Эркак киши ёш болани қўлидан ушлаб тортгани, бола ундан қочиб кетгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ баёнот берди.
Шу йилнинг 19 февраль куни соат 12.35 ларда Яшнобод тумани Авиасозлар-2 даҳасидаги 151- умумий ўрта таълим мактабида номаълум шахс шу мактаб ўқувчиси, 2011 йилда туғилган М.О.ни тўхтатиб, қўлидан ушлаб, “Шу мактабда ўқийсанми?” деб сўраган. М.О. нотаниш одам билан гаплашмаслигини айтиб, уни қўйиб юборишини сўраган. Кейин уйига кетган.
Бола ҳозир ота-онасининг ёнида, соғ-саломат.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Ўрганишлар жараёнида видеода акс этган шахс 1994 йилда туғилган М.У. экани аниқланган. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
