Матбуотнинг ўзи ўзгармаса, жамиятга таъсир қилолмайди

152

Сўнгги пайтда матбуотга эътиборнинг сустлашгани, аҳолининг ижтимоий тармоқларга боғланиб қолаётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Бунга бир томондан иқтисодий сабаблар важ қилиб кўрсатилса, иккинчи томондан Интернетнинг ривож­ланишига урғу бериляпти.

Босма нашрларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида Ўзбекистон ­Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сиё­сий фанлар доктори, профессор Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ билан суҳбатлашдик.

– Муқимжон ака, маълумки, давлат ва жамиятни демократлаштиришда ОАВ муҳим ўрин тутади. Азалдан сиёсий ҳаётни шакллантиришда босма нашрларнинг алоҳида ўрни бўлган. Бугунги кунга келиб аҳолининг босма нашрлардан узоқлашиб боришига сабаб нимада?
– Албатта, босма нашр мумтоз ахборот воситаси ҳисобланади. Радио ва телевидениенинг кашф этилиши ҳам газеталарни ахборот ­дунёсидан сиқиб чиқара олмади. Интернет тармоқларининг пайдо бўлиши ҳам босма ахборот воситаларига кучли зарба бера олмади. Агар эсласак, кино кашф этилганида кўпчилик «энди театр ўлди» деган. Лекин театр нафақат яшаяпти, балки янада ривожланиб ва такомиллашиб бормоқда. Газеталар хусусида ҳам шу каби фикр билдириш мумкин.
Газеталар тезкорлик билан ахборот етказиб беришда Интернет, радио ва телевидениега тенг келмаса-да ўзининг бошқа хусусиятлари билан пешқадам ўринни эгаллаб турибди. Ҳодиса, воқелик, турли вазиятлар ёки муаммоларни таҳлил этишда газетанинг олдига тушадигани йўқ. Газета қоғозда чоп этилади ва бу унинг узоқ даврларгача яшовчанлигини таъминлайди. Уни бир неча юз йиллар сақлаш имконияти мавжуд. Газетани дўстлар ва қариндошларга бериш ёки шахсий архивда сақлаш мумкин.
Газета ва журналларнинг ўз сайт­ларига эга бўлиши ҳам урфга айланди. Бу ҳам янгилик, албатта.
Энди аҳолининг босма нашрлардан узоқлашиш масаласига келсак, унинг бир қанча сабаблари мавжуд. Чуқур ислоҳотларни ўз бошидан кечираётган, бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатларда аҳолининг газетага обуна бўлиш ёки уни сотиб олиш имконияти анча чекланиб қолади. Шу билан бирга, газетадаги расмий ахборотларни эълон қилишда бир-бирини такрорлаш, аҳоли манфаатлари ва истакларини ўзида акс эттирадиган мақолаларнинг камлиги, ҳар бир газетанинг муайян ижтимоий қатламлар манфаатларига мослаша олмагани каби ҳолатлар газеталар нуфузини анча тушириб қўйди. Газета ўзининг муассиси бўлган ҳар бир давлат органи ёки нодавлат ташкилотлари муаммоларини аниқлаши, уларни бартараф этишга оид муҳокамаларни кучайтириши, ўзи таянадиган ижтимоий қатламларнинг ривожланиши учун интиладиган орган даражасига чиқсагина унга нисбатан қизиқишлар кучаяди.
– АҚШ, Япония, Германия каби тараққий этган мамлакатларда ижтимоий тармоқлар ривож­ланган бўлса-да, газеталар адади сезиларли даражада тушиб кетмаган. Уларда ўтказиладиган турли ижтимоий сўровларга кўра, аҳолининг газетхонлик даражаси 50 фоиздан юқори. Айтинг-чи, фуқароларнинг сиёсий маданиятини оширишда газета-журналлар қанчалик аҳамиятга эга?
– Биргина АҚШда 23 мингта даврий нашрлар, шундан 12 мингта газета ва 11 мингта журнал чоп этилади. Кундалик газеталар сони 1450 тани ташкил этади ва улар 55 миллион нусхада нашр этилади. Албатта, бу мамлакатда газеталарнинг яшовчанлигига асосий сабаб – уларнинг эркин ва мустақиллиги, шу билан бирга, давлат органларига тегиш­ли газеталарнинг мавжуд эмаслигида. Газеталарда мақолалар эълон қилишдан олдин аҳоли орасида социологик тадқиқотлар, сўровномалар ўтказилиб, қайси муаммоларни муҳокама қилишга эҳтиёж мавжудлиги ўрганиб чиқилади. Шундан сўнг, энг билимдон экспертлар ва малакали мутахассисларнинг мақолалари эълон қилинади.
Японияда кундалик газеталар 72,7 миллион ададда нашр этилади. Ҳар 1000 кишига 592 та газета тўғри келади ва бу борада Япония Норвегиядан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. 93,2 фоиз кундалик газеталар обуна қилиш йўли билан тарқатилади.
Ривожланган мамлакатларда босма оммавий ахборот воситалари аҳолининг ижтимоий-сиёсий онгини ўстириш, сиёсий маданиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Улар нодавлат ташкилотлар билан бир қаторда фуқароларни ижтимоийлаштиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам японлар ўз манфаатлари ва эҳтиёжларини ОАВ ва ННТ воситасида қондириш бўйича пешқадам.
– Мамлакатимиз ҳаётида бир давр бўлдики, матбуот­­да сўз эркинлиги бир қадар пасайди. Кишиларда босма нашрларга ишонч анча сусайди. Балки ўша даврнинг таъсириданми босма нашрларга муносабат ўзгармаяпти?
– Тўғри, матбуот кейинги чорак аср давомида ҳар томонлама – сиёсий, молия­вий ва ижтимоий сиқувлар ичида яшади. Газеталарда эълон қилинган мақолалар фақат мавжуд сиёсий тизимни мақташга қаратилди. Расмий ва норасмий цензура кучайди. Журналистик фаолиятга эркинлик, журналистларга эркин фикрлаш ҳуқуқи берилмади. Аҳолининг газеталарга нисбатан қизиқиши анчайин сўнди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётга нисбатан лоқайдлик кенг ­ёйилди. Миллатнинг ўзлигини англаш жараёни тўхтаб қолди.
Албатта, газеталарнинг ҳозирги ҳолатига ўтмишдаги нохуш турмуш тарзи ҳам кучли таъсир қилмоқда. Газеталарнинг формати, тили, уларда кўтариладиган муаммоларни ёритиш усуллари ўзгариши лозим. Ҳозирги пайтда таҳририятларнинг тобора чуқурлашиб бораётган ислоҳотларга нисбатан қарашлари билан газетхонлар дунёқараши ўртасида анча катта фарқ мавжуд. Ҳар бир меҳнат жамоаси ва яшаш мас­канларида рўй бераётган ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича ОАВда таҳлил этилиши лозим.
Яна бир муаммо шуки, газеталар таҳририятлари ва интеллектуал зиёлилар ўртасида яқин ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаган. Олимларнинг илмий ва ҳаётий таҳлиллари гўёки «газетхонлар учун тушунарсиз» деган қарашлар билан нашр этилмайди ёки уларни соддалаштириш оқибатида мақолалар ўз қадр-қимматини йўқотмоқда. Холбуки, аҳоли дунё­қарашида янги пайдо бўлган дастурий мақсадларни шакллантириш даврий нашрларнинг энг асосий вазифаси ҳисоб­ланади-ку!
– Бугунги кунда жамиятда блогерлик фаолияти оммалашиб бормоқда. Буни журналистиканинг янги йўналиши, деб қабул қилса бўладими?
– Блогерлик билан эркин ҳолатда шуғулланиш мумкин, айтиш мумкинки, буям бир хобби. Журналистика эса бу – касб. Журналист муайян илмий ва амалий билимларга эга, турли манфаатларни жамият ва давлат манфаатлари билан уйғунлаштира оладиган, ёзган ҳар бир хабари ёки мақоласига нисбатан масъулият сезадиган, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган мутахассисдир. Кўпчилик ҳолатларда блогерлар босим ўтказиш, давлат хизматчиларини қаттиқ танқид қилиш орқали ном қозонишга ҳаракат қилади. Тўғри, блогер ҳам журналист каби материаллар йиғади, ахборотлар тўплайди. Лекин у бирон бир ижодий жамоага тааллуқли бўлмагани учун ўзининг шахсий истак ва манфаатларини устун қўяди.
Қонунчиликда «Блогер Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бош­­қа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан, ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс» сифатида таърифланади. Мен блогерлик журналистканинг бир тури сифатида эътироф этилган манбани ҳали учратмадим. Таниқли ва машҳур журналист Владимир Познер блогерлик ҳақида бежиз қуйидаги фикрни билдирмаган: «Йўқ, бу журналистика эмас. Бунда киши ўз фикрини ифода этади. Бу яхши. Интернет унга яхши имконият яратиб беради. Буни журналистика билан адаштириб бўлмайди. Менинг назаримда, журналистика ахборотларни эълон қилиш билан шуғулланади. Ахборотларни эълон қилиш объектив, ҳаққонийлик асосида, у кимгадир ёқиши ёки ёқмаслигидан қатъи назар, кенг тарзда амалга оширилади. Иккинчидан, бу – ­масъулият ҳамдир. Сиз гапирган ёки ёзган сўзингизга жавоб беришингиз мумкин».
– Ижтимоий тармоқларнинг хабар тарқатишдаги тезкорлиги ва аҳолига қулайлигини инкор қилиб бўлмайди, албатта. Бироқ шу қисқа-қисқа хабарлар билан омманинг сиё­сий-ижтимоий савия­­си ва фаоллигини таъминлаб бўлмайди, албатта. Ёки бизда ижтимоий тармоқлардаги хабар ва маълумотларни саралаш, танлаш маҳорати етишмайдими?
– Ҳозирги даврда Интернетда, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мақолаларни бир хил мезонлар билан баҳолаб бўлмайди. АҚШ, Япония, Германия каби ривожланган давлатларда нашр этиладиган йирик газеталар ўзларининг рус тилидаги иловаларини ҳам ўқувчиларга тақдим этмоқда. Ёки энг ноёб ва қимматли адабиётлар – уч минг йил олдин Ҳиндистонда нашр этилган «Архашастра» (Сиёсат тўғрисида), академик Бартольднинг барча асарлари, Маргарет Тетчернинг бош­қарувга оид китоби, Ренессанслар даврида нашр этилган асарлар (бу рўйхатни давом эттириш мумкин) Интернет тармоқларига жойлаштирилган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардан жаҳондаги барча машҳур газета ва журналларнинг электрон вариантларини ҳам топиш қийин эмас. Кўриниб турибдики, Интернет тармоқларидан нафақат майда-чуйда ахборот ва материалларни, балки инсон тафаккурини бойитадиган манбаларни ҳам топиш мумкин.
Ана шу омиллар ОАВнинг аҳоли ўртасидаги ролини кучайтиришни тақозо этмоқда. Бугунги ўқувчи кечаги авторитар давлат фуқароси эмас, балки демократик тамойиллар асосида ривожланаётган, ўз қадр-қимматини сақлашга интилаётган инсондир. Шунинг учун ҳам, ҳар бир матбуот органи нафақат шаҳарлардаги, балки узоқ қишлоқлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни кенг ёритиши, одамларнинг ижтимоий ва маънавий фикр­лаш даражасини турли социологик усуллар билан ўрганиш орқали фаолият юритиши лозим. Газеталар халқимизнинг севимли ахборот манбаига айланиши керак. Бу – давр талаби.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
суҳбатлашди