Охирги пайтлар юртимизда халқимизга хос маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларни кенг тарғиб қилишга, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга эътибор янада кучайди. Ўз навбатида, бу борада муҳим аҳамият касб этувчи, барчани меҳр-шафқатга ва ўзаро аҳилликка, тинчликдек бебаҳо неъматни мудом асраб-авайлашга ундовчи муқаддас динимизни ҳар доимгидек қадрлаш, мазкур соҳа вакилларининг жамиятдаги мавқеини ошириш, юрт равнақи йўлидаги иштирокини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Унинг асосий мақсад-вазифалари диний-маърифий соҳани ва саховатпешалик ишларини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан, шунингдек, масжид, мадраса ва зиёратгоҳларимизни обод қилиш, имом-хатиб, ноиблар, мударрислар ва талабалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий-маънавий кўмак беришдан иборат, деб белгиланди.
Табиийки, ўтган давр мобайнида фонд ушбу йўналишлар бўйича диққатга молик талай чора-тадбирларга қўл урди. Бунга унинг биргина Тошкент шаҳар филиали томонидан бултур амалга оширилган ишлар мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Дарвоқе, ҳисобот даврида филиал томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар тақдим этган моддий шаклдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда, жами 981 миллион 994 минг сўмлик маблағ 5144 кишига хайрия сифатида тарқатилди.
Жумладан, 44 миллион 456 минг сўм диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини, ўқувчи-талабаларини моддий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, 17 миллион 633 минг сўм тўлов шартномаси пулини тўлаш ва бошқа рағбатлантиришлар, 38 миллион 920 минг сўм пойтахтдаги мурувват ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати учун сарфланди. Боқувчиси йўқ, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишларда 279 миллион 92 минг, тезкор кўмакка эҳтиёжмандларга 9 миллион 934 минг, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 312 миллион 900 минг сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, шаҳардаги зиёратгоҳларни ободонлаштириш ва сақлашга 184 миллион 317 минг, масжидлар қурилишига 25 миллион, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимлари иштирокидаги тадбирларга 71 миллион 577 минг, Ногиронлар куни, Халқаро болалар куни ва бошқа вақтларда гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган, кўзи ожизлар, ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд фуқаролар иштирокида уюштирилган хайрия маросимларига 165 миллион 666 минг, Умра сафарига кўмак сифатида 18 миллион сўм ажратилди.
Кўриб турганингиздек, «Вақф» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар филиали келиб тушаётган беғараз эҳсон маблағларини ўз ўрнида ва мақсадли равишда савобли ишларга сарфлаб келмоқда. Филиал бундан кейин ҳам ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттиради. Айни чоғда, ўз фаолиятини ҳар қачонгидан такомиллаштиришга оид таклифларни мамнуният ила қабул қилиб, саховатпеша инсонларни ҳамкорликка чорлайди.
Ўз мухбиримиз
