Дунёда коронавирус пандемияси эълон қилинганидан буён роппа-роса уч йил ўтди. Бу даврда касаллик қарийб 6,8 миллион нафар кишини ҳаётдан олиб кетди. Энг ёмони, ҳозир ҳам қатор мамлакатларда эпидемиологик вазият мураккаб. Вирус Ер юзи бўйича ойига 80-90 минг одамнинг ўлимига сабаб бўляпти. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти «СOVID-19» пандемиясини яна уч ойга узайтиришга мажбур бўлди.
Боз устига, сўнгги ойларда турли минтақаларда «омикрон» штаммининг ХBB.1.5 субварианти кенг тарқалмоқда. У ҳозиргача бизга маълум мутациялар орасида энг юқувчани сифатида баҳоланяпти.
Аммо мутахассисларни ташвишга солаётган омил шундангина иборат эмас. Негаки, бу дард вақт ўтиши билан қатор хавфли асоратларини ҳам намоён қилмоқда.
Олти оғир тур
Шулардан энг кўп учраётгани – тромбоз. У ортиқча вазн, семизлик ва қандли диабет каби метаболик касалликлардан азият чекувчи беморларда, айниқса, кўп кузатиляпти.
Иккинчи хавфли асорат – юрак фаолияти бузилиши. Гап шундаки, вирус қон томирлари, ўпка, юрак ва бошқа органлар тўқималарига киргач, уларни йўқ қилиб, яллиғланишни келтириб чиқармоқда. Бу эса, ўз навбатида, миокардит юзага келишига сабаб бўляпти.
Учинчи хавфли асорат – депрессия ва хотира сусайиши. Пандемия бошланганидан буён шифокорлар «CОVID-19»ни бошдан ўтказган беморларда худди шу аломатларни қайд этишмоқда.
Тўртинчи хавфли асорат – инсульт. Бу мазкур инфекция оқибатида мия томирларида кузатилаётган яллиғланиш жараёни билан боғлиқ.
Бешинчи хавфли асорат – ўпка фибрози. Коронавирусли пневмонияга чалинган беморларда тегишли муолажалардан сўнг, ўпкада чандиқлар ҳосил бўлиб, бу нафас олиш самарадорлиги пасайишига олиб келади.
Олтинчи хавфли асорат – сон суяги, елка, тизза бўғимлари емирилиши билан кечмоқда. Оқибатда эндопротезлаш амалиётига муҳтож беморлар сони кўпаймоқда.
Тадқиқотчилар фикрича…
Швециялик олимларнинг коронавирус асоратлари юзасидан олиб борган тадқиқоти натижасида кўплаб амалиётчи шифокорлар кузатувлари ўз тасдиғини топди.
Яъни «СOVID-19»дан тузалган беморларда олти ой давомида тромбоз хавфи юқори бўлиши аниқланди. Мазкур ҳолат, айниқса, касалликнинг ўрта ва оғир шаклларини бошдан кечирганлар учун тааллуқли.
Тадқиқотчилар фикрича, бу вирусга қарши вакциналарнинг нечоғли аҳамиятли эканини яна бир бор исботлайди. Чунки эмланишдан сўнг одамларда қон қуюқлашиши ва томирларда тромб ҳосил бўлиш хавфи кескин камаяди.
Бир йилдан кўпроқ давом этган ўрганишлар давомида «COVID-19»га чалинган миллион нафардан ортиқ беморнинг саломатлик кўрсаткичлари тадқиқ этилди.
Маълум бўлишича, инфекциядан кейин уларда икки ойгача ички қон кетиш, шу жумладан, инсульт, уч ойгача оёқларда чуқур томир тромбози, олти ойгача ўпка тромбози ёки ўпка эмболияси хавфи ортган.
Тадқиқот яна шуни кўрсатдики, пандемиянинг дастлабки йилида беморларда тромблар ҳосил бўлиш кўрсаткичи коронавируснинг навбатдаги тўлқинларига нисбатан юқори бўлган.
Бу кейинги даврда вакциналар яратилиб, аҳоли вакиллари тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланаётгани, даволашнинг самарали стандартлари жорий этилгани билан боғлиқ.
Шунга қарамай, тиббиёт мутахассислари ҳозир ҳам баъзи беморларда «омикрон» штаммидан сўнг қон томирларида тиқинлар ҳосил бўлаётгани ва бу кўпроқ кучайтирувчи дозада вакцина олмаган аҳоли қатлами, айниқса, кекса ёшли инсонларда кузатилаётганини таъкидлайди.
Синдром бир неча ойда билинади
Дониёр АЛИМОВ,
Республика шошилинч
тиббий ёрдам илмий
маркази директори:
– Тромбоз тананинг бир ёки бир нечта қисми, масалан, оёқ, сон-чаноқ томирларида қон қуйқаси ҳосил бўлиши билан кечади. Улар қон оқимини қисман ёки тўлиқ тўсиб қўяди. Бу вақт ўтиши билан бир қатор касалликлар, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Агар тромб узилиб, қон оқими бўйлаб бориб, ўпка артериясига тиқилиб қолса, ўпка тромбоэмболияси ривожланади. Оёқларда тромбоз туфайли посттромбофлебит синдроми ҳам кучайиши мумкин. Бунда беморнинг оёғида қаттиқ шиш, зичлашиш, яллиғланиш ва кейинчалик яралар пайдо бўлади.
Замонавий тиббиёт «CОVID-19» билан касалланганлар қон томирларида тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори эканини тасдиқлади. Бу – коронавируснинг энг жиддий асоратларидан бири. Мазкур ҳолат ўртача 30 фоиз беморларда учрамоқда.
Кекса ёшли, тана вазни юқори, жисмоний фаоллиги чекланган, юрак-қон томир ва онкологик хасталикларига чалинган ҳамда ўпка эмболияси ёки чуқур томир тромбозидан азият чекувчилар хавф гуруҳига мансуб аҳоли тоифасига киради.
Кузатувларимизга кўра, «СOVID-19»дан кейинги синдром кўпинча касалликнинг илк белгилари пайдо бўлган пайтдан бошлаб бир ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин.
Ҳозир бу ҳолат шифокорларимизга яхши маълум ва шу боис тромбознинг олдини олиш учун даволаниш пайтида беморларга антикоагулянт терапия буюриляпти.
Бироқ касалликнинг енгил босқичида уй шароитида даволанаётганлар бу асоратлар пайдо бўлиши хавфига жиддий эътибор қаратмайди. Оқибатда маълум вақт ўтгач, улар саломатлигида ўзгаришлар кузатилаётганидан шикоят қилади.
Шу сабабли коронавирусдан тузалган беморларга вақти-вақти билан коагулограмма текширувларидан ўтиб туриш тавсия этилади. Бу орқали тромбоз хавфини самарали аниқлаш ва ўз вақтида даво чораларини кўриш мумкин.
Энг асосий тавсиямиз эса коронавирусга қарши ўз вақтида, тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланиш. Бу сизни нафақат касалликдан, балки унинг хавфли асоратлари, хусусан, тромбоздан асрайди.
Шифокорлар хулосасига кўра, коронавирусга қарши эмланиш нафақат унинг юқиши ёки оғир кечиши, балки хавфли асоратларидан ҳам ишончли ҳимоялайди. Айниқса, катта ёшли инсонлар, сурункали касалликка чалинган ва иммунитети заиф кишилар, биринчи навбатда, вакцина олишлари лозим.
Аслиддин БЎРИЕВ,
тайёрлади



