“Ҳеч кимни сева олмаслик — энг катта бахтсизлик экан” ОИТС касаллигини бошқаларга қасддан юқтирган маҳкума ҳикояси 

123

Ҳаётимиз — бирда текис, бирда ўнқир-чўнқирликлар учрайдиган узун йўл. Бошга тушган синовлар кимларнидир жиноят кўчасига ҳам етаклаши мумкин. Журналистмиз, фаолиятимиз давомида турли хил тақдир эгаларининг ҳаётини ёритамиз. Бу сафарги суҳбатдошим бошқалардан ажралиб туради.

«Ishonch.uz» сайти аъзолари билан Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида бўлдик. Бу ердаги шароитларни ўргандик, маҳкумаларнинг бўш вақтлари қандай ўтиши билан танишдик.

Жазони ижро этиш колониясидаги аёлларни кузатиб, шу нарсага амин бўлдимки, уларнинг ўрни оилада, фарзандлари қучоғида. Маҳкума аёлларнинг юзидаги маҳзунлик албатта инсонни ўйга толдирмай қўймайди. Сафаримиз давомида кўпгина маҳбуса аёллар билан суҳбатлашдим. Аммо эндигина 21 ёшни қарши олган Н. исмли маҳкуманинг тақдири мени бефарқ қолдирмади…

«Болалигим бошқалар ҳавас қиларли даражада ўтган дея олмайман. Чунки болалигимни кўз олдимга келтирсам, онам билан дадамнинг ҳар кунги уриш-жанжаллари намоён бўлаверади. Синглим иккимиз бу жанжаллардан шу даражада безган эдикки, доим тинч оилада яшаш мазза бўлса керак, деган фикрда юрардик, ишонаверинг.

Оиланинг устуни бўлган дадамнинг онамни менсимаслиги, хизматкорга қилгандек муомаласи бизга оғир ботарди. Барча нарсанинг ўз ниҳояси бор бўлганидек, оиламиз мен 15 ёшга кирган пайтимда пароканда бўлди. Онам синглимни олиб, бувимникига кетди. Мен дадам билан қолдим. Дадам профессор бўлгани учун ўқишимга қаттиқ эътибор қиларди. Шунингдек, у киши академик лицейда дарс бериш билан бирга, ўқувчиларни олий ўқув юртига ҳам тайёрларди. Шон-шуҳрати ортидан бўлса керак, абитуриентлари кўп эди. Одатдаги кунларнинг бирида дадамнинг китоблари орасидан мен танийдиган қиз билан ишқий ёзишмаларини топиб олдим. Дадам онамга умри давомида бир мартта ҳам ишлатмаган ширин сўзларини шу хатга тўкиб-сочган эди. Айнан шу хат мен ҳаётда учраган энг қаттиқ зарба бўлди. Кунлар ўтаверди. Ўзимни чалғитиш, барчасини унутиш учун “кўча қизлари” билан танишдим. Сигарет чекишни, психотроп дориларни қабул қилишни ўргандим.

Онам орқаваротдан эшитиб, кўп бора ўзлари билан олиб кетишга уринди, аммо дадам қаршилик қилиб, жўнатмади. Мен эса ҳеч танлаган йўлимдан қайтай демасдим.

17 ёшимда мен қизлик иффатимдан айрилдим. Ўша куни менинг соф руҳим худди самога учиб кетгандек бўлди. Шу воқеадан кейин қаттиқ тушкунликка тушдим. Кўчага чиқмай қўйдим. Пушаймонлигим ич-этимдан адойи-тамом қилди. Охири дардимни онамга айтдим. Биласизми, ўшанда онамнинг мени юпатишини, қўй, қизим, сиқилма, муҳими, жонинг омонку дейишини кутгандим. Лекин… Онамнинг фиғони фалакка чиқди: уришди, қарғади, ҳолдан тойгунча йиғлади ва “Кўчадаги енгилтак дугоналаринг билан юравер, орзуларимни барбод қилдинг”, деб уйдан ҳайдади.

Ўша дам кимнингдир далдасига, юпанчига, ширин сўзига зор эдим. Ўйлаб қарасам, на яқин дугонам, на бошимни силайдиган ота-онам бор эди. Яна эски дугоналаримни топдим. Тунги клубларда ўйнаб, дардимни енгиллатардим. Топган пулимни сархуш қиладиган дориларга сарфлай бошладим. Ҳаётимнинг мазмуни ҳам, моҳияти ҳам фақат шу кетма-кетликдаги воқеликлар бўлиб қолди. Дадам пулини барибир кўчага сарфлайди деб, ортиқ пул бермай қўйди. Секин-секин танамни сотишни бошладим. Бу қанчалик жирканч иш бўлмасин, энди бошқа ишга бўйним ёр бермай қолганди. Ҳеч кимни сева олмаслик энг катта бахтсизлик экан. Очиғини айтаман, мижозларимдан нафратланардим, лекин кучли психотроп дориларга қарам бўлиб қолганим учун мажбур эдим. Дори ичмасам, ухлай олмасдим.

 

Ўша пайтлар эндигина 19 ёшга кирган дамларим. Мен тенгилар олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрар, айримлари эса гулдек оиланинг гўзал бекаси бўлган пайтлар эди. Саёқ юрган кунларимнинг бирида тунги клубда ички ишлар ходимлари рейд ўтказди. Мен каби 25 нафар қизни битта машинага солиб, ички ишлар идорасига олиб боришди. Сўроқ-саволдан кейин ҳаммамиздан ОИТС таҳлили учун қон олишди. Олдин ҳам бир-икки шундай ҳолатга дуч келган эдим, ҳар сафар қоним тоза чиққанига ўзимни эркин қўйган эдим. Бу сафарги таҳлил натижалари мен кутгандек бўлмади. Мен мижозларимдан ОИТС касаллигини юқтириб олган эканман.

Дод десам ҳам, бу касаллик ўлгунимча ҳамроҳ бўлишини ўйлаб сиқилдим. Ички ишлар ходимининг касалликни қасддан юқтирганлар жиноий жавобгарликка тортилади, деб айтганлари қулоғим остида эди. Лекин мен бундай қилмадим. Аламзадаликда буни барчадан яширдим. «Мижозларим» орасида ҳатто рафиқаси фарзанд кутаётганлари ҳам бор эди. Уйида ўзининг ҳалол хотини бўлса-да, кўча қизларига меҳмон бўлишини кечиролмасдим. Шу худбинлик касалликни ўйламай-нетмай бошқаларга юқтиришимга куч бериб турди…»

Шу онда маҳкума узоқларга тикилиб, йиғлаб юборди. Қилмишларидан уялаётгани, чин дилдан пушаймонлиги шундоқ юз ифодасидан, кўзларидан билиниб турар эди. Очиғи, бундай нозик паллада ўзим ҳам нима деб тасалли беришни билмаётгандим. Ўзини қўлга олгач, у сўзлашда давом этди.

«Бироқ кейинги рейд тадбирларида қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилдим. Суд бўлди. Судланмаганим, айбимга иқрор бўлиб, бошқа такрорламайман деганим учун жазони енгил беришди. Тўрт девор ва сим тўсиқлар ортидаги ҳаёт озодликдаги ҳаётдан бутунлай фарқ қилади. Мана шу паллаларда «кўзим очилиши» керак эди. Афсуски, хом сут эмган бандалармиз. Озодликка чиққанимдан кейин яна олдинги ҳаёт тарзимда яшай бошладим. Онамнинг саратон билан курашаётгани ҳам мени бу йўлдан қайтара олмади. Эҳ, ўшанда онам сўнгги кунларини яшаётганини ҳис қилганимда эди, балки уларнинг ёнларида кўпроқ қолган бўлар эдим. Эркинликдаги ҳаётимга эндигина 2,5 ой бўлганда яна ички ишлар ходимлари жиноят устида қўлга олишди. Бу сафар узил-кесил 5 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. Суд қароридан кейин яна қамоқхонага келдим. Бу ерда яқинлар соғинчи жуда қийнайди. Ҳар ой уйдагиларга, онамга бир мартта қўнғироқ қилишга рухсат беради. Бир ойда бир бўладиган 5 дақиқалик суҳбатни бошқача кутардим. Иккинчи маротаба қамалганимга эндигина 4 ой бўлган пайти уйга қўнғироқ қилсам, онамнинг вафот этганини айтишди… Бу ҳаётда ушлаб турувчи яна бир илинжим узилгандек бўлди…

Онамнинг кўнглини олмаганимдан, фарзанд бўлиб, сўнгги манзилга кузата олмаганимдан қаттиқ афсусландим. Онам ҳаққига тинимсиз дуо қилишни ўргандим.

Орадан кўп ўтмай дадамнинг ҳам вафот этганини эшитдим, аммо онамга куйганчалик куймадим. Ҳаётимни издан чиқарган воқеа ҳам айнан дадамнинг ишқий мактуби эди. Яна мени энг кўп пушаймон қилдирадигани ОИТСни юзлаб инсонларга қасддан юқтирганим бўлган. Ота-оналарнинг севимли фарзандларига, кимнингдир ёрига, яна жажжи болажонларнинг отасига тузалмас дард берганим билан улар хотирасида қолган бўлсам керак.

Ота-онамнинг вафотидан кейин ҳаётнинг нақадар бешафқат ва қисқа эканини англадим. Жазо муддатим тугаб, бу ерлардан чиқсам, биринчи бўлиб ота-онамнинг қабрларини зиёрат қиламан. Синглим билан жудаям аҳил бўламан. Бир умр ёлғиз яшамоқчи эмасман, ўзимга ўхшаган ОИТСга чалинган инсон билан турмуш қуриш ва фарзандлик бўлиш ниятим бор. Биринчи марта қамалиб чиққанимдан кейин ёши каттароқ инсон касаллигимни билишига қарамасдан «Ўзим сизни бахтли қиламан, менга турмушга чиқинг» деганди. Мен бўлса, «Мен ёшман, сизнинг ёшингиз катта» деб рад қилгандим. Ўша одамни ранжитганимга афсус қиламан. Балки шу инсонга текканимда, ҳозир фарзандларимга қараб ўтирган бўлармидим.

Жазони ижро этиш муассасимизда тарбиячилар сен касалсан, сен одам ўлдиргансан деб ҳеч кимни камситмайди. Ҳеч ким бировнинг жиноятини юзига солмайди. Биз билан бирга ишлайдиган психологлар келажакда яхши ҳаёт кечиришимиз учун кўп маслаҳат беради. Тиббиёт ходимлари эса ОИТС га чалинган маҳбус аёлларга давлатимиз томонидан бепул бериладиган дориларни ўз вақтида беришади. Парҳез овқатларимизга қарашади. ОИТС да одамнинг ҳеч қаери қаттиқ оғримайди, фақат ҳолсиз бўлиб юраман ва ҳаво иссиқ бўлган пайтлари қийналаман. Яна бемалол «кесарча» амалиёт билан она бўлишимиз мумкинлигини айтишади. Шунинг ўзиёқ жуда катта умид ва куч беради.

Лекин онамнинг ёнида кўпроқ бўлолмаганимга афсус қиламан. Бошқа инсонга тегишли биргина хатни деб ўз ҳаётимни бузганимдан, биринчи мартта қамалганимда, бундан тўғри хулоса чиқармаганимдан пушаймонман. Ўзимни умримни охиригача кечира олмасам керак…

Озодликда юрган инсонларга нима ҳам дердим? «Ҳалол яшанг. Умр бир марта берилади. Уйланган эркаклар, илтимос, ўзингизга раҳмингиз келмаса ҳам, бегуноҳ яқинларингизни авайланг. Озодликдамисиз, истаган жойингизга бемалол бориб келяпсизми, юмшоқ ўринларда ухлаяпсизми, истаган таомингизни еб, яқинларингизни кўриб турибсизми, ҳаммасига ШУКР қилинг. Озодликнинг қадрига етинг», дейман, холос.

Кичкина жуссаси билан шунча синовга бардош бераётган, жондан азиз яқинларини умрбод йўқотган қизни имконим бўлса-ю, ота-онасининг қабрига олиб борсам, деган ўйлар ўтди. Яхшики, биз қонун устувор бўлган давлатда яшаймиз. Ҳар бир жиноятга албатта жазо муқаррар. Маҳкумаларнинг тақдирини эшитар эканман, жиноятга нафақат инсоннинг ўзи, балки атрофидаги муҳит ҳам сабаб бўлишини англаб етдим. Оғир ўтган иш кунидан сўнг уйга қайтар эканман, нақадар ношукр эканимизни ўйладим. Нима бўлганда ҳам, суҳбатдошим айтганидек, ҳаёт инсонга бир маротаба берилади. Токи тирик эканмиз, уни чиройли яшашда давом этайлик.

Маҳкуманинг сўзларини

Феруза РАҲИМОВА оққа кўчирди.