Ёшлар “маҳалладан вазирликкача” тизими орқали давлат идораларига бириктирилади

65

Бугун, 15 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда мамлакатда ёшларга оид олиб борилаётган давлат сиёсати таҳлил қилиниб, айни пайтга қадар эришилган ютуқлар санаб ўтилди. Шунингдек, келгусида бу борадаги ишларни давом эттириб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

Шу маънода, давлат раҳбари битирувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлашга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастурини амалга ошириш ташаббусини билдирди.

Бундан ташқари, ёшларни эътибор ва ғамхўрлик билан тўла қамраб олиш мақсадида улар “маҳалладан вазирликкача” тизими орқали давлат идораларига бириктирилиши белгиланди.

Ёшларга ажратилаётган маблағларнинг шаклланиши ва молиялаштириш жараёнларини рақамлаштириб, мақсадли йўналтириш вазифаси қўйилди. Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес кўникмаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.

“Ёшларимиз санъат, адабиёт, спорт соҳаларида ҳам интилувчан. Уларга бундай имкониятларни яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда “Маданият карвони” тадбирлари, фестиваллар, интеллектуал ва спорт мусобақалари ўтказилади. Ёшлар сайлгоҳлари, креатив парклар ташкил этилади”, – деди Президент.

Қолаверса, ёшларни ёт ғоялар хуружидан ишончли ҳимоя қилиш учун муқобил ахборот ресурслари яратиб, бойитиб бориш муҳимлиги айтилди.

Йиғилишда мутасаддилар жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ахборот берди.