АХЛОҚ ЧЕГАРАСИГА ДАХЛ ҚИЛАЁТГАНЛАР ёхуд бузуқ мафкуранинг ошкора тарғиботи

67

Бизга ёзадилар…

Нафиса ОРТИҚОВА,
Фарғона вилояти

«Шубҳасиз, кўпчилигимиз эртакларни бола қалби “ҳазм қилиши” учун осон ва ишончли манба сифатида қабул қилганмиз ва, шунинг учун ҳам, кўпчилик ота-оналар эртак китобларни болалар қўлига бемалол ишониб топширадилар. Бироқ гапни буёқдан эшитинг.

Фарзандларимга навбатдаги эртак китобни ўқиб берар эканман, юқоридаги ишончим бир лаҳзада синди. Чунки “Ақлли, идрокли, зеҳнли” деб номланган эртакдаги 18+ саҳналардан ҳайратда қотдим. Келинг, яхшиси эртакдан парча келтирай:

“…Бир замонда икки йигит мактабда бирга ўқиган экан. Шунда улардан бири гапдан гап чиқиб, “дўстликнинг ҳурмати, катта бўлиб уйлансам, биринчи кунни хотиним сенинг уйингда ўтказадиъъ, дебди. Орадан бир неча йил ўтибди. Кунлардан бир кун шу йигит тўй-томоша қилиб уйланибди. Йигит қиз билан гўшангада ўтирган вақтида берган ваъдаси эсига тушибди. У воқеадан хотинини хабардор қилибди. Қиз ҳам ноилож рози бўлибди. Қиз ярим кечада энг яхши кийимларини кийиб, қимматбаҳо безакларини тақиб, қайлиғи ўртоғининг уйига жўнабди…”

Ажабо! Бу нимаси? Дўстлик ҳурматини, мардликни болалар тасаввурига сингдиришнинг маънолироқ, муносиброқ усули йўқмикан? Бу каби сюжет билан болаларни эртароқ “етилиш”ларига қасд қилинганми деган савол туғилиши табиий. Ахир, бундай бемаъни эртакни ўқишга катталар ийманиб кетади-ку, қандай қилиб бир неча минг ададда хотиржам чоп этиш мумкин?

“Адабиёт учқунлари” нашриётига тегишли ушбу “Ўзбек халқ эртаклари” тўпламига қанчалар фаҳш ва разил тарбия сингдирилганидан тўпловчи ва муҳаррир хабардормикан деб ўйлаб қолдим. Улар ўзлари шу эртакни фарзанд, набираларига тутилмай ўқиб бера олармикин? Ёки масъуллар номи тасодийдир, балки?.. Ахир тобора урчиб бораётган “ишбилармон” нашрлардан буни бемалол кутса бўлади.

Кейинги эртак номи “Бўз бола”. Ўгай она қўлида қолишдек аянчли тақдирга бағишланган эртакдан бола фақат тушкун кайфиятда чиқади. Бу ҳам етмагандек боласига кетиши олдидан молидан илинган, ҳийлалардан бехабар отага “тик бориб”, ланъат руҳидаги шеър ҳам қўшимча қилинади:

“Подадаги қўйларинг ўн ошингга буюрсин,
Йилқидаги отларинг маъракангга сўйилсин.
Боғчадаги тўнларинг тобутингга ёпилсин
Ғазнадаги пилларинг тобутингга сочилсин!”

Гарчи, қаҳрамон ҳаётдан безиб кетган бўлса ҳам айбсиз айбдор отага нисбатан бу қадар очиқ дуойибат қилиб, болалар дийдасини қотириш шартмикан? Тўғри, булар тилдан тилга кўчиб юрган эртаклар, аммо замонга мос, қадриятларга содиқ ҳолда моҳиятни сақлаб ўзгартиришга, миллат маънавиятини бузмай моҳирлик билан етказишга ижод кишилари ҳақли ва масъулдирлар.
Эртак давом этар экан Бўз бола Ойпарчахонни севиб қолади. Қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам севгиси эртак ичида шунчалик бўрттирилганки, ифодалардан шаҳват сезилиб туради. Бировга унаштирилган қиз севгиси жўшиб, бошқа йигит билан қочиб кетаётгандаги мисраларни кўриб, баттар эсингиз оғади:

“…Иккала ёр жўнади
Эл уйқуга кирганда.
Қучоқлашди, ўпишди
Ой мўралаб турганда.”

Буниси нима дейсиз? Бу очиқ-ошкора миллат онгини заҳарлашга қаратилган иш эмасми? Шу жойда китобни ёқиб юборгим келди-ю, аммо тўхтадим: бехабарларга эслатма бўлсин деб нимадир ёзиш кераклигини ўйладим.

Аслида, бу эртак китоб болаларимга ҳадя бўлиб келиб қолганди. Яхшиям келиб қолгани, йўқса, таҳрири номукаммал, бузуқ мафкура сингдирилган китоблар орамизда қўлма-қўл бўлиб юрганини сезмасдик. Ўзимизга қолса, китобни саралаб танлайман. Суратларига, муаллиф ва мундарижа, имло, қоғоз сифатига эътибор бераман. Энг қизиғи, “Ўзбек халқ эртаклари” деб пешонасига ёзиб қўйилган бу китобнинг муқовасидан тортиб ички суратларигача рус халқ эртаклари суратлари босилган. Имлони гапирмасам ҳам бўлади: алмашиб, қўшилиб кетган ҳарфлар, бўғин кўчиришдаги, тиниш белгилардаги бетартибликлар… Муқовада “эртаклар” деб ёзилиб, сўзбошида “ибратли ҳикоялар” деб талқин кетган. Келажак эгаларига аталган китоблар шунчалик ҳам совуққонлик билан нашр этиладими? Ёки моддиятга урғу бериб, маънавиятни қурбон қилмаяпмизми? Саволлар кўп бироқ, жавоб бергувчилар топилармикан?