “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси билан боғлашини айтди. Яна 10 дақиқа кутдик. Бу ерда ҳам робот биринчи бўлиб қўнғироғимизга жавоб берди ва қўнғироғимиз 21 рақамда қайд этилганини айтди.
Навбатимиз келгунча яна 15 дақиқа кутишга тўғри келди. Ниҳоят, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси навбатчи операторининг узоқ кутилган овозини эшитдик.
— Қаердан қўнғироқ қиляпсиз?
— “Зарафшон” ва Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятидан.
— Бу газеталар қаердан чиқади?
— Самарқанддан.
— Муаммо нимада?
— Пайариқ ва Жомбой туманларининг кўплаб фуқаролари йиғинларида электр таъминотида нима учун тез-тез узилишлар бўлаётгани сабабини билмоқчи эдик.
— Биласизми, мен оддий операторман. Бундай узилишлар сабабини фақат бошлиқлар билади. Афсуски, улар ҳали келгани йўқ. Эртага кечқурун қўнғироқ қилсангиз, яхши бўлади. Мен сизнинг саволингизни уларга албатта етказаман. Ҳа, менимча, чоралар кўрилмоқда.
— Кечирасиз, исм-фамилиянгиз нима?
— Мен исмимни айта олмайман. Рухсат берилмаган. Хайр!
Хуллас, қарийб 3 соатлик уринишлардан сўнг олган жавобимиз шу бўлди.
Гўшакни қўйдиму, тизимдаги узилишларга хўжасизлик, ортиқча бюрократия ва бошбошдоқлик ҳам сабабчи эмасмикин, деб ўйлаб қолдим. Сиз нима дейсиз?
Ёрмамат РУСТАМОВ
