Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси пора билан қўлга тушди.
Судьялар олий кенгаши берган расмий баёнотга кўра, бугун, 17 феврал куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда Бош прокурорнинг Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси И. Б.ни Жиноят кодексининг 210-модда 2-қисми “в” банди билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган.
“Кенгаш хулосаси билан И. Б.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди ва унинг судьялик ваколати тўхтатилди”, – деб ёзади Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати якунда қабул қилинган қарор юзасидан.
Шунингдек, идора ахборот хизмати тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, авввалроқ ушбу судьянинг 16 февраль куни 4 минг долларни пора тариқасида олаётган вақтда қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
