Меҳнат таътилидаги ходимни ишга чақириб олиш мумкинми?

115

Давлат ишида ишлайман. Бир ҳафта олдин меҳнат таътили олгандим. Бугун кадрлар бўлими раҳбари қўнғироқ қилиб, ишга чиқишим кераклигини айтди. Унинг бу талаби тўғрими?
Л.С

Cаволга “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Мақсуд Мустафоев жавоб берди:

— Қонунчиликка кўра, ходимни фақат унинг розилиги билан таътилдан чақириб олиш мумкин.

Ходим иш берувчининг таътил тугамасидан ишга чиқиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажаришдан бош тортиши меҳнат интизомини бузиш дея баҳоланмайди.

Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга йил давомида бошқа вақтда берилиши ёки кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилиши керак.
Таътил иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин. Ходим шу йили ундан албатта фойдаланиши керак.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек, йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.