Балхдаги Алишер Навоий қабрига қўйилган ёдгорлик – қабртошни бузиб кетишган

40

Афғонистоннинг Балх вилоятида номаълум шахслар XV асрда яша ижод қилган шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг қабрига ўрнатилган ёдгорлик – шоирнинг сурати ва асарларидан намуналар ўйиб туширилган қабртошни бузиб ташладилар.

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ўз расмий муносабатини билдириб, унда Алишер Навоий ёдгорлигига зарар етказилгани ҳақидаги хабарни қайғу билан қабул қилганини билдирган.

Шунингдек, ушбу масала юзасидан ўзбекистонлик дипломатлар Афғонистон вакиллари билан боғланган ва улар “ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмаслиги”ни таъкидлаган.

“Номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади. Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар”, – деб ёзади Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ўз Twitter саҳифасида.