6 феврал куни Тошкент вақти билан 06:17 да Туркиянинг Қаҳроманмараш шаҳрида 7,7 магнитудали, соат 15:24 да эса Элбистонда ҳам 7,6 магнитудали навбатдаги зилзила содир бўлди.
Бундан ташқари, мамлакат Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш ташкилоти (AFAD) берган маълумотга кўра, бу икки йирик силкинишдан ташқари 250 дан ортиқ афтершок (ер силкинишининг қайтиши)лар кузатилиб турган.
AFAD’нинг соат 19:00 ҳолатига (Тошкент вақти билан) берган маълумотига кўра, мамлакатнинг 10 та ҳудудида жами 1 498 фуқаро зилзила оқибатида ҳаётдан кўз юмди. 8 533 нафар фуқаро эса тан жароҳати олди.
Айни пайтда ҳудудларга 9 698 та қидирув-қутқарув ходимлари, 216 та автомашина ва 1 511 та қурилиш техникалари ажратилган. Ҳозиргача жами 2 834 та бино бузилгани хабар қилинмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги билан учрашувларда 50 та давлатдан жами 62 жамоа ёрдам таклиф қилган. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати ҳам 60 нафар ФВВ ходими, 3 та техника ва инсонпарварлик ёрдами жўнатишини маълум қилган.



