Ўзбекистонда ноқонуний дрон олиб кирганлик учун жазо енгиллаштирилиши мумкин

41

Амалдаги Жиноят кодексининг 244-4-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудига қонунга хилоф равишда учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг 14-мақсадида айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарликни либераллаштириш таклиф қилинмоқда.

Унга кўра, Президент Администрациясига жорий йилнинг охирига қадар учувчисиз учадиган аппаратлар (дрон)ни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш ҳаракатларини биринчи марта содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилашга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилади.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжат лойиҳасида бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун Жиноят кодексига белгиланган санкцияларга муқобил жазо чораларини киритиш ҳам назарда тутилади. 

Маълумот учун, амалдаги Жиноят кодексининг 244-4-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудига қонунга хилоф равишда учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.